Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 64

ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
ОЙБИБИ МОМО ВИДОСИ

Оглавление

Бу дунёда кексайди-ку сафарим,

Баробардир энди шому саҳарим.

Кетсам энди қайтиб келмас хабарим,

Кўнгилларим болишлардай бўш энди,

Сўриларим, айвонларим, хўш энди.


Сўнгги дамда ёшга тўлган дийдалар

Аро кўрдим, гулни тўкар жийдалар.

Райҳонларим ғуж бўлишиб дийдирар,

Айлаюрман кўзёшларим нўш энди,

Чойнакларим, қумғонларим, хўш энди.


Бутун умр кўрпа қавиб, куймандим,

Тўйлар қилдим, лекин тўйга тўймадим.

Сирож, сенинг тўйларингни кўрмадим,

Кўрган барча у тўйларим туш энди,

Кўрпаларим, тахмонларим, хўш энди.


Тонг саҳардан ёмғирми ё ғам ёғар,

Соғин тарғил оғилдан сағир боқар.

Мендан кейин тарғилимни ким соғар?

Сузмахалтам қолгаймикин бўш энди,

Сут-қаймоғим, айронларим, хўш энди.


Эрта-индин бунда қолмас изларим,

Тахланур, сўнг ташланур кигизларим.

Сочингизни юлманг, бўлди, қизларим,

Энангизнинг жони мисли қуш энди,

Учгай-кетгай, гирёнларим, хўш энди.


Манманликнинг ҳавосига учманглар,

Чироғ ёқинг, лек чироқдай ўчманглар.

Мен яшаган бу уйлардан кўчманглар,

Боғлар бўлдим букун сўнгги кўч энди,

Ҳовли-жойим, ўғлонларим, хўш энди.


1991

АСАРЛАР (II жилд)

Подняться наверх