Читать книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - - Страница 25
Иккинчи қисм
БИР ЙИЛЛИК ТАНАФФУС
Меҳрсиз халқлар дўстлиги
ОглавлениеБалиқ, каламуш ва бўриларнинг имтиёзлари шундан иборатким, улар талаб ва эҳтиёж қонунига биноан кун кўрадилар. Инсон ҳаётининг қонуни эса адолатдир. Дастлаб “Ишчи-деҳқон армияси”, кейин “Қизил армия”, ниҳоят “Совет Армияси” деб аталган қўшинда айнан шу адолат йўқ эди. Бу армияда гўё миллатлар дўстлиги ҳукмрон эди. Кенгроқ қарасак, Совет Иттифоқи деб аталмиш мамлакатнинг қудратини айнан шу миллатлараро дўстлик ташкил этарди. Гитлер бу дўстликка ишонмаган, уруш бошланиши билан миллатлар орасида низо чиқади, деб фикр қилган. Гитлер сал шошилган эди. Халқлар ҳали ўз ҳақ-ҳуқуқларини тўла англамагандилар, миллатдошларини ғафлат уйқусидан уйғотмоқчи бўлган зиёлилар эса қатл этилганди. Қўполроқ таъбир билан айтсам, миллатлар подачиси йўқ, бўрининг ҳужумидан қўрқиб зир қақшаётган сурувга ўхшаб қолишганди. Зиёлиларнинг янги авлоди майдонга чиққач, “миллатлар дўстлиги” деб аталган занжир чириб адо бўлгани аён бўлди ва қудратли мамлакат парчаланиб кетди.
Тўғри, комфирқа бу занжирни мустаҳкамлаш чораларини кўрарди. Айниқса, маданият соҳасига катта аҳамият берарди. Адабиёт ва санъат кунлари мунтазам равишда ўтказиларди. Республикалар аро ўтказилган бу тадбирлардан ташқари “Москвада Ўзбекистон (ёки Эстония, ёки Молдавия) адабиёти ва санъати ҳафталиги” бўларди (Бундай тадбир ҳатто уруш пайтида ўтказилганини аввалроқ баён қилиб эдим). Миллий жумҳуриятлар театрларининг Москва, Ленинград, Киев… каби йирик шаҳарлардаги гас-троллари ҳам доимий равишда ўтказилган. Ёзувчиларнинг асарлари ҳам рус ва қардош тилларга таржима қилиниб, нашр этиларди. Аниқроқ айтилса, қардош хақлар адабиётини нашр этиш мажбурий эди. Миллий жумҳуриятлар нашриётлари режасида албатта шундай адабиёт бўлиши шарт эди. Масалан, Ғафур Ғулом номидаги нашриётда “Қардош халқлар адабиёти” ва “Хориж адабиёти” бўлимлари мавжуд эди. Москвадаги “Дружба народов” нашриёти фақат миллий жумҳуриятлар адабиётини нашр этарди. Ҳар бир жумҳуриятга 2–3 китоб ўрни ажратиларди. Жумҳурият Ёзувчилар уюшмаси қайси китобни тавсия этса, шу асар рус тилига таржима қилинарди. “Иностранная литература” нашриёти фақат чет эл адабиётини нашр этарди, қардошлар адабиётига уларнинг эшиги ёпиқ эди. Улар фақат Совет Иттифоқи ғоясига мос келадиган адабиётларни нашр этардилар. Америкалик Джон Стейнбек деган яхши ёзувчининг асарлари нашр этилмай қолди, билсак, у АҚШнинг Вьетнамдаги урушини маъқуллаб гапирган экан. Мен энг сара асарлар шу нашриётдан чиқади деган фикрда китобларини сотиб олардим, адабиётга сиёсат аралашганини билгач, аввал бир-икки бет бўлса-да, ўқиб кўриб кейин олишни одат қилдим.
Миллатлар орасида дўстлик йўқлигига мен ҳарбий хизматда аниқ ишонган эдим. Фақат бу сохталик қанча йилларга қадар давом этиши мумкинлигини тасаввур қила олмагандим. 1989 йилнинг 10 март куни бу мавзудаги фикрларимни матбуотда эълон қилган эдим:
Ҳар биримиз фарзандларимизнинг иқболини ўйлаб, босган қадамини кузатамиз, кимлар билан дўстлашаётганини назорат қиламиз. Бирон-бир бола кўнглимизга ёқмаса “у билан дўстлашма”, деб қаттиқ талаб қиламиз. Меҳримизни уйғотган болани фарзандимизга чин ўртоқ бўлиб қолишини истаймиз. Бизнинг бу истакларимиз ҳамма вақт ҳам ширин мева беравермайди. Мажбуран дўст бўлиш – пойдевори туздан ишланган бино. Сал нам тегдими, пойдевор нурайди, бино эса қулайди.
Биз “халқлар дўстлиги” деб аталмиш муқаддас, муаззам бинони узоқ вақт шундай пойдевор устига қўймоқчи бўлдик. Бир-биримизни яхши билмасдан, бир-биримизни юракдан ҳурмат қилмай, сохта жилмайишлар билан дўст тутиндик. “Бир-биримизни яхши билмаймиз”, дедим. Бу шунчаки тил учига келиб қолган гап эмас, балки узоқ йиллар кузатишлар натижасида пишиб етилган фикр. Хўш, биз Грузия ҳақида нима биламиз? Тарихдан малика Тамарани, адабиётдан Руставелини ўқиганмиз мактабда. Агар Сталин грузин бўлмаганида бу шахслар дарсликларга киритилмаслиги аниқ эди. Молдавияни, Болтиқ денгизи бўйидаги уч республикани ёки Ёқутистонни биламизми? Хўш, улар-чи? Қардошлар-чи? Улар Ўзбекистонни, ўзбекларни қай даражада биладилар? Нари борса, “Ўзбекистон пахта етиштирувчи рес-публика. Самарқанд, Бухоро деган шаҳарлари бор…” “Қардош”ларнинг биз ҳақимиздаги тушунчалари бундан ортиқ эмас. Бу саёз тушунчаларга Мос-ква матбуотининг “холис хизматлари” туфайли “Пахта иши” деган бало аралашиб, “Ўзбекистон… ярмиси порахўр, ярмиси ўғри халқ” деган тушунча ҳам сингдирилди (Ҳозир “ўзбеклар”, “тожиклар” дейилганда “гастробайтерлар” – иш излаб борганлар назарда тутиладиган бўлди). Хўш, шу каби тушунчалар халқлар дўстлигига асос бўла оладими? Асос бўла олмаслигини Қозоғистондаги, Татаристондаги, Арманистон ва Озарбайжондаги қонли воқеалар тасдиқлади. Меҳмонни тантана билан кутиб олиш, “чойхона палов” билан сийлаш, совғалар билан жўнатиш – дўстлик белгиси эмас. Чинакам дўстлик бир-бирини билишдан, англашдан бошланади.
Дўстлик қасрининг сталинизм томонидан тиклаган пойдевори вақт синовига дош бера олмади. Бирон масалани ҳал этишда оқилликка нисбатан эҳтирослар устун келиши туфайли тушунмовчиликлар, норозиликлар яраси мадда боғлаб қонли фожилар юзага келди.
Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин ҳам давом этаётган қонли фожиалар, масалан, Молдавия, Чеченистон, Доғистон, Грузия, Украинадаги урушлар бирданига бошлангани йўқ. Узоқ йиллар мобайнида куч тўплаган вулқон каби портлади. Мен ана шу вулқоннинг куч тўплашига ҳарбийдалигимдаёқ гувоҳ бўлганман.
Айтганимдай, биз борганда ҳарбий қисм украиналиклар, ўзбекис-тонликлар ва оз сонли қофқазликлардан иборат эди. Шу оз сонли қофқазликлар, айниқса, чеченлар ва доғистонликлар русларга бўлган нафратини яширишмас эди. Агар ўзбек аскарларига рус ёки украин зўрлик қила бошласа, жабрланётган йигитни танишса-танишмаса, улар дарров ҳимоя қилишарди. Бу борада Алихон Хонгиреев деган йигит ғоят довюрак эди. Чеченларнинг қандай ботир ва ҳақгўй халқ эканини шу йигит билан суҳбатлашиб билганман. Ярим йил давомида у менинг яқин дўстимга айланиб қолган эди. Саксонинчи йилларнинг бошларида шоир Шавкат Раҳмон Ёзувчилар уюшмасига ишга ўтганда чеченистонлик дўсти Воҳид Итаев оиласи билан Тошкентга кўчиб келди. Шавкат билан Воҳид Мос-квадаги адабиёт институтида бирга ўқишган экан. Воҳид жуда ақлли, виждонли, тўғрисўз шоир эди. Чеченистонда ким биландир чиқиша олмай, Тошкентдан паноҳ топди. У билан дастлабки суҳбатларда чеченлар ҳақида билганимни гапира бошлаганимда у “қаердан биласан?” деб ажаб-ланганди. Ҳарбийдаги воқеаларни айтиб берганимдан сўнг биз у билан янада яқинлашдик, суҳбатларимиз чоғида чечен халқининг тарихи, ботир ўғлонлари ҳақида фахр билан ҳикоя қиларди. “Агар лозим бўлса, чеченнинг ботир ўғлонлари эртагаёқ отда қилич ўйнатиб Кремлга кириб боришлари мумкин”, дегани эсимда. Қарангки, бу шунчаки тахмин эмас, амалга ошадиган иш экан, ўша йиллари тарих бунга гувоҳ бўлди. Шу икки дўстимнинг ҳикоялари сабаб бўлиб мен довюрак чеченларни ва доғистонликларни севдим ва уларнинг вакилларини ёзган асарларимга олиб кирдим. “Шайтанат”даги Зелихон – “Академик”, “Мурдалар гапирмайдилар”даги Тенгизни балки эсларсиз.
* * *
Уруш чеченлар яшайдиган қишлоқлардан узоқроқда бўлса ҳам унинг нафаси уфуриб турарди. Қишлоққа қорахатлар билан билан бирга нохуш миш-мишлар ҳам етиб келарди. Миш-мишлар оқибатида ҳақиқатга айланиб бутун қишлоқ бир кечада иссиқ уйлардан ҳайдаб чиқилди. Бир ҳафта бурун Зелихонларникига қорахат келиб аза очилган эди. Олти ёшга тўлган бола дам онасига қўшилиб йиғларди, дам бобосига қўшилиб қўлини фотиҳага очарди. У нима учун аза очилганини тушунди – отасини фашистлар ўлдирган. Энди қотилларни кечириш мутлақо мумкин эмас! Зелихон – энди хунхўр! Томирларида чечен қони оқаётган олти ёшли бола аждодлар қонунини биларди. Унга на онаси, на бобоси “ўч ол!” деди. Бу гапни унинг юраги айтарди. Шунга ақли етган бола нима учун уйқудан уйғонишганини, иккита тугунни орқалаб тун бўйи йўл юришганини, сўнг поездга чиқишганини билмади. Биров “фашистлар яқин келиб қолишибди, бизни асрашяпти”, деди. Бундан Зелихон ажабланди: фашистлар яқин келса яхши-ку! Ўч олиш имкони туғилган экан-ку?! Яна биров: “Ичимиздан сотқин чиқибди, ҳаммамиз шунинг касофатига қолибмиз”, деди. Зелихон бунга ҳам ажабланди: қанақа сотқин, нимани сотади, қишлоқда сотиладиган нима бор?..
Узун кечалар йўл юриб, ниҳоят бир қишлоқдан паноҳ топишди. Унинг кўнгли, кўзлари тоғларга, чўққиларга ўрганган эди. Бу қишлоқ тоғдан анча узоқ экан. Аммо бобоси ҳам, онаси ҳам шукр қилдилар. Бир деҳқон уйининг ярмини бўшатиб берди. Девор ўрнига эски шолча тортиб яшайверишди. Етти ёт бегонага ҳам мурувват кўрсатувчи имонли одамларга учратгани учун бобоси Аллоҳга шукрлар қилди. Яхшиям, бобоси туркчани биларди, бўлмаса кунлари имо-ишора билан гаплашишга қолармиди…
Зелихоннинг онаси бетобланиб, икки кунгина ётди. Учинчи куни узилди. Бобоси доно эди. Ортиқча кийим-бошни қўйиб, ўлимлигини олволган экан, ўзига эмас, келинига насиб этди. Уч йил оралатиб ўзи қайтиш қилганида кафанликни шу уй эгаси топиб берди.
Бобоси бир ойдан зиёдроқ ётди. Унинг умри тугаган, бу ҳаётдан насибаси қирқилган эди. Бироқ, Худога ёлбориб яна бир-икки ой умр сўради. Бегона юртда ғирт етим бўлиб қолаётган набирасини озгина бўлса-да, оёққа қўйиб омонатини топширса, кўзи очиқ кетмас эди. Насиба қирқилса, банда чорасиз экан. Бобоси то сўнгги нафаси чиққунча Зелихонга насиҳат қилди. Сўнгги кечада, сўнгги кучини жамлаб бир гап айтди:
– Болам, биз чеченлармиз! Унутма! Чеченлар ҳеч қачон ўзларини хор қилиб қўймаганлар. Сен ҳеч қачон номардларга бўйин эгма! Аммо яхшилик қилганларни умринг адо бўлгунича бошингда кўтариб юр. Сен ўз номусинг учун жанг қилмасанг, кечираман. Лекин сенга яхшилик қилган ўзбекларнинг номуси учун жон бермасанг, рози бўлмайман. Аллоҳ ҳам сени кечирмайди, билиб қўй! Ўзбеклар ҳам биз каби хорланган экан, вақти келса, жонингни аяма…
– Бизни хўрлаганлардан қасос оламан! – деди Зелихон. Тўққиз ёшли чечен боласининг томирида қасос қони кўпириши учун етарли асос бор эди. Бобо буни биларди ва шундан қўрқарди. Қасос ўти боланинг кўзини кўр қилиб ҳалокат жари томон етаклаши муқаррарлигини билгани учун ҳам қўрқарди.
– Зинҳор! – деди бобо, кейин кўзларини юмиб тин олди. У хўрликни кечира олмайдиган чечен эди. Айни чоқда, мусулмон ҳам эди. Чолнинг урушдан тўхтай деб турган юрагида армон билан биргаликда қасос ҳам бор эди. Қасос – хўрликдан, армон эса қасоснинг қиёматга қолаётганидан. Чечен учун хўрликдан ҳам чорасизлик ёмон. Улар чорасиз эдилар. Тўққиз ёшли бола қасос оламан, деб қасам ичяпти. Аммо кимдан қасос олади? Биргина шуларнинг ўзини ҳайдаб чиқарганларида эди, сўраб-суриштириб, айбдорни топарди. Агар бу мўйловнинг (бобоси Сталинни “мўйлов” деб атарди) истаги билан амалга оширилган бўлса, бошини қайси тошга уриши керак?! Бобоси кўзларини юмиб шуларни ўйлади. Унинг бу ўйлари Зелихон учун сир бўлиб қолаверди.
– Зинҳор! – деди бобоси кўзини очиб. – Бундай қасам ичма! Ота-онам гўрида безовта бўлмасин, десанг, тинч юр!
Уй эгаси, эски дўппининг устидан қийиқча боғлаб олган мўйсафид ярим пиёла сутга тўрт тўғрам нон ташлаб, бир тишламини хастанинг оғзига тутди. Зелихоннинг бобоси лабини қимтиб бош чайқади.
– Э биродар, жонга дармон керак. Нима деяётганингизни англамадим-у, аммо болани қўрқитиш ярамайди. У ҳали ҳеч нимани тушунмайди.
Бобоси уй эгасининг мақсадини англаб, оғзини базўр очди. Анчагача тамшанди. Аммо нонни юта олмай аста чиқарди. Кўзлари бежо бўлди.
– Болам, сен бир айланиб кел, – деди уй эгаси Зелихонга.
Зелихон чиқиб кетди. Уй эгасининг нима учун чиқариб юборганини улғайганидан сўнг фаҳмлади. Бобосининг тамшаниши то ҳанузга қадар кўз олдидан кетмайди. Бобосининг ризқи тугаганмиди ё ўлим олдидан бировнинг луқмасини ютишни истамадими – бу Зелихон учун муаммолигича қолди.
Зелихон Элчин билан шаҳарда учрашганидан бери бобосининг сўнгги гап-ларини кўп эслайди. Бир томондан бобоси қасосга йўл бермай кетди. Бир томондан Элчин – ўзбек, уларга ҳам бошпана, ҳам насибасидан бир улушини, ҳатто кафанлигини баҳам кўрган халқ фарзанди. Яна бир томондан эса, Элчин қасос олмоқчи бўлган одамлар ҳам шу ҳалқ фарзандлари…
Аланга Зелихонни уч томондан ўраб келарди. Бир томон очиқ – қочоқлик, қўрқоқлик йўли. Чеченнинг энг номарди ҳам бу йўлдан юрмайди. Зелихон Элчинни қасос йўлидан қайтара олмаслигини биларди. Зелихон қасосга шерик бўлиш учун эмас, балки Элчинни аждаҳо комидан асраб қолиш учун ҳам унинг ёнига кирди.
Уч-тўрт киши бўлиб хазинани уриш ёки бирон бойни қақшатиш Зелихонга чўт эмасди. Аммо Элчиннинг бошлаётган иши уни анча гангитиб, ташвишга солди. У Асадбекдан чўчиди, дейиш бўҳтон. Асадбекдан жони ўзига ширин одамлар қўрқишади. Шу пайтгача Зелихон жонини сира аямаган. Унинг ташвиши – мақсад сари бир-икки қадам қўйганда бевақт йиқилиб қолиш. Эркак одам бир ишга қўл урдими, ўлса ҳам охирига етказиб ўлиши керак – шу ақида асосида улғайган Зелихон бошқача йўл тутолмас эди.
Зелихон пиёладаги мусалласни сипқориб, нигоҳини бир нуқтага қараб ўтирган Элчинни елкасига аста туртиб қўйди.
– Зелихон ярим йўлда ташлаб қочмайди. Мен – чеченман! Унутма!
… Асадбек Зелихоннинг гапларини диққат билан эшитди.
– Бу ишга менинг нима алоқам бор? – деди пича мулоҳаза қилгач.
– Ҳосилбойваччани сиз йўлга солишингиз мумкин.
– Менми? Ким айтди буни сизга?
– Шаҳарнинг зўри учта. Учинчиси Марканян. У аралашмайди. Икки урушқоқ подшонинг кучи қирқилса унга яхши.
– Ҳосилга сўзим ўтмайди. У ўзиникини маъқуллайдиган бола. Унга Хонгирей бир нарса деса балки…
– Хонгирей ҳам аралашмайман, деяпти. Хонгирейни ҳукуматнинг одамлари огоҳлантириб қўйишганга ўхшайди.
“Хонгирейни огоҳлантиришган бўлса… демак… биз аралашгудай бўлсак, ҳукумат бизни ҳам омон қўймайди. Истаса, бир кечада яксон қилиб ташлайди, – деб ўйлади Асадбек. – Бу чечен нимага типирчилаб қолди? Тўртта ўзбек билан турк уришса унга нима? Сибирдаги қамоқхоналардан каллакесарлар қочган бўлса, ўзбек билан туркнинг урушига нима алоқаси бор? Улар кимга хизмат қилади?..”
Асадбек Зелихонга тикилди. Бу чақчайган, ўткир қарашли кўзларда мунофиқлик учқуни борми-йўқми, аниқламоқчи бўлди. Бир неча нафаслик нигоҳ буни аниқлаш учун кифоя этмади. Асадбек қаттиқ тикилса, унча-мунча кўзлар дош беролмасди. Зелихон эса “ўқилон” деб ном чиқарган бу одамдан заррача тап тортмай ўтираверарди. Аслини олганда, жиноятчилар оламининг ёзилмаган қонунига кўра, улар бир-бирларига душман эдилар. Зелихон Асадбекдан ёмонлик кўрмаган, унга даъвои ҳам йўқ, уни душман деб билмайди. Шунинг учун ҳам бу ерга дадил келди. Элчин билан Асадбек орасидаги душманлик тўйдан кейин камайган деган фикрда. Бироқ, Асадбекка Зелихоннинг ким экани маълум, кейинги ойлар ичи кўрган ташвишлари шу одам туфайли эканини, қизини ўғирлаб зўрлашда ҳам, Шилимшиқни ўлдиришда ҳам Элчиннинг ёлғиз бўлмаганини энди аниқ билади.
Элчин қўнғироқ қилганидан сўнг Анвар билан суҳбатини давом эттирган бўлса-да, хаёлининг бир чети “уларнинг мақсади не экан?” деган саволга жавоб топиш билан банд эди. Зелихон воқеани баён қилаётганида ҳам, ҳозир ҳам шу саволга жавоб изларди. Зелихоннинг тўғри гапларига ишона қолмасди.
Асадбек шу пайтгача кўнглини ранжитган одамни кечирмаган. Тиз чўкиб тавба қилганлар ҳам унинг ғазабидан бенасиб қолишмаган. Йўқ, у гуноҳкорларни бир четдан ўлимга ҳукм қилавермас эди. Ўлим – сўнгги чора. Бу чорани камдан-кам ҳолларда қўлларди. У жорий этган ўзига хос жазо усуллари мавжуд. Сулаймоновнинг тақдири, Шилимшиқнинг сургун қилиниши ана шу усулларданки, сиз бунга гувоҳсиз. Асадбек кейинги пайтда кўнгли бўшлик қиляптими ё эҳтиёткор бўлиб қолганми, ҳар нечук жазо усулларини юмшатди. Рўпарасида ўтирган чеченни уч-тўрт йил аввал бўлганида ўйлаб ўтирмай ўлимга ҳукм қилиб юборарди. Ҳозир эса унинг маслаҳатларига қулоқ тутиб ўтирибди. Унинг гуноҳини кечириш мумкинми? Гапларига ишониш керакми? Мақсади Ҳосилбойвачча билан уруштириб қўйиш бўлса-чи?..
– Мен ўша томонларнинг тузини ичганман, – деди Зелихон, орадаги сукутни бузиб. У бу ёққа келаётганидаёқ Асадбекни ишонтириш осон эмаслигини билган эди. Асадбекнинг ўйга толганини кўриб, фурсатдан фойдалан-ди – ўтмишдан сўз очди. – Ўғриликни ҳам ўша ёқда ўрганганман. Бир кун устам билан бойвачча одамнинг уйини урдик. Ҳамма нарсасини шилиб кетаётганимизда устамнинг кўзлари бир халтага тушиб, менга “қара-чи, нима экан”, дедилар. Қоронғида нималигини билмай, ялаб кўрсам, туз экан. Устамга “туз экан”, десам, “қайдан билдинг?” дедилар. “Ялаб кўрдим”, дедим. “Ў, падарлаънат, касофат”, дедилар-да, тўплаган мол-матоҳни уйичига қайтардилар. “Бу хонадонда туз ичгандай бўлибмиз, молини ўғирласак, гуноҳга ботамиз”, деб, қуп-қуруқ чиқиб кетдилар.
Асадбек бу ҳикояни нима учун айтилганини аниқ тушунмай:
– Ҳа, шунақа мард одамлар бор эди, – деб қўйди…
– Мен ўша жойнинг тузини ичганман, – деди Зелихон, гапини такрор-лаб. – Урушда бизни ҳайдаб келишган. Биз тиғ кўтариб келмадик. Бўш қўл, оч қорин билан келдик. Онам ҳам, бувам ҳам ўша ёқда ётибдилар. Кафанликни ҳам ўзбеклар беришган. Мен кичкина бола эдим. Итдай хор қилиб ҳайдаб келишган. Туркларнинг бошига ҳам шу кун тушган. Хорлик нималигини биламан. Бувам ичган тузингни оқла, деганлар. Ўғри бўлиб кетдим. Бувамнинг васиятларини бажармадим. Энди ҳам қараб турсам ярашмайди. Сиз гапларимга ишонмаяпсиз.
– Ҳа, – Асадбек шундай деб ўрнидан турди.
– Тўғри қиласиз, – деди Зелихон, – дарров ишонсангиз, сизни нодон дердим.
* * *
– Кўринишингдан чеченга ўхшайсану она тилингда гапирмаганингга ҳайронман, – деди машина ҳайдовчиси.
Зелихон унга дарров жавоб бера олмади. Озгина сукут сақлагач, бир хўрсиниб деди:
– Мен чеченман. Ота юртимда туғилдиму бошқа юртда улғайдим. Она тилимни биламан. Гапирсанг яхши тушунаману ўзим силлиқ гапира олмайман. Тил қотиб қолган.
– Тилим қотди, дейсанми? Унда сен адо бўлган одам экансан, оғайни, – деди ҳайдовчи, орқа ўриндиқда ўтирган Зелихонга кўзгу орқали қараб.
– Гапингга тушунмадим? – деди Зелихон.
– Она тилини билмаган инсон ўзини одам санамаса ҳам бўлади.
– Тилинг жуда узун экан, – деди Зелихон аччиқланиб, – аммо ақлинг калтага ўхшайди. Уруш даврида чеченлар бошига тушган кулфатни эшитмаганмисан?
Зелихоннинг ақл хусусидаги гапи ҳайдовчига малол келди, қони бир қайнади-ю, аммо “ҳарҳолда бу ўз қондошим”, деб дарров ўзини босди. Зелихоннинг гапига хотиржам жавоб берди:
– Эшитганман, лекин одамнинг ўзини ўзи унутиши учун бу ҳеч қандай имтиёз бермайди. Инсон ўз она тилини ўлгунича унутмаслиги керак, –ҳайдовчи шундай деб бир оз сукут қилди-да, сўнг қўшиб қўйди: – Балки ўлгандан кейин ҳам унутмаслиги керакдир. У дунёда қайси тилда ҳисоб беради? Сенга ўхшаб русчадамас дейман, а?
Зелихон унинг бир айтган фикридан қайтмаслигини билиб, кулимсиради:
– Ўжарлигингдан чеченга ўхшайсан.
Бу гап ҳайдовчига маъқул келиб, хахолаб кулди.
– Нима десанг, де: мен чеченман! Ҳа, мени қиймалаб ташласанг ҳам ҳар бир бўлак гўштим “мен чеченман!” деб ҳайқириб туради. Ана, тоғларни кўряпсанми? Менинг боболаримнинг боболари, уларнинг боболари ана шу тоғлар каби мағрур бўлишган. Отам ҳам мағрур эди, мен ҳам мағрурман. Чечен бўлганим учун мағрурман. Менинг болаларим ҳам мағрур. Уларнинг болалари ҳам мағрур бўлади. Тоғни шамол ёки ёмғир емириб тамом қилганда бизнинг ғуруримиз ҳам емирилади, уқдингми, доно одам?
Ҳайдовчи шундай деб қўшиқ айта бошлади. Зелихон бу қўшиқни аввал эшитмаган эди. Айрим таниш сўзлардан, қўшиқнинг авжидан ватан ҳақида эканини англади.
“Бахтли одам экан, бу ўжар, – деб ўйлади Зелихон. – Ватани бор, ғурури бор. Болалари ҳам бор. Улар ҳам мағрур. Худди тоғ чўққиларидай мағрур… Менда нима бор?”
Шу гапларни хаёлидан ўтказа туриб Исмоилбейнинг ғамгин чеҳраси кўз олдига келиб, қулоғи остида унинг овози жаранглади: “Ватани йўқнинг иймони йўқтур…”
Зелихон хаёлга берилиб, қўшиқ тугаганини сезмай қолди. Ҳайдовчи унга аввал кўзгу орқали қаради, сўнг бир ўгирилиб олди:
– Нималарни ўйлаяпсан? Қўшиққа тушундингми?
– Тушундим. Ватан ҳақида куйладинг.
– Ҳеч балога тушунмабсан. Мен дедимки, агар Ватан мени суймаса мен уни суярман. Агар мени нимталасалар-да бир бўлагимни Қора денгизга, бирини Оқ денгизга, бирини Ҳазорга ташласалар майли, розиман, фақат бир ўтинчим бор: юрагимни Ватанда қолдирсинлар. Ана шунда менинг нимталарим юрагимга талпинарлар, келарлар ва бирлашарлар! Юрак – Ватандир, Ватан – юракдир! Ким ўз юрагидан воз кечади? Ҳеч ким! Эй Раббим, ўзга юртда жонимни олиб, жаннатдан жой берганингдан кўра, жонимни ўз Ватанимда олу шунинг эвазига жойни дўзахингдан беравер! Энди қўшиқнинг мазмунини англадингми, биродар?
– Англадим, – деди Зелихон. Кейин бир тин олди-да, Исмоилбей сўзларини такрорлади: – Ватани йўқнинг иймони йўқтур…
– Яхши айтдинг. Она тилингни билмасанг ҳам, калланг жойида экан.
– Буни мен айтмадим. Бир турк оқсоқоли айтган эди. Уруш даврида уларни ҳам Ватандан ҳайдаганлар. Мусофирликда ўлди, Ватанига қараб туриб, жони узилди.
– Қараб туриб, дедингми? Тушунмадим?
Зелихон Исмоилбейнинг сўнгги дақиқаларини айтиб берди. Ҳайдовчи гарданини силаб қўйиб:
– Ҳа-а… – деди. – Ўзбеклар ёмон қилишди. Улардан буни кутмаган эдим. Ўзбек йигитлар билан бирга хизмат қилганман. Мўмин болалар эди, ҳайронман…
– Нега ҳайрон бўласан? Уларни била туриб шу иғво гапларга ишондингми?
– Ишонмай бўладими? Телевизорда кўрсатиб турибди. Гапириб турибди. Каттаси ҳам айтди, қулупнай талашишибдими?
– Хафа бўлмагин-у, аммо аҳмоқ экансан. Олдинги гапларингни эшитиб сенга ихлосим ошаётувди. Бу гапларинг кўнглимни айнитди.
– Хўп, мен аҳмоқман. Телевизор ёлғонни айтаётган экан, ўзбекларинг нимага жим туришибди? Ғурури борми ўзи уларнинг? Бизга туҳмат қиляпти, деб дунёни алғов-далғов қилиб юборишмайдими?
– Айтишга осон. Ҳозир мен чўнтагимдан ингичка сим арқон олиб бўйнингга ташлаб сиқай, сен эса дунёни алғов-далғов қилиб бер менга.
Ҳайдовчи индамади. Йўл иккига айрилган жойга яқинлашгач, машинани секинлатди.
– Менга қара, биродар, овулингга бугун боришинг шартми?
– Нима эди?
– Шу ердан ўттиз чақирим юрсак, менинг овулимга етамиз. Сен чечен бўлсанг ҳам ҳозир қўноқсан. Қўноқни овулимдан четлаб олиб кетсам, менга лаънат ёғилади.
– Шошилаётганим йўқ… Мени биров кутаётгани ҳам йўқ.
– Шошилмаганинг яхши, аммо биров кутмагани ёмон. Чеченни биров кутмаса ёмон, жуда ёмон.
Кичикроқ бир довонни ошиб ўтишгач, пастда бир қишлоқ кўринди. Аслида уларни бу ерда ҳеч ким кутмаётган эди. Ҳайдовчи дарё ёнидаги бир уй олдида машинани тўхтатди.
– Бу уй опамники, – деб ичкари кирди. Бир оздан сўнг қайтиб чиқиб, Зелихонни ичкари таклиф қилди. Хонадонда эркаклар кўринмади. Аёллар тезлик билан жой ҳозирлашди. Чой қайнагунча эркаклар ҳам келишди. Дам ўтмай ҳовли одамга тўлди. Биров Зелихонга сен кимсан, қаердан келдинг, бошингда қандай ташвишлар билан билан юрибсан, демади.
Бу хонадонда бир соатча ўтиришгач, бошқа хонадонга таклиф этилдилар. Шу зайлда ярим тунга қадар меҳмондорчилик бўлди. “Ҳаммани ҳам шундай кутишадими ё менгагина илтифот кўрсатишяптими?” – деб ўйлади Зелихон.
Тунда дарё бўйидаги сайҳонликда гулхан ёқилди. Зелихонни бошлаб келган такси ҳайдовчиси юракни ларзага соладиган ҳазин қўшиқ бошлади. Бир нафасдан сўнг уч-тўртта эркак унга жўр бўлди. Сайҳонликка одам тўплана бошлади. Қишлоқдагилар ухлаяпти, деб ўйлаган Зелихон ажабланди. Ҳазин қўшиқ охирлагач, куй янгради. Дилни яйратди. Ёшлар ўйин-кулги бошладилар…
Тонгга яқин ҳайдовчи бир озгина мизғиб олгач, йўлга тушдилар. Зелихон ундан “қалай, овулим ёқдими?” деган савол кутди. Ундан ҳадеганда садо чиқавермагач:
– Овулинг менга ёқди, – деди.
– Ҳайрон бўлма, сенинг овулинг ҳам худди шундай, – деди ҳайдовчи.
* * *
Уч-тўрт одам қулочи аранг етадиган йўғон чинор қишлоқ гузари ҳисобланарди. Чинор соясида гурунглашиб ўтирган қариялар тўхтаган машинага, ундан тушган йўловчига жиддий эътибор қаратмадилар. Ҳайдовчи уларга яқинлашиб, салом бергач, мақсадини айтди. Шундагина қариялар машинадан тушиб, очиқ эшикка жағини тираб турган Зелихонга тикилиб қарашди.
Ҳайдовчи изига қайтди-да, Зелихонга:
– Аввал шуларга салом бер. Булар ота-бобонгни эслашди, – деди. Кейин жойига ўтира туриб қўшиб қўйди: – Овулимни кўрдинг. Бошингга иш тушиб қолса тўғри боравер. Кечаги гапларимга хафа бўлма. Мен тўғри гапни яхши кўраман.
Зелихон унга раҳмат айтиб, келишилган кира ҳақини узатди. Ҳайдовчи бир пулга, бир Зелихонга ўқрайиб қаради-да:
– Сенинг чеченлигингга ишонмай қолдим! – деб эшикни жаҳл билан ёпди.
Зелихон шитоб билан қўзғалган машина ортидан бир оз қараб турди-да, пулни чўнтагига қайта солиб, оғир қадамлар билан қариялар томон юрди.
Назарида бобоси оламдан ўтгач, бу ерга келиб қолгандай, шу қариялар даврасига қўшилгандай, ҳозир эса даврадан ажралиб чиқиб қучоқ очиб кутиб оладигандай эди. Шу фикрда даврага яқинлашгач, бобосига ўхшаган бир қарияни кўрди-ю, юраги шиғ этиб кетди.
Оқсоқоллар саломига алик олишиб у билан қадрдонлардай қучоқлашиб кўришишди. Сўнг давра ўртасидан жой беришди. Зелихон булардан ҳам “тилингни билмайсанми” деган таънани эшитмайин, деб хижолат бўлиб турган эди, бобосига ўхшатган қария русчалаб гап бошлади:
– Бобонгни танирдим. У тенгсиз полвон эди. Чечен овуллар нима экан, у ёқда ингуш овуллар,у ёқда аварлар, қўмиқлар… Эҳ-ҳе, кураш бор жойда полвонлар ундан зириллаб туришарди. Унинг кураги бир марта ерга теккан. Уни ўттиз олтинчи йилда мен енгганман. Худди шу ерда. – Қария шундай деб мўйловини бураб қўйди. – Мен ёш эдим, у эса кексая бошлаган эди. Йиқитишга йиқитиб қўйиб, “устоз, кечиринг” дебман. У ўрнидан туриб, мени қучоқлаб, пешонамдан ўпди. Кейин бир тарсаки туширди. Одамлар ҳайрон бўлиб сўрашди: “Қучоқлаб ўпганинг нимаю урганинг нима?” У айтди: “Мени енггани учун қучоқлаб ўпдим. Кечирим сўрагани учун тарсаки туширдим” Ҳа… шунақа одам эди… Аммо отангдан полвон чиқмади. У урушга мендан олдинроқ кетган эди. Мен қайтдим, ундан дарак бўлмади…
Қариялар шошилмасдан, бирининг гапига иккинчиси аралашмасдан қизиққан саволларини сўрай бошладилар. “Шу пайтгача нима учун келмадинг?” деган саволга Зелихон “Уй-жой, бола-чақа билан ўралашдим”, деб баҳона қилди. Бу гапни эшитиб оқсоқоллар жим бўлишди. Айримлари “аттанг” дегандай бошларини сарак-сарак қилиб қўйишди. Бобосига ўхшаган қария эса бургутники каби ўткир нигоҳини унга қадади-да:
– Бобонг тирик бўлганида шу гапинг учун бир тарсаки туширарди, – деди.
Зелихон “Нима учун?” деб сўрамади. Ёлғони фош бўлганини сезди.
– Бошқа сабаблари ҳам бор, – деди бошини эгиб.
– Ўша бошқа сабабларини гапиришинг жоиз эди. Бизни бу авлоқда пўпа-нак босиб ётган чоллар, деб ўйладингми? Қамоқдан қачон чиқдинг?
– Бир йил бўлиб қолди.
– Нима қилмоқчисан?
– Овулга сиғсам, шу ерда қоламан.
– Овулга сендайлардан миллион бўлса, миллиони сиғади. Қани, тур ўрнингдан, орқамдан юр.
Улар бир юк машинаси сиғадиган тупроқ йўлдан юқорига қараб юришди. Қария Зелихондан чаққонроқ эди. Уч-тўрт қадамдаёқ илгарилаб кетди. Айланма йўллардан бир оз юришгач, пастқамроқ бир уй қаршисида тўхташди.
Ҳовлида жўхори чопиқ қилаётган одам уларни кўриб, ишини тўхтатди-да, пешвоз чиқди:
– Келинг, Алибек оға, – деди у қарияга, сўнг Зелихонга синовчан тикилди: –Зелихонмисан?
– Ҳа, Зелихон, янглишмадинг. Мен сенга айтардим-а, бир кунмас-бир кун келади, деб… – Қария Зелихонга қаради. – Мана шу сенинг уйинг. Арслон урушдан қайтганда уйи куйиб кетган эди. Маслаҳатлашиб, шу ерга кўчирдик. Сен хоҳлаган кунинг уйни бўшатиб беради.
Арслон ўз ўғлини кутиб олаётган ота меҳри билан Зелихонни маҳкам қучоқлади.
– Отанг менинг қадрдоним эди. Сен туғилганда чунон яйраганмизки, сен сўрама, мен айтмайин.
Уй уч хонадан иборат, иккитасини Арслон банд қилган, биттасига уй эгаларидан нимаики қолган бўлса, асраб қўйилган эди. Эгалланган икки хона супуриб-сидирилганда, бу хона ҳам албатта тозаланарди. Арслон Зелихонни шу уйга бошлади. Хона эгасизга ўхшамас, уй бекаси ҳозиргина йиғиштиргандай саришта эди.
– Бу хона кетганларингдан бери сени кутяпти, – деди Арслон. – Бобонг билан онангни Худо раҳмат қилсин, уларнинг қайтиш қилганларидан хабаримиз бор. Алибек оғам тўғри айтдилар, сени кутдик. Худога шукур, келдинг. Ота-онанг, бобонгнинг буюмлари шу ерда. Ҳатто… – Арслон кулимсиради, – сенинг иштончаларинг ҳам жавонда турибди…
У шундай деб Зелихонни ёлғиз қолдирди.
Зелихон оёғидан мадор кетаётганини ҳис қилиб, аста тиз чўкди.
Шу уйда киндик қони тўкилган, шу уйда эмаклаб юрган, шу уйда “она” деб тили чиққан. Бу уйда отаси, онаси, бобосининг излари бор. Бу деворларга уларнинг овозлари сингиб қолган… Балки руҳлари ҳам шу уйда уни неча йиллардан бери чирқираб кутаётгандир? Нега шу пайтгача келмади? Агар Исмоилбей ўлмаганида, ўлим олдидаги гапларини айтмаганида умуман келмасмиди бу ерларга… Шу томонларга неча маротаба йўли тушди. Бир йили “овулимни бориб кўрай”, деб қасд ҳам қилди. Аммо ярим йўлдан қайтди, оёғи тортмади. Оёғи тормаганининг сабаби бор – ҳали унда имон кўз очмаган эди. Руҳи жаҳолат ботқоғида биқсиб ётарди.
У ўрнидан туриб жавонга яқинлашди. Эшигига юзини қўйиб турди. Шу эшикни онаси неча маротабалаб очган. Қўллари тафтлари ҳануз сақланиб қолгандир?..
Орадан кўп ўтмай ҳовлида жонланиш сезилди. Зелихон танимаган овулдошлари уни зиёрат қилгани йиғила бошлаган эдилар.
Унинг ҳовлиси уч кечаю уч кундуз тўйхонага айланди. Қўйларни олиб келганлар кимлар, сўйганлар кимлар, дастурхон тузаганлар кимлар – билмайди. Уч кун давомида қишлоқнинг эрка фарзанди сифатида иззатда бўлди. Неча хонадонда меҳмонда бўлганини санайман, деб саноқдан ҳам адашди.
Тўртинчи куни Алибек оқсоқол кирди.
– Энди нима қилмоқчисан, шу ерда қоласанми? – деб сўради у дабдурустдан.
– Шундай ниятим бор, – деб жавоб берди Зелихон.
– Арслон уйни бўшатсинми?
– Мен сўққабош бўлсам, битта хона ҳам етади. Уларга малоллигим келмаса бас.
– Қўлингда ҳунаринг борми?
Зелихон панжаларига қараб, кулимсиради. Гулдай ҳунари бор-а, аммо чолга пўлат сандиқларни қандай очишию, қулфларни қандай усталик билан бузишини айтсинми?
– Ёмон, жуда ёмон, – деди Алибек оқсоқол. – Чечен йигитнинг ҳунарсиз бўлиши ёмон. Сен отбоқарга ёрдамлашасан, раисга айтиб қўйдим.
– Иш бўлса қочмас, яна уч-тўрт кун дам олай, – деди Зелихон.
Бу гапни эшитиб оқсоқол қалин қошларини чимирди. Бургут кўзларини эслатувчи нигоҳи ёнди:
– Сен эркакмисан? Эркак одам оғзини очиб ётиши мумкинми?
Зелихон унинг чиндан аччиқланганини сезиб:
– Хўп, эртадан чиқаман, – деди.
– Ҳозироқ ишга жўнайсан, қани, олдимга туш!
Зелихон қайсарлик қилмай унга эргашди. Унинг изидан бора туриб “бобом тарсаки тушириб яхши қилган эканлар”, деб қўйди.
* * *
Чеченлардаги миллий ифтихор, миллий ғурур, ботирлик бошқаларга ўрнак бўларли. Лекин ботирликни ақл йўлига йўналтириш муҳимроқ. Мен ҳарбийда танишган чечен йигитларнинг ҳаракатларида шу ақл етишмас, таъбир жоиз бўлса, уларни “ёввойи, тизгинланмаган ғурур” бошқарар эди. Яъни бу ғурур, бу довюраклик ақлга бўйсунмасди. Аксинча, жиловланмаган руҳий эҳтирос устунроқ эди. Бундай куч ҳеч қачон ижобий самара бермаган, балки вайроналикни келтирган. Миллий ифтихор – муқаддас туйғу, уни ҳам ҳуда-беҳудага сочавермаслик керак. Алихон Хонгиреев ярим йил ўқиб, ҳунар эгаллагач, чўлдаги қурилишга жўнатилди. У ерларда “бахтсиз ҳодиса”лар кўп бўлиб турарди. Кимдир чуқурга йиқилади, кимнингдир бошига тепадан ғишт тушади, кимнидир электр токи уриб ўлдиради… Алихоннинг бошига темир тўқмоқ тушиб, тил тортмай жон берибди. “Шайтанат”даги қасоскор Зелихоннинг ҳам ўлими шунга ўхшайди. Миллий ифтихорни, довюракликни, жасорат фазилатини билак кучига бўйсундирмаслик керак эди. XIX асрда руслар Қофқазни истило этаётганларида миллатнинг бундай ботирлиги лозим эди. Истилочилар маҳкам ўрнашиб олгач, уларни энди куч билан жилдириш мутлақо мумкин эмас. Бу танкка қарши ханжар билан ҳужум қилишдай бир гап. Бадиий адабиётда бундай ҳолни шамол тегирмонига найза билан ҳужум қилган Дон Кихотга ўхшатишади. Энди истилочиларга нисбатан кам сонли ҳисобланган миллатлар қадларини илм билан ростлашлари керак. Бизнинг жадидлар XX асар аввалида айнан шу йўлни танлаган эдилар. Бу йўлнинг озодликка олиб чиқажагини англаган большевиклар биринчи галда жадидларни йўқ қилиш ҳаракатида бўлдилар.
Совет Иттифоқи парчалангач, чечен генерали Жавҳар Дудаев билан ингуш генерали Руслан Аушев “Чечен-ингуш автоном республикаси”ни икки мустақил республикага ажратиб олишди. Ингушлар Россия билан зиддиятга бормадилар. Дудаев эса бошқа йўл тутди ва оқибатда неча минглаб чеченлар жон бердилар, қонли тўқнашув ҳалигача давом этяпти. Дудаев сиёсатчи ҳам, маърифатчи ҳам эмасди. Афғон урушида аёвсиз қон тўккан жангари одам эди. Ватани озодлиги учун жонфидо қилгани учун шарафланар, лекин кераксиз урушга киришишини оқлаш қийин. Дудаев ва унинг сафдошлари Аслан Масхадов, Шамил Басаев майдонга чиқишганда мен ҳарбийда бирга хизмат қилганим бевош зўпидин Алихон ва унинг дўстларини эсладим ва уларнинг аянчли тақдирига ачиндим.
* * *
1970 йилнинг ёз ойларида, грузинларнинг ҳарбий қисмдаги ғалаёнидан кейин тарбия ишларига эътибор кучайтирилди. Биринчи галда аскарларни “халқлар дўстлиги” руҳида тарбиялашга аҳамият берилди. Майор Рябошапка сержантларни клубга тўплаб бу борадаги вазифани тушунтиргач, “Энди ҳар биринг менга ўз республиканг ҳақида гапириб берларинг”, деб амр этди. Сержантлик унвоним бўлмаса-да, ярим йилдан кўпроқ хизмат қилганим сабабли бу даврага чорланган эдим. Россиялик, украиналик йигитларнинг билимлари саёз эди, республикалари ҳақидаги ҳикоялари ҳам шу даражада бўлди. Менинг Ўзбекистон ҳақидаги гапларим яримламай, Рябошапка тўхтатди.
– “Қудратимиз дўстлик”да деган тадбир ўтказамиз. Ўзбекистон ҳақида яқинда хизматга келганлардан бири гапиради, – деди.
Тадбирга тайёргарлик ишига мени ҳам жалб қилишди. Режа бўйича ҳар бир миллат вакили аввал ўз юрти ҳақида гапириб бериши, кейин шу халқнинг қўшиғи ижро этилиши керак эди. Икки ой аввал хизматга келган бир йигитни танлашибди. Суҳбатлашиб кўрсам, Ўзбекистон ҳақида деярли ҳеч нарса билмайди. Назаримда, ҳеч нарса билмагани учун ҳам танлашган бўлса керак. Мен унга нималарни гапириш кераклигини тушунтириб, ёзиб ҳам бердим. У нодон ёзганларимни Рябошапкага кўрсатган экан, баён қисқартирилиб, қуруқ рақамларгина қолибди. Қўшиқни Тошкентнинг Шоҳфайзи маҳалласидан келган Жамолиддин айтадиган, тўйтепалик йигит эса рақсга тушадиган бўлди.
Тадбирда ўзимизни кўрсатиш учун Жамолиддин “рубобимни тезлик билан жўнатинглар” деб уйига хат ёзди. Унинг овози ширали, Комилжон Баратов қўшиқларини севиб ижро этарди. Бу тадбирдан кейин ҳам деярли ҳар куни, айниқса, якшанба кунлари унинг қўшиқларини жон қулоғи билан эшитардик. Менинг маҳаллам билан Шоҳфайзи ораси яқин бўлгани учунми у билан ака-укадек бўлиб қолгандик. Ҳатто маълум муддат рубоб чалишни ҳам ўргатди. Ҳарбийдан кейин ҳам учрашиб турдик. Мен уни ҳаваскор қўшиқчи сифатида радиога жалб қилишни истардим, у эса ўзини тортарди. Ҳарбийда бирга хизмат қилган дўстимиз Атҳамнинг тўйида ширакайф бўлиб олган экан, Кўкча дарвозасидан уйга қадар пиёда кетдик. Шунда кутилмаганда у ўзининг “КГБ”да хизмат қилишини айтиб қолди. Ҳарбийдан қайтганда уни махсус ўқишга юборишган экан. Бу соҳада хизмат қилиши махфий саналгани учун ҳатто ота-оналари ҳам билишмас экан. Айтишга айтиб қўйиб, сирни сақлашимни илтимос қилди. Бу сатрлар ёзилгунига қадар ваъдамга кўра, сирни сақладим. 1990 йили Паркент фожиаси кунлари у кечки пайт уйимга келди. Кайфияти синиқ эди.
– Кеча Паркентда одамларни отишди, – деди у алам билан.
– Эшитдим, – дедим мен. – Бу фожианинг сабабини ўрганувчи ко-миссия ташкил қилинибди. Устозимиз Пиримқул Қодиров раис эканлар.
– Аниқлаш қийин эмас-ку?! Аскарларда автомат бор эди, лекин ўқларининг ичи бўш (холостой патрон) эди. Буни ўқ овозидан билса ҳам бўлади. Жанговар ўқнинг овози бошқа. Жанговар ўқ фақат полковникнинг тўппончасида бор эди. Йигитларни ўша отиб ўлдирган, текширувчи комиссиянинг кераги ҳам йўқ! Битта виждонли эксперт бўлса етарли – дарров аниқлаб беради.
Жамолиддиннинг куюниши бежиз эмасди. Комиссия тузилгани билан ҳеч бир иш қилмади, ҳеч нарсани аниқламади, ўқ узган полковник жазога тортилмади. Баъзилар “Пиримқул ака миллат учун ёнмайдиган одам, суст ҳаракат қилди”, деб ножоиз айбладилар. Устоз кескин ҳаракат қилганларида ҳам натижа шундайлигича қоларди. Чунки совет армияси полковнигини жазога торта олувчи куч йўқ эди. Жамолиддин кейинги учрашувларимизда ҳам бу фожиани бот-бот эслаб, эзилар, “энди мен қандай одам бўлдим, энди ўшалар билан бирга хизмат қилишим мумкинми? Уларга ҳамтовоқ бўлиб юравераманми?” – деб ўзини ўзи айблар эди.
Бу воқеа содир бўлишига ҳали йигирма йил бор, ўшанда, 1970 йилда у ҳарбий қисмдаги халқлар дўстлигига бағишланган тадбирда ҳузурланиб қўшиқ айтган эди. У қўшиқ айтаётган дамда эса, ошхона томонда бошқача “халқлар дўстлиги” тадбири бошланган эди.
Икки ой аввал хизматга келганлар орасида доғистонлик ака-ука ҳам бор эди. Муҳаммад ва Тенгиз аварлардан бўлишса-да, биз билан қўмиқ тилида эркин гаплашишарди. Бу йигитлар ҳам худди чечен Алихон сингари ўз ғурури учун ўтга киришдан тоймас эди. Тенгиз Махачқалъа педагогика институтида бир ярим йил ўқиб, ташлаб кетган экан. Фикрлари тиниқ, илмли йигит эди. Русларнинг истилоси ҳақида, озодлик урушида жон берган имом Ғози, имом Ҳамзатлар, имом Шомилнинг ҳаёти ҳақида менга Тенгиз сўзлаб берган эди. Мен Ҳожимурод ҳақидаги Лев Толстойнинг асарини ўқиган эдим. Ундан олдинроқ, болалигимда Михаил Лермонтовнинг “Замонамиз қаҳрамони” асарида ҳам истилога доир воқеалар билан танишгандим. Кейинроқ Расул Ҳамзатовнинг “Доғистоним” асарида ҳам Шомил ҳаётига доир сатрларни ўқиганман. Шоирнинг “Сен ўтмишга тўппонча билан ўқ узсанг, келажак сени замбарак билан ўққа тутади”, деган ҳикмати шу баёнга тегишли эди. Ўша йиллари бу фидойилар ҳақида роман ёзиш нияти туғилган эди. Орадан қирқ йилдан ортиқ вақт ўтди. Бу ният ҳалига қадар тирик. Аллоҳ умр ва қувват берса, бу мавзуда тўплаган маълумотларим қоғозга тушар, инша Аллоҳ.
Ака-ука доғистонликлар “Халқлар дўстлиги”га доир тадбир ўтаётган пайтда тошкентлик йигитни ҳимоя қилиб рус-украин сержантлар билан муштлашаётган эканлар. Улар ошхонада гўлахлик вазифасида хизмат қилардилар. Ўша куни ошхонада навбатчилик қилаётган тошкентлик аскар йигитни сержант аввал ҳақоратлабди, кейин уриб, тепкилай бошлабди. Буни кўриб қолган Тенгиз чорасиз йигит ҳимоясига ташланибди. Кейин Муҳаммад акаси изидан югурибди. Хуллас, бошқа славянлар ҳам қўшилиб, катта жанг бошланибди. Мен бу пайтда “дўстлик” тадбирини фотосуратга олиш билан банд эдим. Тошкентлик йигитлардан бири югуриб келиб, мени жангдан огоҳ этди: “Тенгизнинг қўлида катта пичоқ, тез бормасангиз бўлмайди”, – деди. Югуриб бордим, чиндан ҳам Тенгиз катта пичоқ билан ҳужумкорларга ҳамла қиляпти. Қарасам, сўйиб ташлашдан тоймайди. Ўртага тушиб, ажратиб олдим. Бу орада офицерлар ҳам етиб келишди. Оқибат шу бўлдики, ҳарбий интизомни бузган ака-ука “гаупвахта” деб аталувчи ички қамоқхонада ўн кун ўтиргач, чўлдаги қурилишга бадарға қилиндилар. Жанжални бошлаган сержантга танбеҳ ҳам берилмади. Чунки у ҳарбий қисм футбол командасининг асосий ўйинчиларидан бири эди.
Аскар йигитларни миллатлар дўстлиги руҳида тарбиялашга қаратилган тадбир шу тарзда якун топди.
Орадан йиллар ўтса-да, доғистонлик ака-укаларни унутганим йўқ. “Мурдалар гапирмайдилар” асаридаги Тенгиз образини шу ёднома асосида озгина ўзгариш билан ёзганман:
* * *
Қамоқ лагерининг табиби келиб, ярани боғлаб муолажа қилиб кетгач, Тенгиз Нуриддинни чайлага бошлади. Эски газеталардан иборат “дастурхон” усти бетартиб эди. Пачоқбурун кириб, чала ейилган нон-гўштларни йиғиштириб чиқиб кетгач, Тенгиз алюмин кружкага тўлатиб ароқ қуйди-да, меҳмонга узатди. Нуриддин уни олиш учун қўл ҳам узатмади.
– Ҳа, – деди Тенгиз, қошларини чимириб. – Ҳазар қиляпсанми?
– Ичмайман, – деди Нуриддин. Сўнг таранг вазиятни юмшатиш мақ-садида қўшиб қўйди: – Шу пайтгача ичмаганман.
– Намоз ўқийсанми?
– Йўқ.
– Унда менга ўхшаган чала мусулмон экансан. Ичмайдиган одамларни ҳурмат қиламан. Ичишни анави тўнғизларга чиқарган. Бу нима, биласанми?
– Ароқни айтяпсизми?
– Ҳа, сен билан мен буни ароқ деймиз. Аслида бу бизнинг миллатимизни қириб ташловчи атом бомба. Бу энағарлар бизларни қандай қуритишни билишган. Сен билан биз бунинг фаҳмига бормай ичаверамиз, ичаверамиз. Ичиб олиб болаларни туғдираверамиз. Бориб-бориб миллат қирилиб кетганини билмай қоламиз. Сенлар кўпсанлар, унча билинмас балки. Аммо биз каммиз. Ҳадемай қирилиб битамиз.
– Сиз… грузинмисиз?
– Йўқ… – Тенгиз мийиғида кулди: – Мен – аварман! – Тенгиз бу гапни ифтихор билан айтди. – Авар деган халқ бор бу дунёда, эшитганмисан?
Нуриддин эшитмаган эди. Бир оз хижолат бўлгани ҳолда бу ҳақиқатни тан олди.
– Сен мени гуржига ўхшатма. Улар Қофқазни сотишган. Менинг бобобларим эса қофқазимизни бу кофир тўнғизлардан ҳимоя қилган. Имом Ҳамзат, имом Шомил, Ҳожимуродларни эшитганмисан? Ҳа, эшитмагансан.
– Мен… ўқимаганман. Саккизинчини битириб, далага чиқиб кетганман. Кейин ҳарбийга чақиришиб, Афғонга ташлашди. Кейин бу ерлар… қўлимга битта китоб олиб ўқимаганман сира.
– Унда сени “эш-шак” деганлари тўғри экан. Қайсарлигинг учун эмас, ўқимаганинг сабабли эш-шаксан. Ўқимаган одамнинг эш-шакдан нима фарқи бор? Сен менинг тарихимни билмайсан. Ўзингникини биласанми? Сенинг ҳамзатларинг, шомилларинг борми? Билмайсан! Эш-шак ҳам ўзининг ота-боболарини билмайди. Гапларимга ҳайрон бўляпсанми? “Ўғридан ҳам шунақа гаплар чиқадими?” деяпсанми? Мен ўғри бўлиб туғилмаган эдим. Ота-бобом ҳам ўғри эмасди. Мен ўзимникиларнинг ушоғига ҳам хиёнат қилмаганман. Мен еримга ўғри бўлиб босиб кирганларнинг мол-жонига қирон келтираман. Мен ўғри эмас, қасоскор, хунхўрман! Аммо ўғри деган унвонни олганман. Мен учун қасоснинг ўзгача йўли йўқ. Биласанми, мен салкам олий маълумотли файласуфман. Ҳа… мени тўртинчи курсдалигимда ҳайдашган. Ленинградда ўқирдим. Бир профессор бор эди, – Тенгиз шундай деб истеҳзоли жилмайди. –Николай Александрович Цагоев деган. Қизиқ, а? Исми ўрисча, насаби тоғликларники. Кейин билсам асли Назир Алиевич Цагоев экан. Тилимни тиёлмай ўшанга бир куни айтдим: “Муҳтарам профессор, майли, ўзингизнинг исмингизни ўрисча қилибсиз, отангизнинг шундай чиройли исмини нега ўзгартирасиз? Сизда тоғликлар номусидан заррача борми?” дедим. У энағар мени комсомол мажлисига қўйди. Менинг қайсарлигим тутиб, мажлисда аварча гапирдим. Ўша профессорнинг ўзи таржимақилиб турди. Ўрис деганларнинг жазавалари тутганини кўрсанг эди. Қўлларидан келгани – мени комсомолларидан ҳайдашди. Шартта туриб: “Мен аварман! Аварлигимча ўламан! Тупурдим сенларга!” – дедим. Шу баҳона бўлиб ўқишдан ҳайдашди. Кейин мен бу “ўқишга” кирдим. Биринчи қилган ишим – Цагоевнинг уйини босдим. Авар князлари ҳам унчалик бой бўлишмагандир. Тоғлик йигитларни ўқишга киритиб қўяман, деб тозза шилар эди у энағар. Уйини шилиб, қолган-қутганини ёқиб юбордим. Ўн йил бадалида икки марта қўлга тушиб, пишдим. Ўн биринчи йили “қонундаги ўғри” мартабасини бериб, менга тож кийдиришди. Энди билдингми, кимлигимни? Бу тўнғизлар мени қул қилиш учун еримга бостириб киришган эди. Энди уларнинг ўзлари менинг қулим. “Бифштекс”ни ўлдирганинг учун заррача афсусланмадим. Бу энағарлар қанча кўп ўлса, шунча яхши. Сен эса… яшашинг керак! Мен сенга “Ҳамзат” деб ном бераман. Шомил билан Ҳожимурод ҳам бизнинг қаҳрамонларимиз. Лекин мен уларни унча яхши кўрмайман. Улар охири синишган. Ўрисга таслим бўлишган. Ҳамзат эса, синиш у ёқда турсин, ҳатто салгина эгилмади. Жойнамознинг устида боши узилди. Сенда ҳам шунга яқин фазилат кўрдим. Шунинг учун сенга меҳрим тушди. Шунинг учун бу гапларни сенга айтяпман. Аммо сен бола, қайсарлигингни арзон баҳога сотар экансан. Сен майда-чуйда гаплардан устун тур. Сен миллат учун собит бўлишни ўрган. Шунга ақлинг етадими? Йўқ, етмайди… Афсус, афсус, етмайди. Мен ўзбеклар орасида сенга ўхшаган мардини кам кўрганман. Сенларнинг синишларинг осон. Сен бу ерлардан синмайдиган одам бўлиб чиқ. Кўзларингни очиб, одам бўлиб чиқ! Ҳамзат, бир куни келиб гапларимни эслайсан. Ана шунда бу ўғри унчалик аҳмоқ эмас экан, деб тан оласан.
Ҳаёт-мамот олишуви Нуриддин, эндиликда Ҳамзат учун кутилмаган ҳодиса эди. Қаҳрли ўғрининг бу гаплари эса, мутлақ кутилмаган ҳол бўлди. Бу гапларнинг мағзини чақишга ҳаракат қилди. Кейинги учрашувларда яна шу ҳақда гап очилармикин, деб кутди. Бироқ, Тенгиз қаҳрли ўғрибоши либосини ечиб, очилиб гаплашмади. Фақат анча кейин, ноҳуш воқеалар сўнгида ажралар маҳалларида “Сен менинг ҳимоямдасан. Мен ўлсам, одамларим ҳимоя қиладилар. Сен ўша кунги гапларимни унутмасанг бўлди: асло сина кўрма!” деб таъкидлади.
* * *
Бугун Украинадаги фуқаролар уруши манзараларини телевизордан кўриб яна ҳарбий хизматдаги воқеаларни эслайман. Бугунги сиёсатчилар урушнинг бошланишини Януковичнинг Евроиттифоққа яқинлашишни истамаганлигида деб баҳолашди. Бу бир учқун, гулхан ёқиш учун ўтин қалаш, оловнинг туташи анча олдин бошланган эди. Ғарбий украиналик қасоскор Бандера ва унинг издошларини советлар урушдан кейин қириб битиришгандек эди. Тўғри, Бандера ва минглаб бандерачилар қамалган, отилган. Лекин унинг ғояси тирик эди. Мен буни ҳарбий хизматдалигимда сезганман. Тарих дарсларида 1939 йилдаги Ғарбий Украина ва Ғарбий Белоруссияга юриш шу халқларнинг илтимосига кўра бўлганлиги таъкидланарди. Бандера миллат хоини деб сифатланарди. Ҳарбий хизматда эканимда карпатлик йигитлар билан дўстлашдим. Уларнинг феъли, миллий ғурури қофқазлик йигитларники каби эди. Ҳарбий қисмда донецклик йигитлар ҳам бор: айримлари украин, баъзилари рус, айримларининг отаси рус, онаси украин (ёки аксинча) эди. Биз учун карпатлик ҳам, донецлик ҳам украин миллати эди (Аскарлар умумлаштириб, барчаларини “хохол” дейишарди). Карпатликлар эса ўзларини донецкликлар билан миллатдош ҳисоблашмасди. Русларни “истилочи” деб билиб, қофқазликлар каби очиқ зиддиятга бормасалар-да, нафратларини яширишмасди. Уларнинг дов-юраклиги ва кескинлиги сабаблимикин, бошқалар қўрқиброқ туришарди. Ўша йиллари Киевнинг “Динамо” футбол командасида асосан карпатлик йигитлар шуҳрат қозонишган эди. Мунтян, Паркуян, Буряк каби йигитларнинг майдонда туришида ҳам ғурур сезилиб турарди. Бизнинг ҳарбий қисм футбол командаси дивиязияда энг кучли ҳиобланиши ҳам карпатлик йигитлар туфайли эди. Мен рота командасида ўйнаганман, қисм терма командасида ўйнай олиш қобилиятим йўқ эди. Лекин Тошкент жисмоний тарбия институти футбол бўлимини тугатган йигит маҳорат бобида улардан баланд бўлса-да, қисм терма командасига яқинлаштиришмади. Бу ҳолдан кўнглим ғашланарди, дардимни ичга ютишдан бўлак иложим йўқ эди. Липецклик бир-икки футболчи йигитлар учун ҳам бу команда йўли тўсилганди. Терма команда фақат украиналик сержантлардан ташкил топган эди. Аммо карпатлик ва донецклик футболчилар орасида иттифоқ йўқлиги ўйин пайтида сезилиб турарди. Масалан, Иван Тур қулай вазиятда турган Пётр Галченкога ҳеч маҳал тўп узатмасди.
Донецклик йигитларда мансабпарастлик, бошқаларни менсимаслик аниқ сезилиб турарди. Карпатликларда бунақа иллат йўқ эди. Хижняк, Тур, Танчинец, Гоголь каби йигитлар билан дўст эдим. Миллатлараро зиддият ҳам асосан донецклик ёки липецклик йигитларнинг нодонлиги туфайли пайдо бўларди.
1971 йилда “Чарм тўп” мусобақаси баҳонасида бекободлик ёш футболчилар билан бирга Донецк шаҳрига борган эдим. Мусобақанинг тантанали очилиш маросимидан кейин Донецкнинг “Шахтёр” ва Москванинг “Спартак” командаси ўйнади. Стадион томошабинга лиқ тўла. Бир гуруҳ “Дави хохлов!” (Хохолларни босиб, янчиб ташла!) деб қичқирса, бошқа гуруҳ “Дави кацапов!” деб баралла бақиради. Ҳар икки ҳайқириқда миллатчилик руҳи уфуриб турса-да, ҳеч ким уларга индамайди. У пайтларда стадионда муштлашиб кетиш ҳоллари кам учрарди. Агар бу бақириқлар ҳозир янграса катта жанжал бошланиши аниқ. Мен нима учун русларни “кацап” деб, украинларни “хохол” деб аташларини билмасдим. Лекин бу атамаларда камситиш, ҳатто ҳақорат оҳанги борлигини сезгандай эдим. Уйга қайтгач, бу лақабларнинг маъноси билан қизиқдим. Сезгим алдамаган экан. Қадимдан Украинада яшовчилар “малорос”лар (майда ёки кам сонли руслар), Россиядагилар эса “великорос” (буюк ёки кўп сонли руслар)лар деб аталган (Украинада уруш бошланиб, Донецк ва Луганск областлари ўзларини мустақил республика деб эълон қилгач, Россия матбуотда яна “Малороссия” деган атама тилга олинадиган бўлди). Великорослар истилочи сифатида малоросларга зулм ўтказиб туришган. “Кацап” лақаби ўша замонларда тақалган. Луғавий маъноси “Москвалик ҳарбий одам”ни англатса-да, халқ бу атамани “лайча” маъносида қўллаган. “Хохол”да камситиш маъноси камроқ. Малорослар, айниқса Запорожье казаклари узун мўйлаб қўйиш баробарида қалин сочкокил ҳам қўйиб юришган. “Хохол” ана шу кокилга ишора, хўрознинг тожини ҳам англатади. Бу атамаларнинг луғавий маъноси қандай бўлмасин, миллат шаънини ҳақоратлаши аниқ. Бу атамаларга аҳамият берганимнинг боиси: биз қандайдир давраларда билиб-билмай русларни “кацап”, украинларни “хохол” деб қўйсак, уларни ранжитган бўламиз.
Донецкда бўлган йилим Украинада вабо тарқалиб, карантин эълон қилинди ва бизнинг Ўзбекистонга қайтишимиз муаммо бўлиб қолди. Мен уйга Киев орқали қайтишни режалаштирган эдим. Шу боис карантин қўриқчиларига билинтирмай бир ўзим аэропортга бориб, Украина бошкентига учдим. Мақсадим бу ерда яшайдиган фантаст ёзувчи Игорь Росоховатский билан танишиш эди. Мен унинг китобини ўқиб, ёқтириб қолган эдим. Танишдик. У ҳам мен каби болалар газетаси таҳририятида ишлар экан. Баҳонада газеталари иши билан ҳам танишдим. Муҳаррир хизмат машинасини берди, Игорь Маркович шаҳарни айлантирди. Машинага чиқишдан олдин “миллий масалада гапириб ўтирма, ҳайдовчи “КГБ”нинг одами”, деб огоҳлантириб қўйди. Марказий меҳмонхонага жойлашдим. Эрталаб туриб қарасам, эшикнинг пастки қисмидаги тирқишдан варақа ташлашибди. Унга Ғарбий Украинанинг Совет босқинчилари томонидан истило қилингани, ҳадемай Карпат ўлкаси озодликка чиқажаги ҳақида ёзилган эди. Урушдан олдин Ғарбий Украина, Ғарбий Белоруссия ва Болтиқ соҳилидаги уч жумҳурият истило этилгач, хорижда бу юртларнинг муваққат ҳукуматлари тузилган ва у то Совет Иттифоқи парчалангунга қадар фаолият юритган. Сон жиҳатдан оз ҳисобланган миллатлар қудратли давлат олдида паст кетмаган, унинг ваҳшатидан қўрқмаган, сабр ва сабот билан миллат озодлиги учун курашини давом эттирган. Демоқчиманки, Литва, Латвия, Эстониянинг биринчилардан бўлиб мустақилликка эришгани тасодиф эмасди. Совет Иттифоқини Россия, Белоруссия, Украина раҳбарлари – Елцин, Шушкевич, Кравчук парчалаб беришгани йўқ. Бу жараённи айнан болтиқлик миллат фидойилар бошлаб беришган, уч славян жумҳурияти раҳбари ниҳоясига етқазган эди. Бундан олдинроқ “социалистик лагерь” деб аталувчи занжир ҳалқалари ҳам узилганди. Урушдан кейин хорижда фаолият юритган Польша, Чехия, Венгрия каби мамлакатларнинг муваққат ҳукуматлари ҳам тек ўтирмай, бу занжирни парчалаш чораларини қилдилар. Совет Иттифоқи уларни ўз ҳолларига қўйгач, хориж ҳукумати билан ички кучлар орасида зиддият чиқдики, бу уларнинг ички муаммоларидир, камина бу сиёсий аҳволни таҳлил қилишдан ожизман. Ҳарҳолда тарозининг бир палласига Ватан озодлиги, бир палласига амалпарастлар тўдаси қўйилса, яхши натижага эришиш қийин.
Хорижда ўзбек мусофирларининг ҳам қандайдир жамиятлари бор эди. Уларга раҳбарлик қилаётган Вали Қаййумхон, Боймирза Ҳайит, Булоқбоши каби номларни хориж радиолари эшиттиришлари орқали билардик, аммо аниқ бир фаолиятларидан хабарсиз эдик. Уруш пайтида немислар “Туркистон легиони” тузганларини совет тарихчилари китобидан билганмиз. Улар бу легионни худди власовчиларни айблашгандай “Ватан хоинлари” либосида тасвирлар эдилар. Власовчилар жангга кирганлар, “Туркистон легиони”нинг жанг қилгани ҳақида маълумот йўқ. Эҳтимол, Гитлер уларни ўз ғалабасидан кейин Туркистонда тартиб ўрнатиш учун сақлагандир? Олуорт каби советшуносларнинг чиқишлари ҳам асосан советларни танқидга олишдан иборат эди. Хуллас, хориждаги “ватанпарварлар”нинг қандай сиёсий ҳаракатда бўлганлари мавҳумлигича қолди. Мен улар ҳақидаги маълумотларни “Шайтанат”да доктор Худоёрнинг аламли гаплари орқали баён қилишга уриниб кўрган эдим:
* * *
– Афандим, – деди доктор Худоёр, унинг сўзини бўлиб, – буни мен-да дуруст англаюрман. Бироқ, Шермуҳаммадбек курашни давом эттирмаги мумкин бўлмаган экан, Ватанда душман қўлидан ўлим топмоғи шарафлироқ эмасми эди?
– Ажаб! Ажаб! – деб юборди Саъдуллохон, овозини бир оз баландлатиб. – Сизнинг бу гапларингиз менга Ватандаги бир шўропарастнинг сўзларини эслатди.
– Сабр этмакни ихтиёр қилинг, афандим. Менинг-да сўзим ҳали интиҳосига еткани йўқтур. Сиз-да, афандим, ҳижратни тилга олдингиз, аммо улуғ Бадр муҳорибасини хаёлингиздан паришон қилдингиз. Англаюрманки, улуғ Бадр муҳорибасинда шаҳид бўлганлар шарафига етмак мушкул бир вазифадур. Аммо минг тўққиз юз ўн тўрт санасинда Чаноқ қалъасиндаги муҳорибани англаюрмисиз? Бир қалъада тўрт юз эллик минг шаҳид! Уч юз эллик минги талабалар! Англаюрмисиз буни?! “Кими ҳинду, кими ям-ям, кими биламан не бало…” Улар-да шаҳид бўлдилар, аммо Туркия мағлуб этилмади. Афандим, англамак жоизки, Ватан бир боғдур. Бу боғни инсон қони ила суғармак лозимдур. Афандим, мен сизга бу хусусинда бошқа сўз айтмасман. Шўропарастлар сўзларини сиз айтинг.
Тўпланганлар ўша шўропарастнинг гапи нима экан, деган маънода кутдилар. Саъдуллохон ҳозирги гапларга ҳам муносабатини аён қилмоқчи эди, бироқ доктор Худоёрнинг “мен сизга бу хусусинда бошқа сўз айтмасман”, деб қўйиши ҳамда тўпланганларнинг тикилиб қолишлари унинг шаштини қайтарди.
– У зоти паст айтдики, – деди у бир оз ўнғайсиз аҳволда, – ит қорни тўйган ерда, одам эса Ватанда яшармиш.
Дастлаб эшитилганда қўпол туюлган бу мақол ўтирганлар этини бир сидра зириллатди. Бу ҳолатни сезган Саъдуллохон мазкур баҳсда мутлақ ғолиб бўлдим, деган қарорга келиб, атрофидагиларга мағрур назар ташлади. Аммо унинг ғолиблик супасини эгаллаши бир неча сониялик эди. Доктор Худоёр осонлик билан мағлуб бўлувчи тоифадан эмас эди. У ҳам ўтирганларга бир қур назар ташлаб олгач, “бошқа сўз айтмасман” деган ваъдасига хиёнат қилгани ҳолда жавоб берди:
– “Гумраҳ улус ичра қотти, ахий, дунёга бировки дунёни сотти, ахий…” Ҳазрат Навоийга бир сўз қўшмакка ҳожат йўқтур. Саъдуллохон, шарафли афандим, қалбимдасиз, сиз мени бир муҳориба майдонидан бошқасига етак-лаб ўтмакни ихтиёр эттингиз. Шўропарастнинг гапи бошқа, биз айтаётган дард ўзгадир, Шўропараст сизга қозоқ биродаримизнинг бир мақолини айтибди. Буни камина ҳам эшитгани бор. Сиз шўропарст бизларни итга қиёс этмакдадир, деб ғазаб отига миниюрсиз. Менинг англамоғим бўйича, мақсад мақолнинг иккинчи бўлагида. Ҳар бир инсонни ватанда яшамакка даъват этмакдир.
– Ватанда бўлмак?! – Саъдуллохон чекинишни истамади. – Отам менга Ватанни қолдирдими?
Бундай баҳснинг ўрни ҳамда вақти эмаслигини билган Гулузор бегим енгил йўталиб қўйиб, меҳмонга қараб айбли кўринишда кулимсиради. Саъдуллохон енгил йўталнинг маъносини англаган бўлса-да, гапларини чала қолдиришни истамади:
– Отам менга Ватанни қолдирдими? – деб қайтарди у. – Йўқ, отам менга Ватан соғинчини мерос қолдирди. Шўропарастлар буни англамаслар! Уларда наинки соғинч, уларда Ватан туйғуси йўқтур. Буни мен англадим! Улар сўқир! Шўро етагида қайга боражакларини билмаслар!
– Сиз уларни бунда айбларсиз, улар бизларни унда айбларлар. Кун шу тарзда ўтаверар. Ватан эса кундан-кун ботқоққа ботаверар. Афандим, агарчи улар сизни, сиз туфайли бизларни айблар бўлсалар, ҳақлидурлар. Чунки биз бунда Ватан учун бирон нима қилмакдан ожиздурмиз.
– Бир нималар қилайликки, йўллар тўсиқ бўлса. Йўллар очилса эди, мен Ватаннинг беш ерида беш улуғ мағоза очсам, Лутфуллахон яна неча еринда супермаркет очсалар…
– Ўҳ-ҳў!.. – доктор Худоёр баралла кулиб юборди. – Афандим, афандим, сиз ўн эмас, ўн минг дўкон қуринг, Ватанга нафи оздир. Сиз Ватанга илм олиб боринг. Ватаннинг қаддини кўтаргувчи биринчи восита – озодлик, иккинчиси эса илмдур. Дунё юртларига бир қаранг-чи, улар мағозалари ила бақувватмилар ёинки илм илами? Сиз билан биз яшаб турган Олмонияни урушдан сўнгги харобликдан бу даражага илм кўтармадими? Сиз билан бизнинг айбимиз шуки, Ватан йўллари очилсин, Ватан озод бўлсин, деб бунда орзу қилиб кутиб ўтирмакдамиз. Шўроларнинг ҳукмидаги Оврупо жумуҳуриятларининг хориждаги биз каби муҳожирлари эса вақтли ҳукумат тузиб, ўз Ватанларини озод қилиш қасдида курашмакдалар. Нима учун сиз билан биз курашмаймиз? Сизни билмадим, шарафли афандим, аммо мен Ватан қаршисида уятлидурман.
– Сиз андак янглиш гап айтдингиз, жаноб Худоёр. Бизнинг жамиятимизни назарга илмаганингиз чакки. Биз ҳам Ватан учун қайғурмакдамиз.
– Қайғурмак дуруст, аммо курашмак лозим. Ватандан келган ашулаларни эшитиб, “ўйна ёр, ўйна!” деб ўтирмакдан наф йўқтур. Агар менинг сўзларим малол туюлса, ана, ватандошимиз муҳтарама хоним-афандим айтсинлар… (3-китобдан).
* * *
– Аждодларимизин энг катта хатолари ҳам айни шудир, – деди Яквалхўжа. – Ҳар бирлари ўз уйларин, ўз қишлоқларин ҳимоя этдилар. Нариги қишлоқ билан эса ишлари йўқ. Бу бир хасталикдир. Англаюрсизким, рус истилоси бошланган кунларда уч хонлик танга талашган уч нодон гадо каби ўз пайтавасига ўралиб яшайверган. Онг эгалари тарихдан ўрнак олмоқлари шартдир. Қани ўша онг? Азизмонлардан узрлиманки, мавзу юзага чиқиб қолгани учун яна бир-икки сўз айтмоқни ихтиёр қиляпман.
– Марҳамат қилинг, қалбимдасиз, азизим, – деди доктор Худоёр лутф билан.
– Демакким, уч хон нодонлиги туфайли ғарбий Туркистон туфроғида рус истилоси қарор топди. Миллат ғафлата ўралгандин сўнг истилочилар юрт танасига зулукдек ёпишиб, қонларин сўра бошладиларми? Халқ саросимага тушдими? Истиқлол талаб қилиб кўтарилмиш Муҳаммадали халифанинг тақдири не бўлгани маълум: ўлигини аввалига ҳожатхонага ташламоқни ихтиёр этдилар, аммо халқ ғазабидин қўрқиб, оҳакда куйдириб йўқ қилдилар. Намозполвоннинг тақдири-чи? Озодлик талаб қилган ўн мингларча, юз мингларча қўзғолончилар ваҳшийлик ила ўлдирилганин бугун Ватанда яшамоқда бўлганлар билурларми экан? Ўрта Осиё халқига сўрилишдан бошқа чора қолмади. Истилочилар иштаҳаси эса чўх ва янада чўх очилаверди, талон-тарож бобида дунёдаги ўзга истилочиларни ортда қолдириш мақсадида йил ўн еттида режим ўзгартирмоқчи бўлдилар. Бунинг учун рус миллатчилари Ленинни тикладилар. Йўл-йўриқлар кўрсата бошладилар. Энди бу шумлар қонуний ҳаракатлардек эл оламига ўргатиш учун Маркснинг “Капитал”ини, яна бошқа асарларини топдилар. Маркс дунёга танилган файласуф, дунёда қулдорликни йиқитиб, тинчлик қурилишини истаган донишманд эди, Ленин эса бир тоифа қулдорликни йиқиб, янги тоифа қулдорлигин ривожлантирди. Бу сафар бизим аждодлара қоғозда “озод инсон” қалбаки гувоҳномаси берилса-да, аслида қул ҳолида тутмишдилар, қулдорлар эса “большевик” лақабли бўлиб қолавермиш. Жамиятларига “коммунизм” деб ном қўйиб олмишлар. Назарияларин эса “марксизм-ленинизм” деб атамишлар. Маркс ва Ленин бир-биридан бошқа-бошқа одам бўлганидек, идеологийси ҳам бўлак, мақсадлари ҳам бўлакдир. Бири камбағал ишчилар ҳуқуқини ҳимоя қилган бўлса, бири янгича қулликни барпо этмиш. Назарияларнинг ўхшаш томони йўқ. Лекин руслар бузиб, назария ўғирлиги ила асл назарияни бир-бирига алмаштириб, Маркснинг фалсафасидин безбетларча фойдаланмишлар. Сиёсий иқтисодга бағишланган “Капитал”ни сиёсий мақсад ўрнида қўлланма қилиб олмишлар. Шу билан қиёфа ўзгартирилиб, иш услуби ҳам ўзгармишди. Эски тузумларда истилочилар миллатлар танасига зулукдек ёпишиб, сўраётган бўлса, янги тузумда онлар оч бўридек талон-тарожликни бошламишлар. Биринчиси шу бўлдики, дон-дун ўрнига пахта экишга мажбур этдилар. Натижа – сунъий қаҳатчилик барпо этилиб, улуснинг тинкасини қуритмоқ учун ҳаракатлар бошланди. Бойларнинг мол-мулки забт этилиб, улус ташаббускор синфидан маҳрум этилмиш. Ер тилини билувчи деҳқонлар қулоқ қилиниб, Сибирга жўнатилиб йўқ қилинмиш. Мақсад – сўз соҳибларини ўртадан кўтариш эди. Диний олимларни, руҳонийларни бирин-кетин териб олиш ила ижтимоий жиҳатдан халқнинг турмуш савиясин туширдилар. Қалам соҳибларини “халқ душмани” деб эълон қилиб, улусни миллий туйғудан ажратиб қўйиш мақсадида онларни ўлдирдилар, миллатни қоронғуда қолдирар бўлдилар. Мард табиат одамларни “муштумзўрлар”, деб эълон қилиб, онларни отиб ташлаш йўли ила улусин ичидин ғайратни суғуриб ташлашди. Пичоқ суякка етди деганларидек, вилоятларда, қишлоқларда ҳар томондин халқ қўлида бор қуроли – кетмон, ўроқ, болта кабилар билан майдонлара тўпланмиш эди. Ҳа, онларда бошқа қурол йўқ эди. Бори ҳам милтиққа ўхшаш қадимий қуроллар, оқ руслар давридаёқ йиғиштириб, олиб бўлинган. Болшевиклар эса за-монавий қурол ила мунтазам тартибли аскар ташлади. Сизлар “талатўп” деб атаётган мудҳиш тўқнашувда ўн минглаб эмас, юз минглаб уруш қони тўкилгандир. Қўзғолон бостирилгач, “қўзғолончи душман” номи билан минг-лаб бечоралар ушланиб, сургун қилинди, – Яквалхўжа кейинги гапларни ички бир алам билан айтиб қўлига финжонни олди, лабига олиб борди, аммо ичмади. Тушкунроқ оҳангда “Биз ибрат олишимиз керак бўлган тарих шудир”, деб қўйди. Кейин худди ўзига-ўзи гапираётгандай пастроқ ва хастароқ овозда давом этди:
Дарвешонро агар не аз хешонем,
Лек аз дилу жон мўътақиди эшонем.
Дураст, магўй шоҳи аз дарвеши,
Шоҳем, вале бандаи дарвешонем.
Издиҳомга ҳозир бўлганларнинг айримлари форсийдан хабардор эдилар. Улар тўртликнинг маъносини англаб, “чўх маъқул” ишорасида бош ирғаб қўйдилар. Яквалхўжа “гапимга сенгина тушунмадинг”, дегандай Абдусамадга қараб, изоҳ берди:
– “Дарвешлар, агарчи бизларга яқин бўлмасалар ҳам, лекин биз уларга жону дил билан мухлисмиз. Шоҳликни дарвешликдан узоқ дема, биз шоҳ бўлсак ҳам, дарвешларнинг бандасимиз”. Агарчи миллат қаҳрамонларин дарвешлик мартабасинда тасаввур этсак, бизда ўнларин бандасидурмиз.
– Астағфируллоҳ! – деб юборди доктор Худоёр. – Афандим, гарчи сўзларингиз мажозий эрса-да, бундай демаклик ножоиздур, нединким, бизар Аллоҳнинг бандалари эрурмиз. Банда бандага банда ўлурми ҳеч замон? “Ҳалок мекунадаш фурқати ту, донистам, вагарна рафтан аз ин шаҳр метавонистам” деганларидек, бек афандиларимиз ўшал замон “сендин айрилиш мени ҳалок қилишини билдим; бўлмаса бу шаҳардан кета олармидим”, маъносига кўра, хаста юртни ташлаб қочмасалар эди, авлодлар армоннинг аччиқ суйини ичмас бўлурми эдилар?
– Қочганлари йўқ, ҳижрат қилдилар, холос, – деб изоҳ берди Саъдуллахон.
– Қалбимдасиз, Саъдуллахон афандим, сиз ила қанчалар баҳс юритмайлик, ҳақиқат ҳақиқатлигича қолаверажак. Яквалхўжа афандим тарихни-да, сиёсатни-да мендан дуруст билиюрлар, айтсинлар, ажрим қилиб берсинлар-чи: меним ожиз фикрима кўра, миллат қаҳрамонлари ватандин қочмаслар. Ватанда шаҳид ўлмакни аъло кўрурлар. Бадбахт совет ўзига душман деб билмиш неча юзлар, балки эҳтимол мингларча одамларни, Фаранги ерларидами ё ундан наридами, яширинмиш жойларидин топиб, ўлдируви тарихдан маълумдир. Савенков сингари кишиларни алдаш йўли била Русияга қайтариб ўлдириш мақсадида юзларча кишиларини сафарбар этмадими? Мингларча иғволарни ишга солмадими? Ҳаттоки Аргентина юртига киши юбориб, Троцкий жонини суғурмадими? Советнинг шундайгина ён биқинидаги Афғонда маишат ила банд ўлмиш Саййид Олимхон ё бўлак кишиларни ҳатто чибин ҳам чақмамиш экан, бу ажаб бир сирли ҳол эмасми? Нечун совет онлара заҳмат етказмади? Чунки онлар советлара душман ўлароқ мартабада эмас эрдилар. Онлардин советлара хатар йўқ эрди. Тил ила олишувчи рақибга битта ўқ ҳам ҳайф. Советларин роҳатсиз этмаслигидин онлар чўх қувониб, афғон подшоҳи томонидин белгиланмиш нафақага қаноат этганлари ҳолда узоқ умр кўриш орзусинда яшайвермишлар.
Яквалхўжа дарров жавоб қайтармади. Жавобга иккиланганини ҳам сездирмади. Аксинча, ҳудди қизиқ гап эшитгандай кулимсиради (5-китобдан).
* * *
Ҳарбий хизматдалигим пайтида мамлакатни мустаҳкам чирмаб турувчи “халқлар дўстлиги” аталмиш занжирнинг тобора занглаётганини кўрган бўлсам-да, орадан йигирма бир йил ўтиб бу занжирнинг узилажагини тасаввур этмаган эдим.
1970 йил Совет Иттифоқи учун улуғ байрамлар йили эди. Апрель ойида Лениннинг 100 йиллиги, май ойида Ғалабанинг 25 йиллигини нишонлашга тайёргарлик ҳарбий қисмларда ҳам авж олганди. Ёш ёзувчи Тоҳир Ҳобилов электротехника сирларини қунт билан ўрганаётган кунларнинг бирида ротанинг янги замполити капитан Гайдаржи хонасига чақиртирди. Миллати булғор бўлган бу офицер мулойим, бамаъни одам эди. Ҳамкасбларига ўхшаган сўконғич, бақироқ эмасди. Хонага кириб “буйруғингизга биноан курсант Хабилов келди”, деганимдан сўнг у мен билан дўстона қўл бериб кўришиб, ўтиришга таклиф қилди.
– СССР журналистлар союзига аъзо экансан, округ газетасида мақолаларинг чиқибди. Мени бу ротага сиёсий ишларни яхшилаш учун қўйишди. Биринчи галдаги вазифа – Лениннинг юбилейига тайёргарлик. Қандай тадбирлар ўтказишимиз мумкинлигини ўйлаб, фикрингни эртага менга айтасан. Ишни Ленин хонасини қайта жиҳозлашдан бошлашимиз керак, шуни ҳисобга ол.
Совет Иттифоқидаги барча мактаблардан тортиб, катта-кичик ташкилотларнинг идораларида ҳам Ленин хоналари мавжуд эди. Бу хона коммунизм ғоясини тарғиб қилувчи асосий маскан ҳисобланарди. Айрим беҳафсала раҳбарлар битта хона ажратиб, тўрт-беш плакат осиб қўйиш билан чекланарди, баъзилари астойдил безаб қўярди, турли тадбирлар ўтказарди. Узоқ йиллар аввал ҳатто чойхоналар ҳам “Қизил чойхона” аталиб, ғоявий-сиёсий тарғибот масканига айлантирилган эди. Баъзи нодон раҳбарлар чойхоналарнинг “қизил” эканини эслаб қолса, ошхўрликларни тақиқлаб қўйишарди ҳам.
Ижодий сафарлар чоғида танишганим Ленин хоналарини кўз олдимга келтириб, капитаннинг буйруғини бажаришга киришдим. Эрталаб фикр-ларимни баён қилган эдим, унга ёқиб тушди. Ўша заҳоти рота командири майор Комлев хонасига бошлади. Комлев серғайрат одам эди. Аскарларга қўполлик қилмасди. Қўполлик, сўкишни рота старшинаси Смирнов қиёмига етказарди. Етти синф маълумоти бўлган бу йигит мендан бир ёш кичик, командир ва замполит ҳузурида лайчадек думини қисиб турарди. Улар йўғида эса ўзини шердек ҳис қиларди.
Комлев Гайдаржининг гапини диққат билан тинглаб, рассомлик қилиб юрувчи сержант Козловни чақиртирди-да, мендан: “Ленин хонасини қайта жиҳозлаш учун нималар керак?” – деб сўради. Мўлжалимдаги вазифаларни айтдим.
– Шу ишларни қила оласанми? – деб Козловдан сўради.
– Бу жуда қийин, – деб чайналди Козлов.
– Мен сендан осонми ё қийинми, деб сўрамадим. Қила оласанми?
– Бир ўзим эплашим қийин, ёрдамчи керак.
– Ана, ёрдамчи ёнингда турибди.
Радиотехникага доир масалаларни ҳал қилишни, хусусан, Лениннинг овози ёзилган пластинкани топишни Гайдаржи зиммасига олди. Режада кутубхонани ҳам қайта жиҳозлаш кўзда тутилганди. Жиҳозлаш фақат бўяш, оқлашдан иборат эмас, балки янги китоблар билан тўлдириш ҳам лозим эди ва бу анча маблағ талаб этарди. Ленин ҳаётига доир фотосуратлардан кўчирма олиш, Волгоградга бориб матонат монументини суратга тушириб келиш ҳам зарур эди. Ўша куниёқ Гайдаржи фотожиҳозларимни авиапочта орқали тезлик билан юборишларини илтимос қилиб уйимга телеграмма жўнатди. Моддий таъминот масаласидаги таклифим ҳам маъқулланди. Унга кўра, мен аскар йигитларни суратга олиб, пулини шу ишларга сарфлашим керак эди. Ўша куниёқ мени ўқишдан, сафда юришдан озод қилишди-да, “рота кутубхоначиси, почтачиси, Ленин хонасининг мутасаддиси” этиб тайинлашди. Фотожиҳозларим етиб келмай туриб, ишга киришдик. Николай Козлов Донецкнинг Дебальцево шаҳридан экан. Педагогика институтининг учинчи босқичигача амаллабди-ю, бу ёғига эплай олмай, ҳайдалиб, ўзини бу ерда кўрибди. У моҳир рассом эди. Ўқиганлиги туфайли бошқа ҳамюртларига қараганда анча маданиятли эди. Сўкинмасди, бақирмасди. Бўяш, оқлаш қўлимдан келгани туфайли икки катта хонани тўрт кунга қолмай таъмирдан чиқардим. Козлов эскизларни тайёрлагунча мен рота ҳаётига доир суратларни олишга киришдим. Сурат ишлашга зарур фотоплёнка, фотоқоғоз ва кимёвий дорилар олиш учун шаҳарга йўл олдим. Пешин пайти барча офицерлар овқатлангани уйларига шошар эканлар, уларга салом (чест) беравериб чарчадим. Иттифоқо, шаҳар кутубхонаси рўпарасидан чиқиб, ўша ёққа кирдим. Ленин ҳаётига доир, уруш манзаралари акс этган альбомларни сўраб олиб, суратларни танладим. Ишим битгунича кўча анча бўшаб қолиб, изимга бемалолроқ қайтдим. Бир дўкон ёнидан ўтаётиб чиқитга ташланган пенопластга кўзим тушди. Ундан ҳарфлар кесиб олиш мумкин эди, Тошкентда шунақасини кўргандим. Дўкондордан сўраб олдим. Козловга фикрим маъқул тушди, лекин пенопластни фанер қалинлигида кесиш керак эди. Тошкентда бу усулни ҳам кўрган эдим. Гайдаржидан илтимос қилган эдим, электроплитанинг спиралини олиб келиб берди. Спиралнинг бир қисмини чўзиб, симга айлантириб икки учини токка уладим. Сим қизигач, пенопластни яқинлаштирдим. Худди электр аррада ва рандада ишлагандай ғоят эҳтиёткорлик лозим эди. Қўл симга тегса куярди, бу ҳам майли, ўт чиқиб кетиши эҳтимоли бор эди. Пенопласт фанер қалинлигида палахса-палахса қилиб кесиб олингач, Козлов ҳарфларни чизиб берди. Камина лобзик (қиларра) билан ҳарфларни чиқариб бердим. Хуллас, Козлов ёрдамчисидан миннатдор бўлди. Лекин аскарларни суратга олишдан сержантлар ғазабланишди. Уларнинг назарида мен пул ишлаб, бойиётгандай эдим. Аввалига “шаҳарга тушганингда суратларнинг пулидан бизга вино олиб келиб бер”, деб талаб қилишди. Талабларини бажармадим. Взвод командирининг ўринбосари Танчинец “Сени жазолашмоқчи, эҳтиёт бўл”, деб огоҳлантирди. Ўша кеча текширувдан сўнг кутубхонага кириб, эшикни беркитиб олдим. Узун стол устида газеталар тахлами бор эди, эрталабгача менга тўшак вазифасини ўтади. Сержантлар кечаси каминани қидириб топа олишмагач, рота командирига мени ёмонлашибди. “Кечаси “самоволка”га (ўзбошимчалик билан яширинча шаҳарга чиқиш) чиқади, аскарларнинг пулини шилиб оляпти”, дейишибди. Нодонликлари шунчаликки, ўзбошимчалик билан шаҳарга чиқишга ҳожат йўқ, қўлимга доимий рухсатнома бериб қўйишган, аскарлардан олинган пул чўнтагимга тушмаслигини командир билади. Кечки текширувдан сўнг майор Комлев сержантларни кутубхонага тўплади.
– Мана бу китобларни кўряпсанларми, қайси бирларинг пул бердиларинг сотиб олишга? – деди. –Ана энди ҳар маошларингдан иккитадан китоб олиб берасанлар. Агар Хабиловни тинч қўймасаларинг, сенлар билан бошқача гаплашаман. Хабиловни бугун беш кунга Волгоградга юборяпмиз, яна самоволкада деб қидириб юрмаларинг.
Ярим кечада темир йўл бекатига келдим. Икки ой олдин совуқда дилдираб турган бекат энди кўзимга бошқача кўринди. Волгоградга тонгда етиб бордим. Сталинград жангида “Павлов уйи” деб тарихда қолган вайроналарни суратга олдим. Кейин “Матонат” монументига бордим. “Она Ватан чорлайди”, деб номланган ҳайкални турли нуқталардан суратга туширдим. Шаҳар кутубхонасига, музейига киришга ҳам улгурдим. Кечгача мўлжалдаги барча ишларни битирдим. Шаҳарда қолишни истамай, ярим кечада поездга ўтириб, қисмга қайтдим. Нонушта пайти Гайдаржи кўриб:
– Волгоградга бормадингми? – деб ажабланди.
– Бордим, ҳамма ишларни бажариб қайтдим, – дедим.
– Сен устамон бола эмас экансан, – деди у кулиб. – Биз шу чиқишингда Тошкентга ҳам бориб келарсан, деб ўйлаб, беш кунга ижозат берувдик.
– Бутунлай қўйиб юборсангиз бошқа гап эди, бориб-келишимдан нима фойда бор?
Шу воқеадан сўнг уларнинг менга бўлган ишончлари ортди.
Ротанинг спорт ҳаётига доир суратларни олишга Тошкент жисмоний тарбия институтини битирган йигитни танладим. Ракетачиларнинг яхши жиҳозланган спорт майдонида иш бошлаганимда бир офицер келиб, “бу ерда суратга тушириш мумкинмас”, – деб фотоаппаратимни олиб қўйди. Тушунтиришларимга қулоқ ҳам солмади. Қисм командири аралашгач, қайтариб беришди. “Махсус қисм” деб аталган идора вакили билан ке-йин яна бир неча марта тўқнаш келдим. Менга уйдан ёзув машинкасини ҳам юборишганди. Бир куни чиқиллатиб ёзиб ўтирсам, ўша офицер пайдо бўлиб қолди. Бу сафар қўполлик қилмади. Бу ерда ёзув машинкасин ишлатиш мумкинмаслигини айтиб, шу бугуноқ уйга жўнатиб юборишимни ва почта қоғозини эртага кўрсатишимни буюрди. Олиб қўймагани учун шукур қилиб, буйруғини бажардим. Кейинчалик, ёз фасли эди, “Литературная газета”да табиат муҳофазасига доир икки мақола чиқди. “Биосфера в опасности” деган мақолада АҚШ олимлари табиат фожиаси ҳақида сўз юритган эдилар. Совет олимлари эса уларга раддия билдиришганди. Мақола менга маъқул келди. Ленин юбилейи муносабати билан радиоузел ишини йўлга қўйган эдик. Мен ҳар куни оқшомда рота ҳаётига доир эшиттириш берардим. Бу сафар табиат фожиаси ҳақидаги мақолани ўқиб бердим. Эрталаб яна ўша офицер келди.
– Нималарни ўқидинг, нега ваҳима қиляпсан? – деди.
Унга ким маълумот етказиб бераркан, билмадим. Газетани кўрсатдим. Ўқиб чиққач:
– Иккинчи мақолани ўқишинг керак эди, – деди.
– Уни бугун ўқийман. Америка олимларининг хато фикрлашини исбот этиш учун аввал уларнинг мақоласини ўқиган эдим, – дедим.
Гайдаржининг маслаҳати билан совет олимларининг раддиясини уч оқшом қайта-қайта ўқидим. Мақоладаги табиат фожиасига доир фикр-лар мени кўп ўйлантирди. Энди шу мавзудаги илмий китоблар билан қизиқа бошладим. “Эврика” туркумидаги бир неча китобчаларни топдим. У пайтда мазкур мавзуда нима ёзишимни ҳали билмасам-да, ўрганишни давом эттиравердим. Газета парчасини ва китобчаларни уйга олиб келдим. Ўрганганларим бекор кетмади, табиат фожиасини “Сомон йўли элчилари”, “Девона”да беришга ҳаракат қилдим.
Апрелнинг бошларида барча ишларимиз ниҳоясига етди. Қисмда учта рота ва учта Ленин хонаси мавжуд бўлиб, энг яхшиси шаҳар ва шаҳар атрофига жойлашган қисмлар ўртасидаги кўрикда иштирок этиши лозим эди. Бизнинг хонамиз ҳар томонлама аъло эди. Ўртадаги Ленин сурати шунчаки чизилмаган, фанерга ёпиштирилиб, бўрттириб чиқарилган, чироқ нури туширилганда ҳайкал каби кўринарди. Эшик очилиб, меҳмон ичкарига қадам қўйиши билан чироқлар ўз-ўзидан ёнарди ва Лениннинг овози янграрди. Қилган ишимиз ўзига яраша кашфиёт эди.
Барча суратларга ранг бериб, Волгограддаги ҳайкал суратини одам бўйи қилиб ишлагандим. Махсус қисм офицери келиб, суратларни ишлаш жараёни билан қизиқди. Одам бўйи ҳажмида сурат ишлаш учун махсус катта увеличитель, катта ҳажмдаги қоғози бор, деб ўйлаган экан. Мен қалин китобдан сал каттароқ оддий увеличительни кўрсатдим, баланд стол устига қўйиб, ерга кичик ҳажмдаги қоғозларни ёйиб қўйиб ишлаганимни, сўнг қоғозларни улаб чиққанимни тушунтирдим.
Рябошапка қисмдаги учта хона орасида иккинчи ротаникини маъқуллади. Яъни, у қисмда биринчи ўринни олиб, кейинги босқичга чиқди. Бу қарордан ҳаммамиз норози бўлсак-да, эътироз билдиришга ҳаққимиз йўқ эди. Фақат майор Комлев бир оз баҳслашди. Дивизия вакиллари келиб кўришганда вазият бутунлай ўзгарди. Улар биз жиҳозлаган хонага биринчи ўринни беришганда, Рябошапканинг нафаси ичига тушиб кетди.
Орадан бир ой ўтгач, имтиҳонлар бошланди. Мен курсант сифатида электротехника назариясидан ва пайвандлаш амалиётидан имтиҳон топширишим шарт эди. Назарияни осон топширдим. Амалиётим чала, икки темирни газ ёки электр пайванд билан улаш қўлимдан келарди, лекин нозик ишларга ҳали уқувим йўқ эди. Командирнинг топшириғи билан устознинг ўзи икки темирни бир-бирига пайвандлаб бергач, аъло баҳо олиб, малакали пайвандчи деган гувоҳномага эга бўлдим. Энди бу қисмдан “учирма” бўлишим керак эди. Қонунга кўра, кейинги ярим йил офицерликка ўқишим шарт эди. Бир куни Гайдаржи:
– Офицерликка ўқишинг шартми, мен шу соҳага кириб ҳозиргача афсусланаман, – деб қолди.
– Бошқача йўл борми?
– Йўл топамиз. Энди ярим йил тунукачиликка ўқийсан, – деб кулди.
Тунукачиликка ўқишдан бошқа вазифам ҳам бор эди. Гайдаржи Саратов университетининг тарих факультетида сиртдан ўқир экан. Энди унинг ёзма назорат ишларини ёзиб бериш билан банд бўлдим.
Имтиҳонлар тугагач, декабрь ойида мен билан бирга келган йигитлар тарқаб кетишди. Мингдан ошиқ йигитлар орасидан мен, санинструктор Миртўла, чирчиқлик футболчи Аяпов ва ошпаз Атҳамгина қолдик. Курсантлар кетгач, барча ишлар, хусусан, посбонлик-қоровуллик ҳам сержантлар зиммасида қолди. Мен ҳам уларнинг сафига қўшилдим. Биринчи куни мени ошхонага, идиш-товоқ ювишга қўйишиб, масхара қилиб кулишди. Бу билан мени камситишмоқчи эди. Уларнинг назарида, олий маълумотли журналистнинг идиш-товоқ ювиши хорланиш билан баробар эди. Агар мингта аскарнинг идиш-товоғини ювганимда чарчаб, адабимни ердим. Мен эсам бу вазифани қувонч билан қарши олдим. Чунки олтмиш-етмишта алюмин коса ювиш иш эмасди. Кечки овқатдан кейин ярим соатга қолмай вазифамни бажариб, кино кўриш учун клубга кирдим.
– Ишингни қилмайсанми, нега бу ерга кирдинг? – дейишди сержантлар.
– Ишим – беш. Ҳаммаёқни чиннидай қилиб тозалаб қўйдим, – дедим.
Шундагина улар янглишишганини англашди. “Кейинги сафар Хабиловни учинчи постга, қоровулликка (яъни чўчқахонага) қўямиз”, деб аҳд қилишди. Лекин ниятга етмадилар, эртасига офицерлар ва ўн беш сержантга қўшилиб, Липецк шаҳрига жўнаб кетдим. Миртўла врач сифатида борди. Сафар ҳаражатларига пул беришган эди, “пулни кўп ишлатиб қўйманг”, – деб уни огоҳлантириб қўйдим. Липецк вилоят ҳарбий комиссариатининг тўпланиш манзилига жойлашдик. Катта-катта хоналарга чала рандаланган тахтадан икки қаватли сўрилар қурилган. Офицерлар шаҳар меҳмонхонасига жойлашишди, биз кўрпа-тўшаксиз шу “қаср”га эга бўлдик. Уч кунга етадиган қилиб “сухой паёк” (нон, колбаса, консерва) беришди. Чой сўрашган эди, сув жилдираб оқиб турган кранни кўрсатишди. Шунга ҳам шукур қилдик. Қисм командири интизом ҳақида гапириб, ташқарига чиқиш қатъиян ман этилганини такрор ва такрор таъкидлагач, старшинани раҳбар этиб тайинлаб, ўзи офицерларни бошлаб шаҳарга кетди. Оқшом тушмай сержантлар ғимирлаб қолишди. Интизомни назорат қиладиган старшина бошчилигида девор ошилди. Уларга эргашмасак, ёмонотлиққа, аниқроғи, уларнинг назарида хоинга айланиб қолишимиз мумкин эди. Шаҳар боғи узоқ эмас экан, ўша ерни айландик. Сержантлар дўконга кириб чиқиб, пана жойда майхўрликни бошлашди. Қоронғи тушгач, рақс майдонига йўналишди. “Рақс тушишни билмаймиз”, – деган баҳонада Миртўла икковимиз “тўнкалар” деган масхара гапларини “орқалаб” изимизга қайтдик. Қуруқ тахта устига чўзилдик. “Пилотка” деб аталувчи юпқа бош кийим ёстиқ бўлди. “Уйқу жой танламайди”, деганларидай тахта устида ётиб ухлаб қолибмиз. Бир маҳал қисм командирининг бақириб сўкинишидан уйғониб кетдик. Шошилиб ташқарига чиқдик. Уч сержант майдон ўртасида ғоз турибди. Уларнинг сафига қўшилдик.
– Бошқалар қани? – деди командир менга тикилиб.
– Билмадим… ҳамма шу ерда эди, – дедим довдираб.
– Хабилов, ҳамма ёлғон гапирса ҳам, сен ростини айтишинг керак!
– Боққа айлангани чиқувдик…
Командир сўкина-сўкина “ҳамма энағарларни ярим соатда топиб келларинг”, деб офицерларни шаҳарга ҳайдади. Боғ томондан мусиқа овози эшитилмай қолганди, демак, рақс тугаган, сержантлар қиз-жувонларни “илинтиришган” бўлишса, ҳар хил кавакларга тарқаб кетишган. Ярим соатда уларни топиб келиш мумкин бўлармикин? Ўйим тўғри чиқди, бир соатлардан кейин офицерлар ўзлари қайтиб келишди. Командир яна бўралаб сўкинди-ю, лекин жойидан жилмади. Тонгга қадар ҳамма майдонда турди. Офицерлар туриб чарчашса, у ёқ бу ёққа юриб оёқ чигилини ёзишлари мумкин эди. Биз эса қоққан қозиқдек туришга мажбур эдик. Тонготарда маишатхўрлар бир-бир кела бошлашди. Охиргиси пайдо бўлгач, командир яна ҳақоратлар қопини бўшатиб, кўнгли сал ором олиб, буйруғини эълон қилди. Барча сержантлар кечга қадар сафда юриш машқига ҳукм қилиндилар. “Кемага тушганнинг жони бир”, деганларидай Миртўла икковимиз ҳам айбдорлар сафига қўшилдик. “Емаган сомсага пул тўлаш”, деб шунга айтилади. Хайрият, бу қув-қув кечгача давом этмади. Чошгоҳда сафархалтасини орқалаган йигитлар кела бошлашди. Гуруҳларга белгилаш бошланди. Сержантларнинг бир қанчаси шу гуруҳларга командир, яъни йигитлар шу маскан дарвозасидан кириб келган ондан то Капустин-ярга етиб боргунига қадар масъул эдилар. Аллақанча сержант қоровуллик вазифасида эди. Камина шулардан бири эдим.
Тўпланиш манзилига кириб, рўйхатдан ўтган йигитларнинг бетоқатроғи девор ошиб қочиб қолиши эҳтимолининг олдини олиш учун қоровулларни сафдан чиқариб белгиланган жойларга қўйишди. Каминага ҳовли этагидаги ҳожатхона атрофини қўриқлаш топширилди. Сержант “дўстларимизга” бу мойдек ёқиб тоза калака қилишди. Лекин орадан кўп ўтмай, ўзлари ширага интилган асаларидек ҳожатхонага интилишди.
Гап шундаки, ҳожатхонанинг орқа томони кичикроқ боғ экан. Кузатувчилар асосан шу боғда давра қуришаркан. Аскарликка чақирилган йигитлар шу ердан девор ошиб тушиб маишат қилиб қайтишаркан. Менинг вазифам айнан шуларнинг йўлини тўсиш эди. Вазифамни бажариб турганимда бир одам деворнинг орқа томонидан кўтарилиб менга ўзбекчалаб салом берди. Ажабланганимча саломлашдим. У менга бир шиша билан тугунча узатди-да:
– Илтимос, қайнимни ярим соатга чиқариб юборинг, хайрлашиб олайлик, – деди. “Қайним” деганига ҳайрон бўлган эдим, “ҳарбий хизмат пайтида шу ерда уйланиб, қолиб кетганман”, деб изоҳ берди. Узатган нарсаларини олмадим, “кўп ичириб маст қилиб қўйманглар”, деб огоҳлантиргач, сал нарида пойлаб турган малла йигитга “рухсат” ишорасини қилган эдим, бир сакрашда девор ошиб ўтиб кетди. Шу онда сержантлардан бири рўпарамда пайдо бўлди.
– Ҳамшаҳринг билан нимани чулдирашдинг? – деди.
Кузатиб тургани учун бор гапни айтдим:
– Самогон узатувди олмадим.
– Аҳмоқ, нега олмадинг?
– Мен ичмайман.
– Сен ичмасанг, биз ичамиз, деворга чиқ, ҳамшаҳрингни топ энди!
Булардан қутилиш мумкинмаслигини билганим учун деворга чиқдим. Ўзбек йигит узоқда эмас экан. Сержантларнинг нафслари чукиллаб турганини айтган эдим, икки литрли шиша идишда лойқа сувни эслатувчи самогон, тугунчада нон, чўчқа ёғи узатди. Русларнинг молдек бўкиб ичишини ўзлари ишлаган кинофильмларда кўрганман. Лекин ҳожатхонага кириб ичишларини тасаввур ҳам қилмаган эдим. Айниқса, ҳали ёши йигирмага етмаган йигитларнинг бу аҳволга тушиши менинг назаримда миллат фожиаси эди (Россия раҳбарлари буни англаб турли чоралар кўрдилар. Лекин фойдаси бўлмаяпти).
Бир неча дақиқада сержантлар ҳожатхона ичида давра қурдилар. Кўнглим айниб, нари кетдим. Яхши ҳам ҳожатхонадан узоқлашган эканман, командир ўринбосари мени кўриб чақирди-да, ҳаммомга кетаётган икки гуруҳни кузатиб боришни топширди. Ичкаридаги ёзув-чизув ишларидан толиққан командир зарурат юзасидан ҳожатхонага келиб қараса-ки, маишат авжида… Кейин нима бўлганини баён қилмай қўя қолай.
Тўртинчи куни йўлга отландик. Тўпланиш манзилидан бекатга қадар йўл узоқ эмасди. Аввал айтганимдай, мингдан зиёд йигитни юзга яқин одам кузатди. Йиғи-сиғисиз, шовқинсиз кузатиб қолишди. Йигитлар вагонларга жойлашгач, қоровулларга ўқланмаган эски милтиқларни беришди. Ортиқча юкни елкага осиб хизматни давом эттирдик. Бошқа қоровул билан навбат алмашгач, Миртўланинг хонасига бордим. Бир вагоннинг ярми “санчаст” қилиб жиҳозланган эди. Миртўла билан гаплашиб ўтирган эдик, командир кириб стол устидаги икки кесим нонни кўриб:
– Сенларга ҳеч нима беришмадими? – деб сўради.
Миртўла иккаламиз бир-биримизга қарадик: “бизга нима беришлари керак эди?”
Командир сўкинганича чиқиб кетди, дам ўтмай таъминотчи кириб менга “юр”, деб буюрди. Бир вагон озиқ-овқат билан тўла экан. Ҳарбийча сафар халтани тўлдириб берди. Икки киши бир ой есак ҳам бунча нарсани тугата олмасдик. Қоровулликка навбатим келганида анчасини олиб бориб йигитларга бердим. Ўша пайтда мени “Тоҳир ака” деб таниган рус йигитлар то декабрь ойига қадар мени ўз акасидай иззат қилиб юришди.
Қисмга қайтган кунимизнинг эртасига ҳаммамизни ҳисобхонага чақиришди. Молиявий ҳисоб топширишимиз керак эди. Миртўла “пулни ишлатиб қўйманг”, деганимни ўшанда англади. Мен таҳририятда ишлаганимда ижодий сафарга кўп чиқардим. Сафар олдидан “аванс” деб аталувчи пул гўё қарзга бериларди. Сафардан қайтилганда поезд чипталари, меҳмонхона қоғозлари кўрсатилиб, ҳисоб-китоб қилинарди. Бу борада идораларнинг ҳукумат белгилаб қўйган киши билмас қинғирликлари бор эди. Масалан, Бухорога борилди. Уч кун шаҳарда турилди, тўрт кун қишлоқда. Шаҳардаги уч кунга емак-ичмак учун икки сўмдан берилса, қишлоқдаги тўрт кунга бир сўм қирқ тийиндан тўланарди. Меҳмонхона ҳақида ҳам шундай фарқ бўларди. Хуллас, эллик сўм аванс олиб кетган мухбир бу нозик ҳисоб-китобларни билмаса, олганининг қарийб ярмини қайтариб беришга мажбур бўларди. Бизнинг азамат сержантлар, шубҳасизки, бундан бехабар эдилар. Олганларининг ҳаммасини еб-ичиб тугатгандилар. Ҳисоб-китоб тугаши билан Миртўла икковимиз ортган пулларни тийин-тийинигача қайтариб бердик. Сержантлар эса икки-уч ойга қадар маошларидан тўладилар. Уларнинг бу аламлари ҳолва эди. Орадан ярим йил ўтиб, уйга қайтадиган пайтимизда яна ҳисоб-китоб бўлганда мен улардан кўпроқ пул олдим. “Биз икки йил хизмат қилдик, Хабилов бир йил хизмат қилиб биздан кўп пул оладими?!” – деб ғалва кўтаришди. Дарров ҳисоблаб беришди: улар хизматлари учун ойлик маош олардилар ва кийим-кечакларининг ҳақини тўлашлари шарт эди. Мен курсант – ўқувчи ҳисобланардим ва мен бундай тўловдан озод эдим…