Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 49
ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
ЮЛДУЗ ҚЎШИҒИ
ОглавлениеОсмонларнинг қаърида,
Қаҳратонлар қаҳрида,
Изғиринлар заҳрида
Ҳазин кулган юлдузман.
Мискин маъво эдим мен,
Кўп серсавдо эдим мен,
Зору танҳо эдим мен,
Бағрим тилган юлдузман.
Зулматларга тик келдим,
Шабнам бўлиб тўкилдим,
Гул баргидан тикилдим,
Маъюс қолган юлдузман.
Не кўйларга тушмишман?
Гоҳ олмос, гоҳ кумушман,
Ҳижронларга танишман,
Фарёд қилган юлдузман.
Айтсам дилда зоримдан,
Гуллар унгай қорингдан.
Кечиб йўғу боримдан
Нурга тўлган юлдузман.
Сен, эй синглим, сен оғам,
Ўтгай алам, ўтгай ғам,
Бир дардим бор менинг ҳам,
Мен дард билган юлдузман.
Кўпдир дўсту ёр, юрак,
Қанчалари нокерак.
Гардишларингдан, фалак,
Сабоқ олган юлдузман.
Шомлар аро чўмгайман,
Балки бир кун сўнгайман,
Умр – чақмоқ, унга ман
Балдоқ илган юлдузман.
Дунё тўлуғ сасларга,
Риёлар, ғаразларга.
Кўнгли қаро касларга
Армон бўлган юлдузман.
1991