Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 52
ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
ДУНЁ ҚИССАСИ
ОглавлениеДунё, сенинг аламларинг ҳар он чиқар,
Бир ёнинг мунг, бир томонинг шодмон чиқар.
Сен ўйинсан, не зотлар саргардон чиқар,
Қанчалари сен бирла андармон чиқар.
Доноларинг рафторингни илғаб кетган,
Найрангларинг бағирларин тиғлаб кетган.
Кун кўрмайин бутун умр йиғлаб кетган,
Алар бари наҳот энди нодон чиқар?
Биров сени вайрон дейди, барбод дейди,
Биров эса ғурбат дейди, фарёд дейди.
Яна биров қўш эшикли работ дейди,
Кимдир йиғлаб, кимдир эса хандон чиқар.
Боқиймидур сенинг ранжу жабрларинг?
Сен чигал туш, айтиб бўлмас таъбирларинг.
Қайда қолди Улуғбеклар, Бобурларинг,
Яна қачон алар янглиғ султон чиқар?
Мен ҳам сенинг кўйларингда тўкилганман,
Меҳр истаб, қумлардаги юлғундайман.
Кўнглим қолган сендан ҳам, ўз кўнглимдан ҳам,
Менга берган ул гулларинг сўлғон чиқар.
Кўксим ичра умидларим ачийдилар,
Сени бунча талашиб ҳам ташийдалар?
Булар охир бир-бирларин ғажийдилар,
Мен дил берган инсонларинг ҳайвон чиқар.
Қасрлари қолгай ўйлаб қарасалар,
Умр ўтиб, даврон кетиб қарисалар,
Қаро ерни бориб бир кун қазисалар,
Ҳамма учун бир хона, бир айвон чиқар.
1991