Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 61
ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
«Кичик қалбим кенг жаҳонга сиғмайди…»
ОглавлениеКичик қалбим кенг жаҳонга сиғмайди,
Кечалари зирқирайди, сиқтайди.
Ҳеч ким дардим ҳосилини йиғмайди,
Ишқим боғи хомуш-хомуш йиғлайди.
Бунча мунглуғ бу дунёнинг сойлари,
Сойларида йиғлаб борар ойлари,
Сарғаймишдир кўнглим қолган жойлари,
Юлдузлари – кумуш-кумуш, йиғлайди.
Йўқотганим оқ тулпорми, кўк тулпор?
Мен билмайман, нима бўлди сўнг тулпор?
Дилларимда йиғлаб ўтар ўн тулпор,
Белларимда ўн Алпомиш йиғлайди.
Дунёсидан умидларим шулмиди?
Дил берганим тиконми ё гулмиди?
Ёнганимнинг натижаси кулмиди?
Бегона кул менга таниш йиғлайди.
Бошни энди балоларга шай қилсам,
Ўз ғамимни ўз танимга май қилсам,
Саҳроларнинг қамишини най қилсам,
Оҳлар урсам, ойлаб қамиш йиғлайди.
1991