Читать книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - - Страница 3
Биринчи қисм
ИККИНЧИ ТУҒИЛИШ
“Чарм тўп” Ўзбекистонда туғилган
ОглавлениеМарказқўмга бориб, Вилор акани сўрасам: “Кутиб туринг, ҳозир келади”, – дейишди. Ўзбекистон комсомоли Марказий комитетида ҳеч ким ўзбек тилида гапирмас эди. Қизиқ-да, Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетида, Ўзбекистон Министрлар советида, Ўзбекистон Олий советида аҳвол шундай бўлгандан кейин уларнинг “укачаси” комсомолда ўзбекча гапиришсинми? Ахир бугун бу ерда жавлон ураётган хушбичим йигитлар, гўзал қизлар эртага ўша катта идораларга учирма бўлишади-ку?!
Кўчада кутиб турган эдим, бино яқинида “ГАЗ–21” – “Волга” келиб тўхтаб, ундан башанг кийинган, қош-кўзлари қоп-қора, келишган йигит тушди. Мен кутаётган бўлим мудири шу одам экан. Изидан кириб, низомни узатдим. Сарлавҳасига кўз ташлади-да, ўқишга тоқати бўлмай, ходимига узатди. Назаримда, ходим ўзбекчани мудиридан кўра сал яхшироқ билса керак. Ўқиб чиқиб “Нормально” деди.
– Унда Ўзбекистонникини тезда ёзиб чиқ, кечгача Раъно Ҳабибовнанинг столида бўлиши керак, – деди мудир русчалаб.
Ходим “эплолмайман”, дейишга тили келмай, “улгурмайман”, деди.Шунда Вилор ака менга саволомуз тикилиб турди-да, бўш столни кўрсатди:
– Ўтир, срочно готовь! – деб буюрди.
Бутуниттифоқ низомига қараб, Ўзбекистонникини ёзиб чиқиш қийин эмасди. Чунки талаблар бир хил, фақат айрим атамаларни ўзбекчалаштириш лозим эди, холос. Масалан, “уличные, дворовые (жэк) команды”ни “кўча ва маҳалла командалари”, дейилса бас. “Республика ғолиблари Горький шаҳрида мусобақалашадилар”, деган банд ўрнига “Област ғолиблари Тошкент шаҳрида мусобақалашадилар” деб қўйилса кифоя. Шу тарзда Ўзбекистондаги “Чарм тўп” клубининг низомини ёзиб бердим. Чиройлироқ ёзишга уринган бўлсам-да, хатимга қараб бош чайқаб қўйди-да, “кетиб қолма, ҳовлига чиқиб чекиб тур”, деб буюрди. Ташқарига чиқишим билан чақиртирди:
– Журналистмисан, машинкада печатат қила оласанми? Биттагина ўзбек машинистка бор, и то касалмиш. А время жмет, – деди.
Ёза олишимни айтгач, қўшни хонага олиб чиқиб, бўш машинкани кўрсатди. Ишлари битгач, мамнунлик билан раҳмат айтди. Ишга қайтиб боргунимча Суроб акага қўнғироқ қилиб мени мақтабди. Марказқўм мудиридан раҳмат эшитиш газета муҳаррири учун қувонарли ҳол ҳисобланарди. Иккинчи мақтовни таҳририятда эшитдим: “Вилорга унча-мунча одам ёқмайди”, – деб таъкидлаб қўйдилар. Бу мақтов туфайли Марказқўмга тез-тез борадиган бўлдим. Кейинроқ билишимча, мудир жаноблари каминанинг мудирини бир иш юзасидан қаттиқ койиган экан. Республика мусобақаси бошланган кунлари турли йиғинларда ҳам Эркин ака негадир сал четроқда ўтирардилар. Вилор ака тез гапирарди, ишни ҳам тез бажарарди. Бирон жиддий масала юзага чиқиб қолса, уни ҳам тезлик билан ҳал қиларди. Шу жиҳатдан у билан ишлаш ёқимли эди.
2011 йили Россияда “Чарм тўп” клуби ташкил қилинганлигининг 45 йиллигини нишонлашди. “Чарм тўп”нинг ватани Россия, деб шарафланди. Биздаги футбол мутасаддилар, айниқса, болалар спортига масъул жаноблар бу воқеага эътиборсиз қарадилар. Россияликларнинг “Чарм тўп”ни биз ўйлаб топганмиз, дейишларида асос йўқ. Тўғри, Бутуниттифоқ мусобақаси биринчи марта Горький (ҳозир Нижний Новгород деб аталади) шаҳрида ўтказилган. Лекин биринчи кўча, маҳалла командалари 1964 йили Тошкентда ташкил этилиб, ўзаро куч синашишган. Бу янгиликдан хабар топган олмаоталиклар ҳам шундай командалар тузишган. Оқибатда, Тошкент ва Олмаота кўча командалари 1965 йилда учрашишган. Бу хабар Москвага етиб боргач, “Чарм тўп” номида клуб ташкил этиб, унга машҳур футбол тренери Гавриил Качалин президент этиб тайинланган. Демак, “Чарм тўп”нинг тарихи “1966 йил, Москва”, деб эмас, “1964 йил, Тошкент” деб белгиланиши керак. Шунга кўра, бугун давом этаётган маҳалла футбол командаларининг мусобақаси тарихини ҳам 1964 йилдан бошлаш мақсадга мувофиқ. Бу тарихдан кўз юмиш мумкин эмас, чунки Владимир Фёдоров, Василис Хадзипанагис каби жуда кўп маҳоратли ва машҳур ўйинчилар шу мусобақаларда ўзларини кўрсатганлар.
Газетада иш бошлаган кезларим бир ҳикоя ёзиб, “Вой, онажоним”, деб номладим. Ҳар бир оилада бўлганидек, бизнинг хонадонимизда ҳам қайнона-келин можароси бор эди. Можаронинг сабаблари каминани ҳайрон қолдирарди. Асаб бузишга арзимайдиган нарсаларга нега бунчалик катта аҳамият беришаркин, деб ажабланардим. Бу ажабланиш каминада ҳозир ҳам бор. Ёш оилалардаги можароларга ҳеч тушунмайман. “Тилдан учиб чиқиб ҳавода йўқ бўлиб кетадиган арзимас гапни “хотира тўри”да илиб олиб, юракка жойлаб олиш шартмикин?” деб ўйлайман. Жанжалларга сиз ҳам диққат қилинг-а: “Фалон пайтда сен шундай дегансан!”, “Фалон пайтда ўзинг ҳам шундай дегансан!” Ҳавода йўқ бўлиб кетадиган битта гап туфайли оила бузилса, болалар тирик етим қолса! Нечоғлиқ жаҳолат бу!
Худога шукур, бизникида бу оқибатга борилмади. Лекин ғиди-бидилар давом этарди. Ботир акамга ачинардим. Қайнона-келин чиқишмаса –ўртадаги эрга қийин. Шу воқеаларни кузата туриб катталар учун биринчи ҳикоямни ёза бошладим. Унда тасвирланган воқеалар, айниқса, ака-укалар муносабати бизнинг оилада бўлиб ўтмаган, бошқалардан эшитганим ва қисман тўқима бўлган. Мурод Хидирга ўқитган эдим, “маиший бўлиб қолибди, ижтимоий юк керак”, дедилар. Шоир Рауф Парфига ўқитган эдим, “Зўр! Газетага беринг”, дедилар. Мурод Хидир шошилмасдан, диққат билан ўқирдилар, мулоҳазалари, танқидлари ўринли бўларди. Рауф ака кимнинг янги асарини ўқисалар шунақа мақтар эканлар. Бу одатларини кейин билдим, ўша куни эса руҳланиб “Ёш ленинчи” таҳририяти томон шошилдим. “Ленин учқуни”, “Гулхан”да болаларга атаб ёзган ҳикояларим чиқиб турган эди. Энди катталар матбуотида ҳам чиқарканман, деган шодлик туйғусидан маст эдим. Бу таҳририят ҳам мен ишлаётган бинода жойлашган эди. Мендан тўрт-беш ёш катта йигит совуқ қарши олди.
– Ҳикоя олиб келувдим.
– Ҳозир вақтим йўқ.
– Ташлаб кетайми, вақтингиз бўлганда ўқиб берарсиз.
– Гапимга тушунмадингизми, вақтим йўқ. Ана, миллионта ҳикоя босилиб ётибди.
Индамай чиқиб кетдим. Бу воқеа 1966 йилнинг 25 апрель куни содир бўлган эди. Аниқ эслаб қолганимнинг сабаби – эрталаб тонгда Тошкентни кучли зилзила уйғотди. Орадан роппа-роса 25 йил ўтгач, шу ёзувчи акамиз “Ёшлик” журналига янги асарларини кўтариб келдилар.
– Аввал ўзингиз ўқинг, кейин ходимларга беринг, – деб илтимос қилдилар.
Тасодифни қаранг! У кишидан фарқли ўлароқ, илтимосларини бажардим. Асарни холис кўз билан синчиклаб ўқидим, маъқул келмади. Наср бўлими мудирига бердим, фикримни билдирмадим. Улар танқидий фикр билдиришган экан, ранжиб кетдилар.