Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 32
ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
БЎРИ ЧЎПОННИНГ ЎҒЛИГА НАСИҲАТИ
ОглавлениеЎзимни кўраман мен кўзларингда,
Муштларингда – ўз муштларимни.
Билакларинг – менинг ёшлигим,
Ғазабингда жаҳлим бор менинг.
Демак, ишонаман сенга сурувни,
Демак, қариш мумкин бемалол.
Яхши танийдилар бўрилар уни,
Мана, ўғлим, таёғимни ол.
Олгин, аммо унутмагин сен
Бу адирлар, бу тоғлар – Ватан!
Бу сурув ҳам Ватандир сенга,
Уни асрагин!
Яхши танийдилар бўрилар мени,
Улар билан тўқнашувларда
Бўридай олишдим, бўри бўлдим мен.
Итларга ишонма сен ҳам мен каби,
Итлар ухлаб қолса, ўзинг ит бўлгин,
Қўзичоқ бўлмагин ҳеч қачон, ўғлим!
1980