Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 63
ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
КЎЗ ТЕГИШИ
ОглавлениеДўстим, сенинг юзларингга юз тегди –
Тушингга ҳам кирмаган бир қиз тегди.
Сенга қанча ширин-шакар сўз тегди,
Менга эса, менга фақат кўз тегди.
Кўз тегдию хазон бўлди гулзорим,
Жардин учди чақиндай зўр тулпорим.
Бир кўз аввал жигаримни куйдирди,
Сўнгра олтин эгаримни куйдирди.
Менда ҳам бир дил бор эди айтарлик,
Кўз тегдию пайдо бўлди бир жарлик.
Ёшликдаги кўзларим ҳам туш энди,
Ин қурмишдир бир жуфт мискин қуш энди.
Осмондаги оймидир ё туморми?
Кимдир мени кўзларига кўмарми?
Сенга зарбоф тўну менга бўз тегди,
Мени қўйгил, дўстим, менга кўз тегди.
Боғим бору вале йўқдир самарим,
Сўлғинлашиб бородур гул, қамарим.
Кўнглим совуб қолди, унга муз теккан,
Кўксимдаги оловимга кўз теккан.
Аҳволима ёлғиз онам йиғлайди,
Ғариб умрим, бўм-бўш хонам йиғлайди,
Кўркам, зангор кўкламимга куз теккан,
Гуркираган дарахтимга кўз теккан.
Бунча мунглуғ бўлиб қолди жаҳоним,
Ўқим кетган, қўлда қолмиш камоним.
Тиконлардай мадда бойлаб, йиринглаб,
Вужудимда зирқирайди киприклар.
1991