Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 50

ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
МЕЗОНЛАР

Оглавление

Ўртамизда гумонлар қолди:

Яхшилар йўқ, ёмонлар қолди.

Севгимиздан туманлар қолди.

Ўтди бари, тарқалди бари,

Ҳаволарда мезонлар қолди.


Йироқларда чўкдилар тоғлар,

Тўкилмишлар ёшдай чироқлар.

Заминга ҳам тушмиш титроқлар,

На жамбил, на райҳонлар қолди,

Ҳаволарда мезонлар қолди.


Ой нур қуйган дилларимиздан,

Кун юз ювган йилларимиздан,

Бирга узган гулларимиздан

Мунглуғ барги хазонлар қолди,

Ҳаволарда мезонлар қолди.


Олам ниманидир тинглайди,

Юлдузлари юзни тирнайди,

Гўзал кунлар тушга кирмайди,

Тунлар ичра армонлар қолди,

Ҳаволарда мезонлар қолди.


Осмонларга қараб йиғлагил,

Сочларингни тараб йиғлагил,

Мезонлардан сўраб йиғлагил:

Ул фасллар қаёнлар қолди?

Ҳаволарда мезонлар қолди.


Дунёнинг кўр гўшаларида,

Сайҳонлари, пушталарида,

Узилган дил ришталаридай,

Биздан шундай нишонлар қолди:

Ҳаволарда мезонлар қолди.


1991

АСАРЛАР (II жилд)

Подняться наверх