Читать книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - - Страница 23
Биринчи қисм
ИККИНЧИ ТУҒИЛИШ
Иснод
Оглавление1969 йил куз фаслидаги биринчи учрашув баҳонасида улуғ адибнинг ҳаёти ва ижодидан бир улушни эътиборингизга ҳавола этишни бурчим деб билдим, энди ўзимга тегишли воқеаларга ўтаман.
Ўлмас ака суҳбатимизнинг якунида: “Бизда кичик муҳаррир ўрни бўш, маоши саксон сўм, маъқул кўрсангиз бирга ишлаймиз”, – дедилар. Маош-нинг саксон сўмлиги менга ёқинқирамади. “Ленин учқуни”даги мао-шим 140 сўм, қалам ҳақи ҳам бор эди. Ўлмас ака менинг хаёлимдаги гап-лари ўқигандай бўлиб, жилмайган ҳолда қўшиб қўйдилар:
– Маоши оз, леки қалам ҳақи яхши, чидаса бўлади.
Мен-ку чидайман. Аммо оила “бюджети”га ҳар ойда юз сўмдан кўпроқ пул ташлаб турган кенжа ўғилнинг камхарж бўлиб қолиши, рўзғорга таъсир этиши мумкин эди. Мен ўзим иш истаб келдим, бошқа чорам ҳам йўқ эди. Аризамни ёздим, ўша заҳоти имзо чекиб бердилар. Мендан сал олдинми ё кейинми Асқар Қосим ҳам шу таҳририятда ишлаш учун ҳужжатларини тайёрлай бошлади. Биз кадрлар бўлимида учраш-дик. Кадрлар бўлими бошлиғи Давлат хавфсизлик қўмитасида узоқ йиллар ишлаб истеъфога чиққан, тартиб борасида жуда талабчан киши эди. Асқарнинг ҳужжатларини қабул қилди-да: “Эртага кўрпа-ёстиғингизни олиб келинг, пахтага жўнайсиз”, – деди. Менинг ҳужжатларимни текшириб:
– Ҳарбий билет қани? – деб сўради.
– Ҳарбий билетим йўқ, хизматга бормаганман, бу йил ўқишни тугатдим.
Шундай деб ҳарбий идора берган “приписной билет” деб аталувчи вақтинчалик гувоҳномани кўрсатдим.
– Бу бўлмайди. Ҳарбий билет олиб келинг.
“Ҳарбий билет олиб келинг” дегани “ҳарбий хизматга бориб келинг” деган маънода эканини кейинроқ тушундим. Ўша куни эса ҳарбий комиссариатга бориб, у кишининг талабини айтдим.
Рус офицери гапимни эътиборсиз тинглаб, ўрнидан турди-да, катакчалардаги ҳужжатлар орасидан меникини олиб стол устига қўйгач: “Яхши ўз оёғинг билан келибсан, эртага тиббий кўрикдан ўтасан. Соат тўққиз-у нол-нолда шу ерда бўл, кечиксанг ё қочиб юрсанг, жиноий жавобгарликка тортиласан”, – деб огоҳлантирди.
Ҳаммаси тушунарли эди. Тўрва-халтани орқалаб ҳарбий хизматгажўнаш фурсати етибди. Мен ҳарбийга боришдан қўрқмасдим, кўпга келган тўй, қочиб қаерга ҳам борардим?! Мен сузишни билмаганим учун ҳарбий денгиз флотига тушиб қолишдан чўчирдим (Сузишни билмасам-да, катта дарёларда “чўмилганимни” ёзган эдим).
Ҳарбий комиссариат Эскижўвада жойлашган эди. Ундан чиқиб, Хадрага, Навоий-30 биқинидаги чойхонага бордим. Одатдагидай кичик давра бор эди. Қаердан келаётганимни айтдим. Кимликлари эсимда йўқ, иккита маслаҳат беришди:
– Ҳарбий комиссар Совет Иттифоқи Қаҳрамони полковник Ботир Бобоевми? Ботир ака тоғангизнинг қадрдони Наби Юсуфий билан ёнма-ён жанг қилган. Бир оғиз гапи билан олиб қолади.
– Ҳарбийдан қутулиб қолишнинг яна бир йўли – милициянинг “Постда” деган газетасига ишга кирасиз. Милицияда ишлайдиганлар ҳарбийга олинмайдилар.
Эртасига тиббий кўрикдан ўтгач, икки кундан кейин келишимниайтишди. Бу ердан чиқиб Ўрдага қараб юрдим. “Постда” газетаси таҳририяти ўша томонда эди. Таҳририятнинг бир ходими “Ленин учқуни”га ёзиб турарди. Ўша танишга учрашдим.
– Бизнинг ишимиз ҳам ҳарбий хизматга ўхшайди, милиция кийимини киясиз, тартиб ҳам ҳарбийчасига, – деди у.
Ҳозир кўп ёшлар милицияда ишлашга интилади. У дамда аксинча эди. Ҳарбий хизматдан қайтганларни комсомол йўлланмаси билан олишарди. Милициянинг обрўи ҳам яхши эмас, ҳатто баъзи оилалар милиционерни куёв қилишдан орланарди. Милиция либосини кийиб юриш менга ҳам ёқмади. Маслаҳат сўраб, тоғамга учрадим. “Мақсадим бутунлай қолиш эмас, чақирувни бир-икки йилга суришса, ишга жойлашиб, ижодда ҳам нимадир қилишга улгуриб олардим”, – дедим.
Эртасига тоғам, дўстлари ҳамроҳлигида бордик. Полковник Бобоевга мақсадни узоқ тушунтиришга ҳожат бўлмади. Гап бошланиши билан:
– Бу иш қийин эмас, ҳужжататини ҳозироқ олиб, кейинги йилларга қолдиришим мумкин. Лекин, ҳарбий хизматчилик, ўзингиз биласиз, мен бугун бу ердаман, эртага мен кетиб, ўрнимга келган одам барибир чақиртиради. Ёшлари ўтиб боргандан кўра, ҳозир бориб келганлари маъқул. Бир йил тез ўтиб кетади.
Наби ака тоғамга, тоғам эса менга қарашди.
– Бўпти, бориб келавераман, – дедим.
Ботир Бобоев тўғри маслаҳат берган эди. Ҳарбий хизматдан қайтганимда у киши истеъфога чиқиб кетган эканлар. “Постда” газетасида ишлашни хоҳламаганим ҳам тўғри бўлган экан. Талабалар шаҳарчасида юз берган фожиа – оммавий муштлашув ҳақида хабар бергани учун бу газетани ёпиб қўйишибди.
Тиббий кўрикдан ўтиш, “эрта кел, индин кел”, дейиш қарийб бир ой давом этди. Шундай кунларнинг бирида вилоят “чақирув маскани”да шоир Устамонийни учратдим.
– Нима қилиб юрибсан? – дедилар.
– Хизматга кетяпман.
– Шу ерда тура тур, мен ичкарига кириб чиқаман, сени олиб қоламан.
– Раҳмат, ака, ўзимнинг боргим келяпти.
У киши гапимга ишонқирамай ичкари кириб кетди. Назаримда кимнидир олиб қолиш ҳаракатида эди. Имоним комилки, ичкаридан бўшашиб чиқмайди. Хўп, десам мени қолдириши ҳам аниқ эди. Шу туфайли ўзимни панага олдим.
Устамоний шоир сифатида заиф, журналист сифатида эса жуда пачоқ эди. Деярли барча таҳририятларни безор қилиб юборарди, шулар қаторида болалар матбуотини ҳам тинчитмас эди. Тўрт-беш саҳифалик мақола олиб келиб, “Ҳеч бўлмаса тўрт қатор хабар қилиб чиқариб бергин”, деб туриб оларди. Бирон раис ёки катта-кичик раҳбар ҳақидаги тўрт қатор хабардан у катта фойда олишини билиб турардик.
Бу кишининг тадбирлари, топқирлиги ҳақида кўп гаплар юради. Шулардан бирини – Ғафур Ғуломнинг уйига пишиқ ғишт туширганини аввалроқ баён қилиб эдим. Агар бу киши шоир эмас, дипломат бўлганида анча-мунча давлатларнинг бошини айлантириб ташлар эди, деб ўйлайман. Бу кишининг ҳийлалари ҳақида сўз кетса: “Агар СССР ташқи ишлар министри бўлса, Американи икки кунда тиз чўкдириб беради”, – дейишарди.
Бир куни Устамоний шошилиб келиб, қўлимга мақола ёзилган қоғозни узатди.
– Кейинги сонга тайёрла, Суроб акангнинг хабари бор, – деб қоғоз халтадан битта лимон олиб, менга узатди: – Чингиз Айтматовга атаб олдим, сен ҳам Чингиз акангга ўхшаб юргин.
“Бу кишининг Чингиз Айтматовга қанақа алоқаси бор экан?” деб ажаб-ландим. Мақолани ўқисам, лимон етиштирувчи миришкорнинг таржимаи ҳолидан иборат экан. Мақола кўп нусхада кўчиртирилган, мендагиси тўртинчи нусха бўлса керак. Демак, яна уч таҳририятга берилган. Биринчи нусха обрўлироқ газетага берилади. Ҳисоб-китоб аниқ олинган: тўрттадан бири албатта босиб чиқаради. Агар шу мақола тўртта газетада баравар чиқса, нур аланнур! Устомон одамлар ҳақида сўз кетса, “Битта ўқ билан икки қуённи уради”, деб сифатлашади. Устамоний эса битта ўқ билан истаганча қуённи ура оларди. Ўша йили Чингиз Айтматов Тошкентга келганларида бир даврада қон босимлари ошаётганидан зорланибдилар. Врачлар лимонли чой ичишни тавсия қилишган экан. Шубҳасизки, Устамоний бу даврада иштирок этмаган, лекин кимлардандир машҳур ёзувчининг дардини билиб, дарров чорасини топган. У даврларда лимонзор кўп эмасди. Боғбонлар энди-энди теплицаларда ўстиришаётганди. Шоир лимонзорнинг энг яхшисини топиб бориб, меҳмон ёзувчи учун икки дона лимон сўраган. Бизнинг боғбонларимиз ғоят саховатли. Дунё таниган адиб учун икки дона эмас, уч-тўрт килони узиб, қоғоз халтага солиб берган. Устамоний шу лимонлардан биттасини муҳаррирга, бирини менга берган бўлса, беш-ўнтасини ёзувчига етказади. Қолгани ўзига. Ўзига камлик қилса, эрта ё индинига бориб: “Чингиз Айтматов сизга ташаккур айтди, агар иложи бўлса, яна уч-тўрт кило бераркансиз, Қирғизистонга олиб кетаркан, пули нақд”, – дейди. Мақола газетада чиққач, “муборакбод”га борилади. Хуллас, тоқати тоқ бўлган миришкор уни ҳайдабгина қутулади. Сўкиб ҳайдаса ҳам шоир заррача ранжимайди, аксинча, мулойимгина бўлиб хайрлашади.
Ҳарбий амалдорлар ўтирадиган бинога кириб кетган шоир Устамоний ярим соатлардан сўнг майор кузатувида чиқиб, сафар халтасини орқалаб, сафда турган бир йигитни чақириб олгач, кўча томон юрди. Сўнг ниманидир эслагандай тўхтаб, атрофга аланглади. Назаримда, мени излагандай туюлди. Панада туравердим. Кўриниш берганимда мени ҳам олиб чиқиб кетарди, бунга шубҳам йўқ. Айтишларича, шоир Туркистон ҳарбий округи қўмондони билан ошна экан. Генералнинг қалбига қай йўсинда йўл топган – билмайман, лекин 1966 йил ёзида уйи зилзиладан вайрон бўлган бечораҳол кўринишида шаҳар четидан ер олган, уйини ҳарбий қурувчилар икки ойда қуриб беришган экан. Синчдан қурилган бақувват уйнинг вайроналигини тасдиқловчи ҳужжатни ким берган, боғчага ажратилган жойни ким унга инъом этган – бу “ҳарбий сир” бўлса керак. Махфий бўлмаган ҳолат шуки, бир ёш адибни бугун ҳарбий хизматдан олиб қолиб, эртасига “хизматга лаёқатсиз” деган қизил гувоҳнома олиб бериш унга писта чақиб ташлашдай осон бир юмуш эди. Мен эсам бу хизмат эвазига унга умрим бўйи адабий котиблик қилишга мажбур бўлардим. Бу “маданий қуллик”дан кўра бир йиллик хизматни афзал билдим.