Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 46

ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
ПЕШОНА ХУСУСИДА

Оглавление

Бу дунёда бир китоб бор, ўқий олмайман,

Унга дилга яқин якун тўқий олмайман.

Менинг умрий ёзмишларим унда жамланган,

Фаслларим бир варақда мужассамланган.


Қанча хорлиғ кўргум бордир, қанча зорлиғлар,

Қанча ғурбат, айрилиқлар, қанча ёрлиғлар,

Бари шунда битилгандир яхлит сарбасар,

Шулдир асли дунёда энг мухтасар асар.


Унга сабру бардош бермоқ хўб амал эрур,

Чунки у ҳар жиҳатдан ҳам мукаммал эрур.

Хато бўлмас унда асло, бўлмас камчилик,

Ўзгармайди ўзгартирмоқ бўлсанг қанчалик.


Гоҳи нурсиз, гоҳи порлоқ, рахшонам менинг,

Қийин китоб, оғир китоб пешонам менинг.

Дўстим, сенга пешонамас, кошона берди,

Менга эса, шундай мушкул пешона берди.


Туғилмасдан мен шундайин хатларга тушдим,

Илоҳ ўзи амр этган ўтларга тушдим.

Эй ёр, надир бу дунёда ному нишонлар?

Мен билан сен айрилганмиз аллақачонлар.


Бу китобни мен ўзгага бера олмайман,

Пешонамни тошга уриб ёра олмайман.

Унда неки ёзилмишдир – бари муқаррар,

Таҳрир қила олмас уни бирор муҳаррир.


1991

АСАРЛАР (II жилд)

Подняться наверх