Читать книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - - Страница 13
Биринчи қисм
ИККИНЧИ ТУҒИЛИШ
Чойхона “чемпионлари”
ОглавлениеҒирромлик фақат футболда эмас, бошқа соҳаларда ҳам учрашини айтиб эдим. Мисол тариқасида шахмат кўригини эслайман. Шу баҳонада Ўзбекистонда шахмат ривожи учун жон куйдирган фидойи инсон Мамажон Муҳиддиновни ёдга оламан. Шахматнинг бугунги муҳташам саройига Мамажон ака ўша йиллари пойдевор қўйганлар, дейишимда муболаға йўқ. Шахмат тарихидан номзодлик диссертацияси ҳимоя қилган Мамажон ака аввал айтганимдай, Ўзбекистондаги ягона “СССР спорт устаси” эдилар. Деярли барча газета-журналларни шахматга доир мақолалар ва жаҳон биринчилигидаги энг яхши ўйинларнинг шарҳлари билан таъминлардилар. “Ленин учқуни”да ҳар йили “Янги йил шахмат конкурси” ўтқазишда бош бўлардилар. Болаларга мос масалаларни, саволларни тайёрлаб берардилар. Бир неча юз жавобни синчиклаб ўқиб чиқиб, ғолибни аниқлардилар. Таҳририят ғолибларга қимматбаҳо совғалар берарди. Мен мактабда ўқиб юрганимда шахмат ўйнашни ўрганган эдим. Мамажон аканинг таъсирларида жиддийроқ шуғуллана бошладим. Газетага шахмат масалаларини тайёрлаш жараёнида у кишидан кўп нарсаларни ўргандим. Бунга қаноат қилмай, Москвада нашр этиладиган “64” деган ҳафталик газетани мунтазам сотиб олардим. Ундаги жаҳон чемпионлари ўйинларининг таҳлилини эринмай ўрганардим. Буюк шахматчи бўладиган қобилиятим йўқ эди, лекин унча-мунча шахматчига бас кела олардим. Ёзувчилар уюшмасининг бир хонасида доимий равишда кимлардир шахмат ўйнаб ўтиришарди. Айримларнинг “иш куни” фақат шу ўйин билан ўтарди. Кунларнинг бирида журнал таҳририятига берган ҳикоям тақдири билан қизиқиб келсам, “шахматдаги зўр”лардан бири ёлғиз зерикиб ўтирган эканлар. Менинг мақсадимни эшитмай туриб, у акамиз: “Шахматга қалайсиз?” – деб сўрадилар. Мен нодон: “Сизни енгишга кучим етади”, – деб ҳазиллашибман. Шахмат масалаларини ечишни ўрганибман-у, жиззаки шахматчиларга ҳазил қилиш мумкинмаслигини билмабман. “Шунақами? Уч марта ўйнаймиз, агар биттасида сенга енгилсам, иккинчи шахматга яқинлашмайман”, деб қасам ичвордилар. Беш марта ўйнадик. Биттасида ҳам енга олмадилар. Босиб-босиб сигарет чекдилар. Кейин индамай чиқиб кетдилар. Эртасигами ё индинигами даҳлизда учратиб, салом берсам, алик олмадилар. Саломнинг аликсиз қолиши ҳолва экан, ҳикоя журналда чиқмай қолди. Шунда “шахматнинг бу томони ҳам бор экан, ўйнамай қўя қолай”, деб аҳд қилган эдим.
Аниқ эсимда йўқ, 1968 йил эди шекилли, Янги йил шахмат кўригига келган мактублар орасида биттаси диққатимни тортди. Барча масалалар, барча саволлар жуда аниқлик билан ечилган эди. Еттинчи синф ўқувчисининг бу қадар аниқ жавоб ёзиши менда шубҳа уйғотди. Мамажон ака ҳам гумонсираган эканлар. Ғолибларни эълон қилмай туриб, текшириб келиш мақсадида Паркентга йўл олдим. Мактаб директорига шу ўқувчи билан танишиш истагим борлигини билдирдим, шахмат келтиришларини ҳам илтимос қилдим. Директор ҳам ажабланиб, ҳам бир оз ташвишланиб, ўқувчини хонасига чақиртирди. Ўзимни таништирганимда болада саросима сезилди. Боланинг ўқишлари билан қизиққандай бўлиб, уч-тўрт савол бериб шахмат ўйинига таклиф қилдим-да, “доналарни сиз теринг”, дедим. Бола сир бой бермай, доналарни тера бошлади. Хато терганини билмагандай дона суришни бошладим. У менинг ҳаракатимга қараб пиёдаларни тўғрига сурмай, асп юриш қилди.
– Шахмат ўйнашни билмас экансиз-ку, масалаларни ким ечиб берди? – деб сўрадим-да, директорга мақсадимни билдирдим. Бола бошини эгди-ю, жавоб бермади.
– Акаси ечиб бергандир, қишлоқда унга тенг келадигани йўқ, – деди директор.
“Шахматчи” боланинг акасини чақириб келишди. “Бир қўл ташлаймизми?” деган таклифимни эшитиб, доналарни терди. Чиндан ҳам уста шахматчи экан, ўн бешта юришга чоғим келди, мотнинг нафасини сезиб, ўйинни бас қилдим-да:
– Укангизга нега ўргатмагансиз? – деб сўрадим.
– Укам сабрсиз бола. Шахматни ўрганиш учун биринчи галда сабр керак, – деди у.
– Иккинчи галда таҳлилми?
– Ҳа. Мен ўзимнинг кейинги юришларимни билиб, сизнинг ҳужум-ларингизни ҳам ҳисобга олишим керак.
– Укангиз номидан масалалар ечаётганингизда менинг бугунги “юришим”ни ҳисобга олмабсиз-да? Нега ғирром йўлни танладингиз? Газетанинг кичик совғасини оламан деб укангизни уятга қолдирардингиз-ку?
Бу воқеани қаламга олиб, фельетон ёзишим мумкин эди. Лекин аканинг шахматга бўлган муҳаббатини, маҳоратини инобатга олиб, Мамажон ака билан маслаҳатлашган ҳолда индамай қўйишни лозим топдик. Паркентдан қайтар маҳалимда шахматчи йигитга “болалар боп масалалар тузиб, таҳририятга юбориб туринг, газетада берамиз”, деб таклиф қилган эдим. Негадир жавоб бўлмади. Назаримда қилган ишидан уялган бўлса керак. Ҳозир ўша йигитни эслаб, “шахматчиларга яратиб берилаётган бугунги шароит ўша даврда бўлганда эди, Паркентдан ҳам халқаро гроссмейстер чиқарди”, деб ўйлайман. Ўша йигитнинг ёши ҳозир олт-мишдан ошгандир, тенгдош улфатлари билан чойхонада шахмат суриб ўтиргандир. Афсус, афсус, Худо берган қобилият “чойхона чемпиони” унвони билан чекланиб қолди. Яна афсуски, чойхоналарда яна қанча “чемпионлар” дона суряпти экан?