Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 42
ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
ШОИР
ОглавлениеУ билан танишдик ётоқхонада,
Сочлари яширган қулоқларини.
Қудрат бўртиб турар мускулларида,
Кўзларида саҳройи дардлар.
Аъло ўқирди у дорилфунунда,
– Шоир бўлишимга, – дерди у, –
Халал бермоқдадир балки баҳолар…
Кейин дафтар олди,
Шеърлар ўқиди,
Бир шеърлар ўқиди –
Сатрларида
Гуриллаб уйғонди моторлар.
Қизларнинг кўзимас, негадир
Унинг шеърларидан боқарди
Чироқлари машиналарнинг.
Унинг шеърларидан гуллар атримас,
Негадир анқирди ёнилғи иси –
Қорамой ҳидию бензиннинг ҳиди.
У шеърлар ўқиди ютиниб, қалқиб,
Менинг кўзларимда туғилди йўллар,
Атрофимга йиғилди йўллар –
Олис ва ойдин йўллар.
У шеърлар ўқиди…
Кейин жим қолди,
Кейин жаҳли чиқди, шеър дафтарини
Телбаларча отиб юборди.
Кейин…
Кейин у мен билан бирга яшади,
Бир неча ой яшади ёниб,
Ёниб-йиғлаб шеърлар ёзди у,
Ёниб-йиғлаб тўзиб, озди у.
Сўнг менинг устимдан кулди:
– Буюкман!
Сўнгра…
Мускуллари қаршисида ўз шеърларидан
Уялгандай – ёзганларини,
Дафтарларни йиртиб ташлади.
– Кетаман! – деди у. – Бўлмайди! –
Рулни соғинибди қўлларим.
– Кетаман, – деди у, – кўзларим
Соғинибди чексиз-чексиз асфалт йўлларни!
(…Биринчи курс тугамаган,
Аудиторияда
Боқар ёлғиз бўшаб қолган жой…)
У кетди…
…Тунлар уйғонаман, бўйнимга
Йўллар осилади қўллар сингари.
Машиналар чироқлар билан
Тунни қувлаб юрар узоқ рейсларда.
Асрагин!
Ўзинг асра энди уни, йўл,
Бурилишларда –
Сирпанчиқ, хатарнок бурилишларда
Ўзинг асра энди уни, йўл!
Бўронли довонлар устида
Ўзинг асра энди уни, йўл!..
Шоир бўлиб туғилади бунда болалар,
Шофёр бўлиб ўтар оламдан…
1979, 1980