Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 40

ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
ИСМ

Оглавление

Гўдаклар қуёшдан нур эмиб,

Талпиниб, интилиб улғайган жойда,

Сойларнинг бўйида дарахтлар

Чўмилиб чиққан жувонлар мисол

Тўпланишиб турган маконда,

Дарёлар мавжига қизлардек отлар

Сочдай ёлларини ювган ерларда

Сен туғилдинг бир ел сингари,

Бир эпкин сингари

       ва йўлга тушдинг.

Йиллар нега шоширар мени?

Яқинлашиб келяпсан сен,

Сен келяпсан менинг боғларим,

Менинг саҳроларим остонасига.

Эҳтиёт бўл, изғиринлар бор!

Кўз билан нур тўқнашган каби

Сен тўқнаш келасан ёниқ гулханлар

Атрофида мен қолдирган қўшиқлар

                   билан.

Оғриқларим дарахтига қўнасан қушдай,

Шаҳрисабзда қизлар билан “Ёр-ёр” айтасан,

Мажнунтолдай эгиласан булоқлар узра.

Йиллар нега шоширар мени?..

Катта орзулар бор кичик юракда,

Дардлар оғирдирлар харсангтошлардай…

Тун,

Қоғозларим саҳросига қора қор ёғар ‒

Менинг ҳарфларим.

Яқинлашиб келяпсан сен,

Яқинлашиб келаётгандай лабга пиёла ‒

Севинчларга лим-лим пиёла,

Шивирлай оламан мен сени, холос…


1980

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх