Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 58
ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
БИР ХАЁЛ
ОглавлениеДунё бирдан ғимирлади,
Дашту қирлар қимирлади,
Сокин сувлар жимирлади,
Чўкиб турган карвонлардай
Тоғлар ногоҳ юриб кетди.
Кўтарилди чанг-тўзонлар,
Совурилди хас-хазонлар.
Қалқди қирғоқлар, ўзанлар,
Тўғри оққан дарёлар ҳам
Тескарига уриб кетди.
Титрайди ёр сирғаларинг,
Бир бор куйиб йиғламадинг,
Сен кўнглимни илғамадинг.
Эсиз, эсиз кўнгилларинг
Бу дунёдан ғариб кетди.
Тадбир сенинг, таскин сенинг,
Илоҳ, дилда аксинг сенинг,
Ҳар шуълада рақсинг сенинг,
Қисмат бу кеч қўлларимга
Шу кўзгуни бериб кетди.
Бу сўнггиси хабарлардин,
Ўтлар сачрар қабрлардин.
Юлдуз сўйлар хатарлардин,
Риёлар, кирдикорлардин
Дунё ўзи ҳориб кетди.
Эсиз, эсиз шундай жаҳон,
Ўтди аёну ноаён.
Борлиқ қаён, йўқлик қаён?
Лайлакқордай ёққан одам
Лайлакқордай эриб кетди.
1991