Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 33

ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
СЕВГИ ХУДОЛАРИ

Оглавление

Келдилар жимгина, қатъият билан

(Биз бундай бормаганмиз!.)

Ҳаёли, иффатли қизлар қошига.

Келдилар бир вужуд олов сингари.

Андиша қилмасдан,

“Севаман” демай,

“Уйланаман!” дедилар рўй-рост!

Бундай ташриф бўлар фақат ёшликда.

Келдилар бетакрор бир сўз мисоли

Оташ лабларига ўшал тунларнинг,

Бетакрор тунларнинг!

Келдилар – туйғулар алифбосининг

Энг хомуш, энг нодир ҳарфлари каби.

Хотиржам кўзларда вулқонлар билан

Хотиржам келдилар, портламай

Айтдилар қизларга “Меникисан!” деб.

Шундай хотиржамлик бўлсайди бизга,

Биз бундай севмаганмиз!

Биз ҳайқириб бўлдик севгини,

Ҳатто ном қўйдик унга.

Юраклар – муқаддас сирлар ватани

Кир оёқлар билан топтаб ташланган.

Вафонинг зарриндир тишлари –

Олтин табассумлар ялтирар маккор.

Улар-чи?.. Келдилар.

Энди кетарлар

Оққушлар кетгани каби кўллардан,

Оҳулар кетгани каби чўллардан,

Кетарлар муҳаббат девонларидан

Қартайган қўлларин олиб оҳиста.

Дод солар ажинлар.

Кампирлар боқар,

Тоғлар боқмоқдалар жим-жит, осуда.


Улар кетмоқдалар шундай хотиржам,

Бизнинг бақириқлар остида,

Ўз йилларин сукути узра

Улар кетмоқдалар сокин, осуда,

Улар кетмоқдалар –

Сокин худолари севгининг.


1980

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх