Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 39
ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
ИЗОҲ
ОглавлениеУлар кўп айтилди
Ҳар хил оҳангда,
Ҳар хил урғуларда,
Ҳар хил бўёқда.
Туйғуларни безаб товушлар,
Шивирлашлар фош қилдилар
эҳтиросларни.
Улар кўп айтилди,
Мана, у сўзлар –
Қарғалардай сочилган бугун
Туйғуларнинг оқлиги узра.
Сўзларни унутгин,
Айтма уларни!
Сўзлар бугун алдаши мумкин,
Сўзлар адашиши мумкин,
Айтмагин.
Туннинг бўлса кўзлари катта,
Ҳаёнинг қизарган юзин беркитиб,
Хотиржам боқмоқда бу катта кўзлар.
Уйғотма ухлаган талаффузларни!
Мендан сўз сўрайди ҳар кеча сўзлар –
Айтилган сўзлар.
Сув сўраган каби сувсиз ариқлар,
Меҳр сўрагандай сўзсиз оғриқлар –
Мендан сўз сўрайди ҳар кеча сўзлар.
Балки мен шеър эмас,
Тарих ёзяпман –
Айтилган сўзларнинг тарихин…
1980