Читать книгу Ҳар кимнинг ҳаққи бор бахтли бўлишга… - - Страница 7

НАҲОТ СЕВГИМ

Оглавление

Наҳот севгим кимсасиз орол,

Савол берсанг жавоб келмайди.

Наҳот севгим юлдузсиз осмон,

Ёруғлик йўқ офтоб кулмайди.


Наҳот севгим тўхтаб қолган вақт,

Кун кўрсангда яшаб ўтмайсан.

Наҳот севгим сароб бўлган бахт,

Интилсанг-да сира етмайсан.


Наҳот севгим орзуманд соғинч,

Лаҳза сайин қумсайди дийдор.

Наҳот севгим беҳуда илинж,

Қилган бутун умиди бекор.


Наҳот севгим кундузи йўқ тун,

Ёруғ тонги асло отмаган.

Наҳот севгим армони бутун,

Уни ҳеч ким интиғ кутмаган.


Наҳот севгим чалинмаган соз,

Чертилмасдан тори узилган.

Наҳот севгим инграган овоз,

Ундан кўнгил қасри бузилган.


Наҳот севгим янграмаган куй,

Тингламоққа қулоқ бўлмаган.

Наҳот севгим вайрон бўлган уй,

Биров бирор назар солмаган.


Наҳот севгим қаноти йўқ қуш,

Парвози учун йўли тўсилган.

Наҳот севгим таъбири йўқ туш,

Билиб бўлмас нелар ёзилган.


Наҳот севгим синган таббасум,

Рост кулгуни асло билмаган.

Наҳот севгим топталган қадр,

Ҳеч ким уни эсга олмаган.


Наҳот севгим манзилсиз йўлим,

Наҳот севгим севгисиз гулим,

Наҳот севгим чўзилган ўлим,

Ўлган бўлиб асло ўлмаган.


Ҳар кимнинг ҳаққи бор бахтли бўлишга…

Подняться наверх