Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 48
ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
«Она, сизнинг ёнингизда қололмадим…»
ОглавлениеОна, сизнинг ёнингизда қололмадим,
Кўзингизга гард қўнди, мен ололмадим.
Бу дунёда ҳаловату ором надир?
Оромингиз олдим, ором беролмадим.
Остонамиз кузатгайдир баҳорларни,
Хазонларга алмаштириб ифорларни.
Барглар ҳикмат айтса тирнаб деворларни,
Таскин бериб қошингизда туролмадим.
Қишлар бунда оқ дастурхон тузатгайдир,
Қисмат яна не ўйинлар кўрсатгайдир?
Ўчоғдаги олов сизни иситгайдир,
Мен шу ёнган қўрчалик ҳам бўлолмадим.
Тинди йиллар, тинди олам ёғинлари,
Селларнинг ҳам бор-ку сўнги, охирлари,
Тинмади ҳеч юзингизнинг ёмғирлари,
Мен бир насим бўлиб етиб келолмадим.
Кўнгил йўлин бошдин-оёқ меҳнат кўрдим,
Йўлда ётган хасда ҳам бир зийнат кўрдим,
Бировларга кўнгил бериб миннат кўрдим,
Манглайимни тошга уриб ёролмадим.
Умр деган новдадаги қушдай экан,
Оқибатнинг эса мағзи пучдай экан,
Дунёлари кечаги бир тушдай экан,
Мен бу тушнинг таъбирини билолмадим.
Шом чоғида қолдингизми толиб яна?
Заъфарондай сарғайиб ҳам сўлиб яна?
Шунча алам етмагандай, келиб яна
Бор дардимни сизга тўкдим, уёлмадим.
1991