Читать книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ) - - Страница 5
Биринчи қисм
ИККИНЧИ ТУҒИЛИШ
“Қайси кафтимдаги тупроқ афзал?”
ОглавлениеТошкент зилзиласи оддий тарих эмас, балки шаҳар тақдирини ўзгартириб юборган ижтимоий ҳодисадир. Зилзила бўлгунига қадар бошкентда ярим миллион атрофида аҳоли яшаган. Дўстлик ёрдамлари оқиб келгач, шаҳар аҳолиси миллиондан ошиб кетди. Россия, Украина қурувчилари ўзлари тиклаган уйларининг ярмидан кўпига ўзлари жойлашиб, “тошкентлик” бўлиб олдилар. Айрим биноларда ўзбек оилалари умуман йўқ эди. Институтни битирган чинозлик (ёки иштихонлик) йигит Тошкентда ишлаш учун рўйхатдан (пропискадан) ўтолмай сарсон кезарди. Воронежлик қурувчи эса бунга оппа-осон эришди, ўзи ўтиб олгач, кетма-кет амма-холаларини ҳам кўчиртириб келди. Аҳолининг бундай кўпайиши тасодифий эмасди. Бу аниқ ва пухта ўйланган режанинг босқичма-босқич амалга ошириш эди, деб ўйлайман. Ўн тўққизинчи асрда рус подшоҳи аскарлари босқинчи – “агрессор” сифатида кириб келишган эди. Йигирманчи аср бошида Марказий Осиёдаги ерлик аҳолини (улар “туземец” деб атардилар) чет жойларга, масалан, чўлларга чиқариб, унумдор ерларга рус деҳқонларини кўчириб келиб жойлаштириш сиёсатини бошладилар. Ўктабр тўнтариши бу ишни бир оз тўхтатди. Большевик-лар мазкур ғоядан воз кечмаган ҳолда, ўзгача йўл тутмоқчи бўлдилар. Яъни, оқ подшоҳ ўз ғоясини зўрлик йўли билан амалга оширмоқчи бўлган эди. Большевиклар эса ҳийла, алдов йўлини танладилар. Компартия тарихида Лениннинг Мирзачўлни ўзлаштириш учун катта миқдорда пул ажратиш ҳақидаги декрети кўкларга кўтариб мақталади. Тўғри, шундай декрет қабул қилинган, лекин бир тишлам нонга зор Совет Россияси бу пулларни қайдан оларди? Мирзачўлни ўзлаштиришга бир тийин ҳам етиб келмаган. Аксинча, ўша йиллари Ўзбекистондан жуда катта бойлик ташиб кетилган. Бу қуруқ гап эмас, мана тарихий далил: ўша талатўп йиллари 59 миллион пуд пахта, 8,5 миллион пуд пахта мойи, 950 минг пуд пилла, 2 миллион 925 минг пуд жун, 229 минг пуд совун, 300 минг пуд гўшт, 474 минг пуд балиқ, 70 минг от, 12 минг туя камлик қилиб, аҳолидан зўрлик билан 2 миллион 400 минг пул тортиб олиниб, Россияга олиб кетилганлиги архив китобларида зарб этилган, бу далиллардан кўз юмиб бўлмайди. Абдулла Авлоний “рус товаришларининг марҳамати”дан сўз очиб “думба бериб – чандир чайнаймиз, қаймоқ бериб – сут ошиймиз, нон ўрнига кесак тишлаймиз”, деб ўкинч сўзларини бекорга ёзмагандирлар? Улуғ мутафаккирнинг узоқ йиллар давомида уйда махфий сақланган “Афғон саёҳати” кундалик дафтарларидаги бу сатрларни унутиш мумкинми?
“(1919 йили) кеч соат 8 да келуб Ховос истансасида қолдук, йўлларда бўлсун, истансаларда бўлсун, яланғоч, авротлари очуқ, кийимлари пора-пора мусулмон хотун-қизлари, ёш-ёш болалар кўрилурди. Албатта, илмсиз ва тарбиясиз, аҳволи оламдан хабарсиз мусулмонларнинг ҳол-аҳволлари биргина Ўрта Осиё йўлларинда эмас, бутун Туркистоннинг ҳамма ўлкасида шўйла фано ва аянч ҳолда эканлиғин ҳеч ким инкор қилмайди. Бизим Туркистонда ҳар ерда ҳозирда иш бошинда ўлтурган рус товаришларимизнинг ўзлари иш бошиға ўлтуриб олиб, ўзлари ошалаб, биз – мусулмонларға ялатувларининг натижасидур. Мазкур аҳолилардан сўралганда, “алҳамдулиллоҳ, бу йил бултургига қараганда ҳолларимиз яхши. Бу йил фақат яланғоч бўлсамиз ҳам, бир оз емаклиқға гадолик ва тиланчилик қилуб умр ўткарамиз. Агарда бултур келган бўлсангиз эди, бул йўлда “Оҳ, нон!..” деб жон бериб ётган мусулмонларни кўрар эдингиз”, дея бу ҳолларига ҳам шукур баён қиладилар”.
Оқ подшоҳ истило қилган мамлакатларини “генерал-губернатор” аталмиш вакиллари орқали бошқарарди. Большевиклар эса мустамлака ерларини майда-майда бўлакларга ажратиб, “мустақил совет республикалари” ташкил этдилар-да, ҳукумат тепасига биттадан қўғирчоқ раҳбарни қўндириб қўйдилар. Ўзбекистонда компартия раҳбари ўзбек, иккинчи котиб албатта рус, вилоят, туманларда ҳам аҳвол шундай. Демакки, аслида ишни иккинчи котиблар юргизадилар. Мажлисларнинг “улуғ оғамиз” тилида олиб борилиши фикримиз далили. Мажлисларнинг рус тилида олиб борилиши замирида ҳам миллатга қарши кучли сиёсат ётарди. Диққат қилайлик: мажлислар рус тилида олиб борилса, барча расмий ҳужжатлар рус тилида юритилса, қўғирчоқ раҳбарларнинг “оғалари” тилини яхши билишлари шарт бўлади. Демак, амалга интилувчи кимса бу шартни бажариш ҳаракатига тушади. Тўғрироғи, фарзанди катта амалдор бўлишини истаган ота ва она уни шу йўналишда тарбия этади. Миллий руҳ деган тушунчалар гўрга тиқилади. Бу илмий-фалсафий тилда “ассимиляция” дейилади. Мазкур атаманинг луғавий маъноси “сингдириб юбориш”дир, яъни миллатни аста-аста тирнаб-тирнаб, едириб-едириб йўқ қилиш. Изоҳли имло луғатида: “Ассимиляция – бир халқнинг бошқа бир халқ урф-одатларини маданияти ва тилини ўзлаштириб, ўз тили, маданияти ва миллий онгини йўқотиши натижасида ўша халққа қўшилиб кетиши” деб ёзилган. “Агрессия” – тажовуз, яъни миллат бошини қилич билан шартта кесиб ташлаш бўлса, “ассимиляция” эркалаб туриб, бошини силай-силай едириб тугатиш. Тўғри, бунга анча кўпроқ вақт кетади, лекин дунё аҳлининг кўзларини шамғалат қилишнинг энг қулай усули шу. Чингиз Айтматовнинг “Асрни қаритган кун” (“Асрга татигулик кун” деб нотўғри таржима қилинган) романидаги манқурт ҳақидаги афсонани эслайсизми? Душман паҳлавон йигитни ўлдирмайди, бошидаги хотирани, ақлидаги туйғуларни чиқариб ташлайди. Оқибатда онасини ҳам танимайди. Она – Ватан тимсоли. Миллий туйғулари ўлдирилган одам Ватанини танимайди!
Биринчи раҳбарларнинг аксари москвалик хўжайинларига яхши кўриниш учун аввало ўзлари руслашишни бошлаган эдилар. Акмал Икромов, Усмон Юсупов кабилар рус аёлига уйландилар. Уларнинг фарзандлари оталарининг насаблари билан аталса-да, аслида уларнинг қонида ўзбекнинг ҳеч нимаси йўқ эди. Комил Икромов Москвада улғайиб, болалар ёзувчиси бўлиб етишди. Отасининг ҳаёти асосида ёзган “Ўқчи маҳалласи” (русча номи “Улица оружейников” ўзбекчага “Қуролсозлар маҳалласи” деб нотўғри таржима қилинган. Чунки Тошкентда “Қуролсозлар” маҳалласи бўлмаган; ҳунармандларнинг номи билан аталувчи “Ўқчи”, “Дегрез”, “Лангар” каби маҳаллалар мавжуд эди) асари асосида кўп қисмли кинофильм ишланган. Леонид Юсупов ҳам Москвада яшаган. Бундай ҳолатни ёзувчиларнинг оилаларида ҳам учратиш мумкин эди. Уйғун, Йўлдош Шамшаров, Туроб Тўла… ўзга миллат вакилларига уйланишди ва “интернационал оила” сифатида мақталишди. Мен бу ҳолатни қоралай олмайман. Чунки қадимда рус шаҳзодалари немис ёки француз қизларига уйланганлар, зодагонлари улардан ортда қолмаганлар. Ҳатто Пётр I русларнинг маданий савиясини ошириш, европага яқинлаштириш учун бундай оилалар кўпайишини талаб қилган. Қадим Туронда ҳам форс ёки ҳинд, ёки араб гўзалларига уйланиш расм бўлган. Замонавий мисолга ўтсак, Ҳиндларнинг машҳур сулоласи Жавоҳарлаъл Нерунинг набираси Раджив Ганди ўлдирилгач, унинг сиёсий фаолиятини хотини давом эттирди. Унинг партияси сайловда ғолиб келди, лекин бу хотин европалик бўлгани учун, ҳинд аёлларига ўхшаб сари либосида ўралиб юрса-да, Бош вазир лавозимига қўйилмади. Мен бу нозик масалага ўтиб, кимларнингдир иззат-нафсига тегмоқчи эмасман. Кўнгил – кўнгил-да, кимга уйланса уйланаверсин, лекин фарзандларини ўзбек қилиб тарбиялаши керак.
“Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга ур”, деган мақолга амал қилиб, кўнгилни хира қилувчи бир мисолни эслаб ўтишим керак. Гап шундаки, “интернационал оила” бизнинг қариндошларда ҳам бор эди. Тоғамнинг катта ўғиллари Фаррух ака, тўйсиз, никоҳсиз, рус қизига уйланиб олибдилар. Худди киноларда кўрсатилганидек, чақалоғини кўтариб олган жувонни бошлаб келиб, “Это моя жена”, деган эканлар. Тоғам бунга қанчалик норози бўлмасинлар, ҳовли этагидаги икки хонани уларга бўшатиб берганлар. Бир қиз (Лола) ва ўғил (Алишер) кўрдилар. Янгамиз Валя опа Тошкентда туғилиб ўсган бўлса-да, ўзбекчани билмасдилар, шунга қарамай, қариндошларнинг барча маросимларида қатнашардилар, меҳр-оқибат бобида айрим ўзбек аёлларидан устун эдилар. Дадажоним, аяжоним вафот этган кунлари жиянлардан олдин шу келин – Валя опа етиб келган эдилар. Фаррух акамизнинг яна бир рус хотинлари борлигини вафот этган кунлари билганмиз. Лоланинг исми ўзбекча бўлгани билан рус қизи бўлиб тарбия топди, рус йигити билан турмуш қуриб, сўнг рус аёлларига хос феъли туфайли тезгина ажрашди. Ҳозир Россияда яшайди. Алишер ҳам рус йигити эди. Оила қурмади, гиёҳвандларга аралашиб, умрини хазон қилди. Уни Белгород шаҳрига дафн этишибди. Фаррух акамизнинг ҳаётдаги илдизлари шу тарзда қуриди.
Не аламки, кичик ўғиллари Ҳасан ака ҳам Ленинградда ўқиётганларида рус қизига уйланиб олибдилар. Тоғам буни иснод деб қабул қилиб алам чекмадилар. Йўқ, бу иснод эмасди. Тоғамни “зурриётим қирқилиб адо бўлади, номим ўчади”, деган ташвиш қийнарди. Ҳартугул, Ҳасан акамиз биринчи оилалари билан кўп яшамай, ажрашдилар. Ўшлик қариндошимизнинг қизларига уйландилар. Набиралари Омонуллоҳ туғилганида тоғамнинг “энди номим ўчмайди, илдизим қуримайди”, деб қувонганларини кўрсангиз эди!
Рим султони Юлий Цезарнинг “Майдалаб бўлиб ташлагин-да, истаганингча ҳукмингни юргизавер”, деган фалсафасини большевик султонлари тўла-тўкис амалга оширдилар. Яқин ўтмишимизда “Ленинча миллий сиёсат” кўкларга кўтариб мақталарди. Аслида эса Сталинча миллий сиёсат қарор топган эди. Ленин 1924 йилнинг январь ойида вафот этган, миллий чегараланиш эса, октябрь ойида ўтказилди. Ленин миллатга қараб эмас, ҳудудга қараб чегаралаш тарафдори эди. Масалан, Қофқазда уч жумҳурият эмас, битта “Қофқаз” жумҳурияти, Марказий Осиёда эса “Туркистон” жумҳурияти бўлишини истаган. Сталин эса майдалаб ташлаган. Унинг сиёсати ҳозиргача жондош-қондош, жигар бўлган халқларни айириб турибди. Бир неча чақирим қуруқ ер ёки йўл учун ғалвалар тинмаяпти. Мана шу келишмовчилик Россия учун ғоят фойдали ҳисобланади. Эҳтимол, 1924 йилда тарихнинг бу томонга оғишини ҳам ҳисобга олиб, шундай қилишгандир.
* * *
Ёшларимиз тарихни яхши билмасалар керак, деган ўйда асосий муддаога сал узоқроқдан яқинлашишга тўғри келди. Яна Тошкент зилзиласига қайтсам, “улуғ оғаларимиз”нинг қурилиш баҳонасида ёпирилиб келиши “ассимиляция” миллий сиёсатининг амалга ошишини тезлаштиришдан иборат эди. Агар бу мақсад бўлмаса, рус ёки украин, ёки белоруснинг бошкентга кўчиб келиши фожиали ҳолат эмас. Дунёга назар ташласак, турли мамлакатларда ўзбекларнинг яшаётганини кузатамиз. Ёки Германияда туркларнинг, Англияда ҳиндларнинг кўп миқдорда яшаши ҳозир ажабланарли ёки ташвишли ҳол саналмайди. Чунки Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган ўзбеклар арабларнинг, Германиядаги турклар немисларнинг қонунларини, тарихи, маданияти, тилини ҳурмат қилиб яшайдилар. Европада яшаётган осиёликлар бу халқларни, масалан, олмонларни, фарангиларни… едирилиб йўқ бўлиб кетишига таҳдид солмайдилар. Аксинча, йиллар оша ўзлари уларга сингиб йўқ бўлиб кетадилар.
1966 йилда кўчиб келган меҳмонларимиз ҳам бизнинг бой тарихимиз, маданиятимиз, тилимиз, урф-одатларимизни ҳурмат қилишса эди, уларга ҳеч бир эътирозимиз бўлмасди. Сталин Ленин билан миллий сиёсат ҳақида баҳслашганда “Рус халқининг вакили Россияда яшаса, грузиядаги грузин учун “улуғ”лик мақомида бўлади. Агар у Грузияга кўчиб келса, бу улуғлигини йўқотади”, деган экан. Шунга кўра, 1966 йилда кўчиб келганларнинг кўпчилиги ўзларининг хатти-ҳаракатлари билан “улуғлик” мақомини талаб қила бошладилар. Ўзбекнинг тарихини билмаган жоҳил “биз сенга маданият олиб келдик”, деб очиқчасига даъво қила бошлади. Автобусда шундай жанжал чиққанига ўзим гувоҳ бўлган эдим. Ширакайф рус хоним “биз сенларга шим кийишни ўргатганмиз!” дегач, аҳвол нима бўлганини тасаввур қилаверинг.
Мен европаликлар ҳақида сўз кетганда “1966 йил”ни атайин таъкидлаяпман. Чунки биз билан ён қўшни-жон қўшни бўлиб яшаётган европаликларни битта қолипга солиб, фикр юритиб бўлмайди. Мен бу ҳақда илгари ҳам ёзганман. Русларнинг оқ подшоҳ даврида келганлари бор, очарчилик йилларида, уруш йилларида келганлари бор. Уларнинг маҳаллий халқ билан муносабати 1966 йилда келганлардан тубдан фарқ қиларди. Аввал келганларда маҳаллий халққа ҳурмат бор эди ва ҳурмат кўрардилар. Кейингиларидан маданиятни талаб қилишнинг фойдаси йўқ эди. Чунки уларнинг кўпчилиги мен қурилишда дастлаб танишганим Шомил ва унинг дўстлари тоифасидан эди. Шаҳарда майхўрликнинг, жинсий хасталикнинг авж олгани фикримга далил бўлар. Улар қурилиш ашёларини кепак баҳосида пуллашар эди. Костромалик қурувчидан ярим шиша ароққа бир машина бетон ёки пишиқ ғишт сотиб олиш мумкин эди. Аҳвол шу экан, улар қурган уйларнинг сифати қандай бўлгани маълум.
Совет Иттифоқи яксон бўлгач, европалик қадрдон қўшниларимизнинг кўплари кўчиб кета бошлашди. Уларнинг аксари 1966 йилда келган “ҳашарчи”лар эди. Кўнгилни хира қиладиган жойи шундаки, уларнинг кўплари “шунча йил сизларнинг сувингизни ичдик, тузингизни едик, биздан рози бўлинг”, деб хайрлашишмади. Уйларини хусусийлаштириб олишгач, қиммат баҳоларга сотдилар-у, она юртларига “қочоқ” сифатида қайтиб бордилар. Бу ҳақда Россия телевиденияси кўп марталаб кўрсатди, хабарингиз бордир. Бу ношукурларни қарангки, бизларни ёмонлаб, “қочоқ” сифатида қайтса, ҳукуматидан ёрдам пули оларкан. Озгина пул деб туз ҳақини унутди. Мен бу ҳақда “Иванич” деган ҳикоя ёзиб эдим. Бу борадаги дардимни шу ҳикояга сингдирганман, кўзингиз тушса, ўқиб кўрарсиз.
Мазкур сатрларни ўқигач, айримларда менинг “миллатчилик” иллатим ошиб-тошиб кетганга ўхшаб туюлиши мумкин. Йўқ, мени тўғри тушунинг. Менинг ҳеч қайси миллатга нисбатан ғаразим йўқ. Аввалроқ айтганимдай, миллатидан, динидан қатъи назар, ҳар бир кишини Одам ато билан Момо Ҳаввонинг фарзанди сифатида, яъни ўз биродарим сифатида кўраман. Мен руслар ёки украинлар билан жон қўшни бўлиб яшашга қарши эмасман, мен советлар юритган миллий сиёсатга қаршиман.
Донишманддан сўрадилар: “Қайси одам, қайси миллат афзал?” Донишманд икки кафтига тупроқ олиб: “Қайси кафтимдаги тупроқ афзал?” –деб сўради. Кейин кафтларидаги тупроқни бир-бирига аралаштириб дедики: “Икки ҳовучимдаги тупроқнинг бир-биридан фарқи бўлмагани каби, ҳамма халқ, ҳамма миллат бир-бирига биродардирлар”. Ўз миллатини севиш, ардоқлаш, керак бўлса жонфидо қилиш иллат эмас, балки ўзга миллатни пастга уриш, хорлашга интилиш иллатдир. Ўтган жамиятда шу нуқтада катта хатоликларга йўл қўйилди. Ўз миллатини севганларнинг “халқ душмани” деган туҳмат билан қамалганлари, отилганларини, баёнимда такрор бўлса ҳам, яна ёдга оламан.
Шукурки, бугунги милий сиёсат бутунлай бошқача, таъбир жоиз бўлса, бу сиёсат “тириклик суви” билан суғорилган. Бугунги миллий сиёсат йўналишида хизмат қилиш ҳар бир ўзбекистонликнинг бурчи. Муҳтарам президентимизнинг “Шу азиз Ватан барчамизники!” деган ҳаётбахш шиори ҳар биримизнинг қалбимизга кўчиши керак.
Менинг миллий масалага муносабатимни тўғри тушунишингиз учун айрим воқеаларни эсламоқчиман.
1980 йили Москвада фантаст ёзувчиларнинг анжумани бўлди. Камина СССР Ёзувчилар союзи ҳузуридаги Фантастика кенгашининг аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасидаги кенгашнинг раиси сифатида иштирок этдим ва мунозараларда сўзга чиқдим. Москвалик айрим адиблар осиёлик адиблар ижодини очиқчасига менсимас эдилар. Шуларга ибрат бўлсин, деб мен “Фантастиканинг ватани – Шарқ” мавзуида сўзладим (Бу ҳақда кейинроқ батафсил фикр юритаман, инша Аллоҳ). Мисол тариқасида Ибн Сино, Форобий, Навоий асарларини тилга олдим. Анжуманда қозоғистонлик адиб ва олим Абдулҳамид Марҳабоев ҳам иштирок этаётган эдилар. Акамиз эрталабдан ширакайф бўлиб олган эканлар, мажлис хонасига бир кириб, бир чиқиб турдилар. Кечки пайт москвалик адиб дўстимиз Юрий Медведевнинг таклифи билан кичик давра қурдик. Эрталаб ширакайф бўлган акамиз, кечга келиб анча “етилган” эдилар. Уч-тўрт қадаҳ сўзидан кейин каминага ола қараб: “Сен боя нега Форобийни ўзбек дединг?” – деб қолдилар. Мақсадни дарров тушундим. Қўшни ва қариндош миллат зиёлилари орасида ярамас иллат тарқалган эди. Ўтмиш алломаларини ўзларича “бўлишиб олиб”, “бу ўзбек”, “бу қозоқ”, “бу тожик”, “бу туркман”, деган киши билмас даҳанаки жанглар мавжуд эди. Форобийни қозоқ ва ўзбек зиёлилари талашардилар. Шу нуқтаи назардан қараганда, Форобий номини ўзбек ёзувчисининг тилга олиши қозоқ адибига ёқмабди. Ҳолбуки, мен “ўзбек” эмас, “шарқ алломалари” деб эдим. Рус, латвиялик, молдован, украин адибларининг кичик даврасида ўзбек билан қозоқ қариндошнинг бемаъни баҳси шармандали ҳол бўлгани учун изоҳ бердим:
– Минг йил олдин яшаган аждодларимиз илм оламига бебаҳо мерос қолдирганлар. Буюк одамларнинг миллати бўлмайди. Аниқроқ айтсам, миллатининг чегараси йўқ. Агар Хоразмий мероси фақат битта халққа хизмат қилганда, демак у буюк эмас эди. Буюклар башар фарзандларидир. Сиз билан биз уларни талашмайлик, аксинча, ўрганайлик. Сизнинг гапингиз мен учун янгилик эмас. Бунақа гаплар Олмаотада ҳам бор, Тошкентда ҳам бор. Лекин у шаҳарда ҳам, бунисида ҳам Форобий ҳаёти акс этган яхши роман йўқ. Талашишга етган ақлни тежаб, мен бу буюк аллома ҳақида роман ёзадиган бўлсам, олмаоталик форобийшунос олимлар маслаҳат берсалар, сиз ёзадиган бўлсангиз, тошкентлик олимлар қизиқарли маълумотлари билан сизни таъминласалар, халқимизга шу фойдалироқ эмасми? Аждодлар номи билан фахрланиш яхши, лекин зиёли одам “мен улуғлар зурриёти бўлишга арзийманми, мен халқимга етарли хизмат қила олдимми?” деб яшаши керак. Ҳамонки, баҳс бошландими, келинг, дастурхонларимизни очайлик: сиз қозоқларга қандай хизмат қиляпсиз, мен ўзбекларга қандай хизматни қойиллатиб қўйдим? Тан олайлик, бовурим, даъвоимиз осмонда-ю, дастурхонимиз қуруқ. Сиз тўртта, мен иккита китоб чиқариб қўйиб керилмасак ҳам бўлади. Жамбул оғанинг ёшини яшаб, яна уч-тўрттадан китоб ёзармиз. Лекин вафотимиздан кейин йил ўтиб биров бизни эслайдими?
Гапларим таъсир қилди. Абдулҳамид оға “накаут қилдинг”, деб мени ўпа кетди. Ярим чин, ярим ҳазил баҳсимизга Юрий Медведев якун ясади:
– Тоҳир тўғри гапирди. Бунақа талашиш дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам бор. Лекин ҳеч бир ерда ижобий натижа бермаган. Ҳар бир зиёли қобилиятига яраша миллатига хизмат қилаверсин, натижасини келажак аниқлаб беради.
Шу даврадан сўнг Абдулҳамид оға билан ака-укадек бўлиб кетдик. У киши тўрт-беш марта бизникига келдилар. Бизнинг “Фан ва турмуш” журналига ўхшаган “Билим жана энбек” нашрига бош муҳаррир бўлдилар, каминани шу журнал таҳрир ҳайъатига аъзо қилиб, гувоҳнома ҳам жўнатдилар. Бу гувоҳнома Чимкент йўлида иш берди: Сайрамдаги дўстимизникига кетаётган эдик. Йўл ҳаракати қоидасини бузиб эдим, қозоқ инспектори тўхтатди. Астойдил жазолайдиган кайфиятда эди, гувоҳномани кўргач, айбимни кечирди. “Фалак”, “Сомон йўли элчилари ” қиссалари Абдулҳамид Марҳабоевнинг таржимаси туфайли қозоқ ўқувчиларига етиб борди. Абдулҳамид оға билан хат ёзишиб турардик. Мактубларини “Тахир туғыс” деб бошлардилар. Тошкент яқинидаги Қозоғистоннинг “Сари оғоч” санаторийсига келган пайтлари албатта бизникига қўниб ўтардилар. Шундай ташрифлардан бирида меҳмон кутаётган гўзал қозоқ қизининг суратини совға қилдилар. “Тахир туғыс, Алматы эскерткiшi сенин уйинде де турсын. Абдул-Ҳамид”, – деб имзо чекилган бу совға салкам қирқ йилдан бери уйим тўрида турибди.
Саксонинчи йилларнинг охирларида Жомий ҳазратларининг таваллуд тўйларини ўтказиш тадориги бошланди. Қувонарли томони шундаки, бу тўйни ўтказишга икки жумҳурият зиёлилари жалб этилди. Тожикистонда ташкилий ишлар академик Муҳаммад Осимий, бизда академик Азиз Қаюмов раҳбарлигида олиб борилди. Тўй Самарқандда бошланиб, сўнг Тошкентда, кейин Тожикистонда давом этиши режалаштирилган эди. Дастлабки ишлар ўзаро хат ёзишув ва телефондаги сўзлашувлар орқали амалга оширилди. Тайёргарлик ишлари ниҳоясига етай деб қолганда Душанбедан фан доктори Аълохон Афсахзод акамиз келдилар. Азиз Қаюмов домламиз бу пайтда Ёзувчиларнинг дўрмондаги Ижод уйида эдилар. “Меҳмонни шу ерга олиб келинг, баҳаво жойда дам олиб қайтадилар”, – дедилар. Икковимиз автомашинанинг орқа ўриндиғига жойлашиб, жўнадик. Ўша ойларда Ўзбекистоннинг раҳбари Рафиқ Нишонов қайсидир мажлисда: “Ибн Сино тожик халқининг буюк фарзанди”, –деб ўзбек зиёлиларини ранжитган эди. Сир эмаски, бу масалада олдиндан кераксиз фикрлар олишуви мавжуд эди. Фақат Ибн Сино эмас, бошқа улуғларнинг номи ҳам ўртада “талаш” эди.
Душанбелик доктор Аълохон Афсахзод билан йўлда кетатуриб бу ҳақда гаплашишини ўйламаган эдим. Меҳмон кутилмаганда Нишоновнинг гапини эслаб, бунга зиёлиларнинг муносабатини сўрадилар. Жавобан дедимки:
“Муносабатни ўзингиз ҳам ҳис қилгандирсиз? Агар айни шу гап тескарисига жаранглаганда тожик зиёлилари нима дердилар? Шахсан каминанинг фикрини билмоқчи бўлсангиз, зиёли сиёсатчидан ҳар томонлама устун туриши керак. Чунки зиёлига Худо томонидан берилган зеҳн, эгалланган билим, таҳлил қилиш ва тўғри хулоса чиқара олиш қобилияти айрим сиёсатчиларга берилмаган. Уларнинг тарихга, маданиятга доир фикрлари субъектив (шахсий, фақат ўзларига хос), илмий ҳақиқатдан узоқ бўлиши мумкин. Хўп, Нишонов шундай дебди, буни фожиа сифатида қабул қилиш керакми? Нега? Унинг гапидан кейин нима ўзгарди? Тўрт-беш тожик зиёлиси қувонгандир, тўрт-беш ўзбек зиёлиси ранжигандир. Шу холосми? Ҳа, шу холос. Нишонов Ибн Синони “тожик” деб эълон қилгач, дунё аҳли сизларнинг ҳузурингизда тиз чўкиб, шарафлашдими? Йўқ, бу гап саҳрога томган ёмғир томчидай изсиз кетди-ку? Дунё илм аҳли учун Ибн Синонинг ёки бошқа алломанинг миллати мутлақо аҳамиятсиз. Дунёнинг қайси илмий даргоҳида “Биз фақат қадим Юнон (ёки Хитой, ёки Ҳинд, ёки Ўзбек, ёки Тожик) олимларининг асарларини ўрганамиз, бошқаларини тан олмаймиз”, деган талаб бор? Форобий хусусида қозоқ дўстимга айтган сўзимни сизга ҳам айтай: сиз-у биз Ибн Сино ҳазратларини талашиб ўтирибмиз, Москвалик яҳудий адиб, Гуржистонлик адиба келиб, тарихни ўрганиб, бу буюк зот ҳақида романлар ёзишяпти. Шу мисол ҳар икковимиз учун уят эмасми?”
Доктор Афсахзод акамиз билан ҳамфикр эканмиз. У киши ҳам Тожикистондаги айрим зиёлиларнинг тарихни талашишга доир ҳаракатларига салбий муносабатда эканлар. Ҳамонки, ҳар икки томонда шундай иллат бор экан, бу иллатни даволовчи куч ҳам бор-ку? Агар икки ёки уч жумҳуриятда юқумли касаллик тарқалса, қўшнилар қараб туришмайди-ку, икки ёки уч жумҳурият шифокорлари биргалашиб ҳаракат қилишади-ку? Нега руҳий-маънавий касалликка қарши ҳамжиҳатликда кураш олиб борилмайди?
Бу борада икковимизнинг фикримиз бир жойдан чиқди. Ана шу онда…
Тепловознинг кучли чинқириғи иккаламизни чўчитиб юборди. Қарасак, баҳайбат тепловоз биз томон бостириб келяпти. Қибрайга етмай чапга бурилганда автомашина темир йўлни кесиб ўтиши лозим эди. Темир йўлда ҳаракат камлиги туфайли шлагбаум қўйилмаган, автомобиль ҳайдовчисини хавфдан огоҳлантириш учун электр жинғироқнинг жиринг-лаши кифоя эди. Ҳайдовчиларнинг барчаси ҳам зийрак эмас, шу жойда ҳалокат бўлиб туриши маълум эди. Бизнинг ҳайдовчи ҳам суҳбатимизга маҳлиё бўлиб, огоҳлантирувчи чироқнинг ёниб ўчишига ҳам, жиринглаш овозига ҳам эътибор қилмабди. Ишонасизми, бир қарич масофа фарқи билан темир йўлдан ўтиб кетдик. Қўрқувдан ҳайдовчининг ранги оқариб, машинани тўхтатди. Пастга тушиб, бошини чангаллаб ўтириб олди. Бизнинг қўрқувимиз ҳам ўзимизга яраша эди. Бир неча нафасдан сўнг ўзимизга келгач:
– Аълохон ака, ҳозир нима учун Худо бизни асраб қолди, биласизми? –дедим.
– Ризқимиз ҳаётдан узилмаган экан, – дедилар.
– Бу ҳам тўғри, назаримда омон қолишимизга бошқа сабаб ҳам бор.Ҳозир икковимиз аҳиллик ҳақида ҳамфикр бўлиб гаплашдик. Агар бошқалар каби талашиб-тортишиб келаётган бўлганимизда Худо: “Бу икки нодоннинг боридан йўғи яхши”, – деб бостириб юборармиди…
Аълохон акамиз кулимсираб қўйдилар.
Таваллуд тўйи бошланган куни Муҳаммад Осимий домла биланяқиндан танишдим. Ғоят илмли, доно киши эканлар. Темир йўлдаги воқеани эшитиб, менинг ҳазил тариқасида айтган фикримни тас-диқладилар. Ҳазрат Жомийнинг таваллуд тўйлари Самарқандда юқори мартабада ўтди. Кечки поездда Тошкентга қайтдик. Осимий домла билан тун бўйи суҳбатлашдик. У кишининг билимлари мисли денгиз экан, озгинагина баҳраманд бўлишга улгурдим. Ўзбек тилига Давлат тили мартабаси берилиши ҳақидаги қонун ҳақида гапира туриб, тожик ва ўзбек тилшуносларининг илмий ҳамкорликлари ҳақида яхши фикрлар айтдилар.
Афсуски, бу фикрлар амалга ошмади. Совет Иттифоқи парчалангач, тарихшунос, тилшунос, адабиётшунос олимлар, ёзувчилар орасидаги илмий-ижодий алоқалар яқинлашиш ўрнига анча узоқлашди. Ҳар икки миллатнинг янги авлоди бу камчиликка ҳам барҳам беришни зиммаларига олмоқликлари зарур.
Бу борада бизга ибрат бўларли икки ижодкорни ёдга олиб ўтсам савоб бўлар.
Бирлари – Тўхтасин Жалолов. “Ўзбек шоиралари” рисолалари билан машҳур эдилар. Ойбек домла ҳам бу рисолага юқори баҳо бериб эдилар. Тўхтасин ака Сталин даври жабрини ҳам кўрганлар. Лекин бу ҳақда сира гапирмасдилар. Тўхтасин аканинг қамоқда орттирган дўстлари билан 1993 йили суҳбатлашиб қолиб, қаҳрамонликлари ҳақида ажиб воқеани эшитдим: қамоқхоналарнинг ўзига яраша ёзилмаган қонуни бўлади. Ички тартибни милиция ходимлари эмас, ашаддий жиноятчилар бошқарадилар. Қамоқхона маъмурияти сиёсий маҳкумларни итоатда ушлаб туриш учун уларга қарши каллакесарлар тўдасини қўйган. Сиёсий маҳкумларнинг аксари зиёлилар, муштлашиб, ўзини ҳимоя қилишга ожиз, пашшага ҳам зарар келтирмайдиган кишилар бўлишган. Бундан фойдаланган рецедевистлар уларни истаганларича хорлайверишган. Тўхтасин ака ҳам аввалига бу хорликларга чидаганлар. Кунларнинг бирида барчага зулм қилувчи хирсдай маҳкумнинг бошсиз танаси топилган. Сиёсий маҳкумлар буни Тўхтасин аканинг иши деб билиб, унга ҳурмат билдирганлар. Рецедевистлар ҳам Тўхтасин акадан гумонсираганлар, лекин бақувват бу одамга бас келишдан чўчиб қолганлар. Шу тарзда Тўхтасин ака сиёсий маҳкумларни хорланишдан қутқариб қолган, лекин бирон марта қилган ишларини тилга олмаган, миннат қилмаган эканлар. Газетада ишлаганимда Тўхтасин ака билан деярли ҳар куни кўришардик. У киши бирон идорада хизмат қилмасалар ҳам, барча каби соат 9 да келиб, чойхонадан жой олардилар. Укишига кўпинча шоир Толиб Йўлдош ҳамсуҳбат бўлардилар. Биз уларнинг суҳбатларини тинглаб ҳузурланардик. Мен Тўхтасин аканинг тожик эканликларини билмаган эдим. Бир куни суҳбат пайтида: “Мени тожик олими, деб гапиришади. Мен бу сифатга қаршиман, чунки мен ўзбек халқининг тожик фарзандиман”, – дедилар. Кейинроқ ёзувчиларнинг қайсидир анжуманида буни катта минбарда туриб, фахр билан айтдилар.
Шоир Жонибек Қувноқни кўпчилик билмаслиги мумкин. Чунки у киши ғоят камсуқум ва камтарин эдилар. Жонибек ака шайтонга бўйин бермаган покиза инсон, ҳилм бобида бошқаларга ўрнак эдилар. Намоз ўқиганларми ё йўқми, билмайман, лекин мусулмон одоби у кишида мужассам эди. Ўзлари тожик газетасида ишлардилар. Ўзбек шоирларининг сара шеърларини тожик тилига таржима қилардилар. Тўсатдан вафот этганларида маълум бўлдики, биронта поликлиникага аъзо эмас эканлар. Вафот этганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш пича қийинлашганда Одил Ёқубовнинг аралашувлари туфайли Ёзувчилар уюшмасининг поликлиникаси бу ҳужжатни тайёрлаб берди. Жонибек ака шунақанги беғубор одам эдилар. Вафотларидан сўнг профессор Ҳомиджон Ҳомидий ташаббуслари билан Низомий номидаги институтда хотира анжумани ўтказилди. Икки тилда сўзланди, икки тилда шеърлар ўқилди, ғоят ибратли анжуман бўлди. Шунда камина ҳам сўзга чиқиб, дедимки:
– “Миллат” атамасининг луғавий маъноси бир динга мансубликни анг-латади. Шунга кўра, мен Жонибек ака билан бир миллатданман. Таъбир жоиз бўлса, Жонибек ака тожик тилида сўзлашувчи мусулмон миллатидан эдилар, мен эсам ўзбек тилида сўзлашувчи мусулмон миллатиданман.
Худди шундай мисолни, яъни Тожикистонда яшаган ўзбек ижодкорларининг фазилати ҳақидаги ибратли воқеаларни тожикистонлик дўстларимиз ҳам айтиб беришларига ишонаман.
Фарғона фожиаси кунлари Францияда чиқадиган “Юманите” газетасининг мухбири мен билан суҳбатлаша туриб: “Ўзбеклар билан туркларнинг бу хилдаги тўқнашуви бизлар учун кутилмаган бўлди. Арманилар билан Озарбайжонлар урушидан сўнг Ўрта Осиёда ўзбеклар билан тожик-лар зиддияти бошланишини кутган эдик”, – деди. Унинг бу гапини хотиржамлик билан тинглаш мумкин эмас. У шунчаки гапирмади бу тахминини. Таъбир жоиз бўлса, бу “чойхонанинг гапи” эмасди. Хорижда бизларнинг ҳар бир кунимизни диққат билан кузатадиган мутахассислар, илмий даргоҳлар бор. Ҳамонки, улар шу фикрга келган эканлар, демак, асослари бўлган. Асослари, назаримда, тарихни талашувчи нодон зиёлиларнинг ҳаракатида бўлса керак. Халқ айнан шу нодон зиёлилар кетидан боради, деб ўйлашган. Худога шукурки, ундай эмас.
Бугун собиқ иттифоқ ҳудудида юз бераётган фитналар бизларни ақл билан иш юритишга даъват этади. Жон қўшнилар, жигарлар орасида нифоқ чиқиши кимларга керак? Жомий ва Навоий ҳазратлари авлодига, Махтумқули, Абай ва Тўхтағул авлодига мутлақо керак эмас!
Тошкент зилзиласи баҳонасида бунчалар четлашиб кетишингиз шартмиди, деб танбеҳ беришингиз ўринли. Лекин гап шундаки, табиий офатлар олдида одамзод ожиз. Лекин ўзининг нодонлиги оқибатида юз берадиган маънавий-руҳий офатларнинг олдини олиш мумкин. Агар олди олинмаса, бу офатнинг фожиаси табиий офатникидан даҳшатлироқ бўлади. Зилзилада йиқилган бинолар тез ойларда ёки йилда тикланади. Дарз кетган деворлари қайта сувалади. Лекин маънавий-руҳий офат натижасида дарз кетган қалбларни шифолаш узоқ йилларни талаб этади. Шундан эҳтиёт бўлишни таъкидлаган ҳолда, ижозатингиз билан яна олт-мишинчи йилларга қайтаман.