Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 62
ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
ПУШАЙМОНЛИҒ
Оглавление(“Таназзул” драматик достони учун)
Худовандо, манинг кўнглимни шод эт,
Чигал мушкулларимни сен кушод эт.
Мисоли билгисиз бир шарпадурман,
На сомондирману на арпадурман.
Самарсиз ўтди бор сўзу гудозим,
На рўзам бордиру ва на намозим.
Хижилдурман баҳору ёз, қишимдин,
Ҳушимнинг фарқи йўқ асло тушимдин.
Ки мен бўронлар ичра бир дарахтман,
Даҳр тўзонлари узган варақман.
Бу олам миннату фарёду ёддир,
Отамдин менга қолғон хотиротдир.
Хаёл кўкида йўқдир ул ҳилолим,
Маҳолим кўп, маҳолимдин малолим.
Руҳ ичра зарра ёруғлик кезинмас,
Дилим ўтига япроқ ҳам исинмас.
Чопибман шунча йилларким, толибман,
Пушаймонлиғ деган ҳосил олибман.
Бу ҳосилдин бировга берса бўлмас,
Бу ҳосилни бировлар терса бўлмас.
Бу ҳосил жизғанак бўлган бағирдир,
Тахирдир ул, тахирдир ул, тахирдир.
Шу янглиғ мен надоматга тўлиқман,
Агар бедор, валекин уйқулиқман.
Хазонлиғ боғларимга бергил оро,
Мени йўлингга сол, парвардигоро!
Демасман, менга давлат беру дур бер,
Қоронғу кўнглима бир тола нур бер.
Яна дил ичра ишқ рахтин ато эт,
Саҳар бедор бўлиш бахтин ато эт.
1991