Читать книгу ШИРИНЛИКЛАР МАМЛАКАТИ - - Страница 61

БИСКВИТЛИ РУЛЕТЛАР

Оглавление

МУРАББО ҚЎШИЛГАН БИСКВИТЛИ РУЛЕТ

140 гр шакар пудраси, 6 дона тухум, 100 гр олий навли ун, мураббо.

Тухум сариғини шакар билан аралаштириб, устига тухум оқи кўпиртмаси ва ун солиниб хамир қорилади. Тайёр бўлган хамир ёғ суртилган ва ун сепилган патнисга солиниб, қиздирилган духовкада пиширилади (оч сариқ тусга киргунча).

Тайёр бўлганидан сўнг бўлакларга бўлиб, устига шакар пудраси сепилади, кейин мураббо ёки жем суртилиб, рулет қилиб ўралади. Совитилган рулет иккига бўлинади. Ён томондан бўлакларга кесилиб, шакар пудраси сепиб чиқилади.

ТУХУМ ОҚИ ВА ОЛМА КРЕМ ҚЎШИЛГАН БИСКВИТ РУЛЕТ

5 тухум, 140 гр шакар пудраси (иложи борича олий навли), қулупнайли мураббо.

Олмали крем: 500 гр тозаланган олма, 2 ошқошиқ сув, 1 дона тухум оқи, 60 гр шакар пудраси.

Тухум сариғи шакар билан кўпиртирилиб, устига тухум оқи кўпиртмаси ва ун қўшиб, хамир қорилади. Тайёр бўлган хамир ёғ суртилган ва ун сепилган патнисга солиниб, ўртача оловда пиширилади. Тайёр бўлган пишириқни бўлакларга бўлиб, устига шакар пудраси сепилади, мураббо суртилади ва рулет қилиб ўралади.

Совитилганидан сўнг парракларга тўғралиб, олмали крем билан безатилади.

Олмали крем: пўстлоғи тозаланиб, бўлакларга бўлинган олманинг устига сув қуйиб, оловда қайнатилади. Юмшашни бошлаганидан сўнг эзилиб, тухум оқи, шакар қўшилади ва кўпиртирилади.

ЁНҒОҚЛИ НАЧИНКА СУРТИЛГАН БИСКВИТ РУЛЕТ
(тайёрлашнинг биринчи усули)

4 дона тухум, 100 гр шакар пудраси, 0,2 л сут, 50 гр шакар пудраси, 150 гр ун (олий навли), озгина ош содаси (7гр).

Ёнғоқли начинка: 150 гр майдаланган ёнғоқ, 0,1 л сут, 150 гр шакар пудраси, 15 гр ванилин шакари.


Тухум сариғи ва шакар пудраси кўпиртирилади. Сутга тухум оқи, 50 гр шакар, ун, ош содаси солиб, мунтазам аралаштирган ҳолда, устига тухум сариғи масаллиғи қўшилади ва хамир қорилади. Тайёр бўлган хамир ёғ суртилган ва ун сепилган патнисга қўйилиб, қиздирилган духовкада пиширилади.

Тайёр бўлган пишириқнинг устига қайноқ ҳолида ёнғоқли начинка суртиб, рулет қилиб ўралади ва бўлакларга бўлиб, устига шакар пудраси сепилади.

Ёнғоқли начинка: эзилган ёнғоқ устига сут қуйиб, шакар пудраси ва ванилин шакари солиб аралаштирилади.

ЁНҒОҚЛИ НАЧИНКА СУРТИЛГАН БИСКВИТ РУЛЕТ
(тайёрлашнинг иккинчи усули)

5 дона тухум, 100 гр шакар пудраси, 100 гр ун, озгина лимон шарбати ва пўсти.

Ёнғоқли начинка: 180 гр сариёғ, 100 гр ванилин шакари, 180 гр туйилган ёнғоқ, 5 ошқошиқ сут.

Тухум сариғи шакар билан аралаштирилади. Ушбу масаллиққа тухум оқи кўпиртмаси, ун, лимон шарбати ва пўстлоғи солиниб аралаштирилади ва хамир қорилади. Тайёр бўлган хамир ёғ суртилган ва ун сепилган патнисга қўйилиб, қиздирилган духовкада пиширилади. Тайёр бўлгач, сочиқ устига олиб, устига шакар пудрасидан сепасиз ва рулет қилиб ўрайсиз. Совитилган рулетнинг ораси очилиб, ичига начинка суртилади ва қайтиб ўралади. Рулетнинг юза қисми узун бўлакларга бўлиниб, устига шакар пудраси сепилади.

Ёнғоқли начинка: сариёғ билан ванилин шакари кўпиртирилади. Туйилган ёнғоқнинг устига сут қуйиб аралаштирасиз ва совитгани қўйиб, сўнг сариёғли кўпиртмага қўшасиз.

МУРАББО СУРТИЛГАН АСАЛЛИ БИСКВИТ РУЛЕТ

4 дона тухум, 200 гр асал, 120 гр ун, озгина ош содаси (7 гр), 30 гр ванилин шакари, мураббо.

Аввал тухум оқи кўпиртирилади. Сўнг тухум сариғи кўпиртирилиб, унга суюқ асал, тухум оқи кўпиги, ун, ош содаси ва ванилин шакари қўшиб, хамир қорилади. Тайёр бўлган хамир ёғ суртилган ва ун сепилган патнисга солиниб, қиздирилган духовкада пиширилади. Тайёр бўлган пишириқ бўлакларга бўлиниб, устига шакар пудраси сепилади ва мураббо суртилиб, рулет қилиб ўралади.

ПУНШЛИ НАЧИНКА СУРТИЛГАН БИСКВИТ РУЛЕТ

4 дона тухум, 70 гр шакар пудраси, 30 гр ванилин шакари, 50 гр ун (иложи борича олий навли).

Пуншли начинка: 15 дона бисквит печеньеси, 0,1 л ром ичимлиги, 30 гр майиз, 30 гр туйилган ёнғоқ, 50 гр шакар пудраси, 40 гр шакарланган ва консерваланган мевалар, 0,05 л мевали шарбат.

Тухум сариғини шакар пудраси ва ванилин билан кўпиртириб, унга тухум оқи кўпиртмаси ва ун солиб, хамир қорасиз. Тайёр бўлган хамирни ёғ суртилган ва ун сепилган патнисга қўйиб, қиздирилган духовкада пиширасиз. Тайёр бўлгач устига пуншли начинка суртиб, рулет кўринишида ўрайсиз. Совитилган рулет устига ромли помадка суртилади.

Пунше начинка: бисквит печеньелари бўлакларга бўлиниб, устига ром қуйилади. Сўнг майиз, ёнғоқ, шакар ва майдаланган шакар сепилган мевалар солиниб аралаштирилади. Бисквит рулетни пиширишга киришишдан аввал, унинг учун начинка тайёрлаб олиш лозим.

ОЛМАЛИ НАЧИНКА СУРТИЛГАН БИСКВИТ РУЛЕТ

6 дона тухум, 140 гр шакар, 120 гр ун.

Олмали начинка: 500 гр тозаланган олма, 100 гр шакар кукуни, 2 ошқошиқ сув, 50 гр майиз, 30 гр ванилин шакари.

Тухум сариғини шакар билан кўпиртириб, устига озгина тухум оқи кўпиги ва ун қўшиб, хамир қорилади. Тайёр бўлганидан сўнг ёғ суртилган ва ун сепилган патнисга қўясиз. Тайёр бўлган пишириққа олмали начинка суртиб, рулет қилиб ўрайсиз. Совитилган рулет қалинлиги 1 см келадиган бўлакларга бўлинади ва устига шакар пудраси сепилади.

Олмали начинка: тозаланган ва бўлакларга бўлинган олма устига шакар кукуни ва ванилин сепиб, сувга солинади ва қопқоқ билан ёпиб, олма юмшоқ ҳолга келмагунча димланади. Сўнг ушбу масаллиққа майиз қўшилади.

КАШТАНЛИ НАЧИНКА СУРТИЛГАН ЁНҒОҚЛИ БИСКВИТ РУЛЕТИ

5 дона тухум, 100 гр шакар пудраси, 100 гр туйилган ёнғоқ, 30 гр шоколад.

Каштанли начинка: 500 гр қайнатиб эзилган каштан, 100 гр шакар пудраси, 0,15 л ром.


Тухум сариғини шакар билан кўпиртириб, устига озгина тухум оқи кўпиги ва ун қўшиб, хамир қорилади. Устига эзилган шоколад сепилиб, ёғ суртилган ва ун сепилган патнисга қўйилади. Тайёр бўлган пишириққа олмали начинка суртиб, рулет кўринишида ўрайсиз. Совитилган рулет қалинлиги 1 см келадиган бўлакларга бўлинади ва устига шакар пудраси сепилади.

Каштанли начинка: қайнатилган ва пўстлоғи тозаланган каштанларни шакар билан аралаштирасиз. Каштанлар ўрнига ловиядан ҳам фойдаланиш мумкин (тенг миқдорда).

КЎКНОР УРУҒИ (МАК) ҚЎШИЛГАН БИСКВИТ РУЛЕТ

5 дона тухум, 120 гр шакар пудраси, 2 ошқошиқ қайнатилган сув, 120 гр ун, лимон цедраси.

Кўкнор уруғли начинка: 0,3 л сут, 100 гр шакар пудраси, 100 гр смородина мураббоси, 150 гр туйилган ёки эзилган кўкнор уруғи (мак).

Лимонли помада: 130 гр шакар пудраси, 2 ошқошиқ лимон шарбати.

Тухум сариғини шакар билан кўпиртириб, устига озгина тухум оқи кўпиги ва ун (меъёрнинг ярми) қўшиб аралаштирилади, охирида устидан уннинг қолган қисми ва лимон цедраси солиб, хамир қорилади. Тайёр бўлганидан сўнг ёғ суртилган ва ун сепилган патнисга қўясиз. Тайёр бўлган пишириққа кўкнор уруғли (мак) начинка суртиб, рулетга ўрайсиз. Совитилган рулет қалинлиги 1 см келадиган бўлакларга бўлинади ва устига лимонли помада суртилади. Помада қотганидан кейин, рулет бўлакларга бўлинади.

Кўкнор уруғли (мак) начинка: сутга шакар солиб, устига мураббо қўшилади ва қайнатилади. Қайнаб турган масаллиққа кўкнор уруғидан солиб, қайнатилади ва оловдан олиб совитилади.

Лимонли помада: шакарни лимон шарбати билан аралаштириб, қуюқ ҳолатга олиб келинади.

БИСКВИТЛИ КУЛЧА, БАБАЛАР ВА КЕКСЛАР

БИСКВИТЛИ КУЛЧА

6 дона тухум, 120 гр шакар пудраси, 1/2 дона лимон шарбати ва цедраси, 30 гр майиз, 50 гр шоколад, 30 гр бодом, 120 гр ун (олий навли).

Тухум сариғини шакар, лимон шарбати ва пўстлоғи билан кўпиртириб, устига майиз, қирилган шоколад ва майдаланган бодом қўшилади. Ушбу масаллиққа оз-оздан тухум оқи ва ун қўшилиб, хамир қорилади. Тайёр бўлганидан сўнг ёғ суртилган ва ун сепилган патнисга қўясиз ва қиздирилган духовкада пиширасиз. Тайёр бўлган пишириқ патнисга олиниб, бўлакларга бўлинади ва устидан шакар пудраси сепилади.

ТУЙИМЛИ КУЛЧАЛАР

3 дона тухум, 200 гр шакар пудраси, 30 гр ванилин шакари, 1 чойқошиқ туйилган долчин, 140 гр бодом, 140 гр ун (иложи борича олий навли), озгина ош содаси (7гр), 140 гр қирилган бисквит ёки печенье.

Шакарли помада: 150 гр шакар пудраси, 2 ошқошиқ қайнатилган сув, 1 чойқошиқ ўсимлик ёғи.

Тухум (тахминан 6 дона) шакар пудраси, ванилин ва долчин билан миксерда аралаштирилади. Сўнг ушбу масаллиққа оз-оздан бодом, ун, ош содаси, бисквит печеньеси солиб, хамир қорилади. Тайёр бўлганидан сўнг ёғ суртилган ва ун сепилган патнисга қўясиз ва ўртача оловда пиширасиз. Тайёр бўлган пишириқ устига шакарли помада суртиб, рулет қилиб ўрайсиз.

Шакарли помада: шакар қайнатилган сувда эритилиб, устига сариёғ солинади ва кўпиртирилади.

РУССЧА КУЛЧАЛАР

150 гр сариёғ ёки маргарин, 3 дона тухум, 250 гр шакар пудраси, лимон цедраси, 70 гр майиз, 70 гр шакар сепилган ёки консерваланган мева, 400 гр ун (олий навли), озгина ош содаси.

Сариёғ ёки маргарини аралаштириб, устига тухум сариғи, лимон цедраси, майиз, майда тўғралган шакарли ёки консерваланган мевалар, тухум оқи кўпиги, ош содаси ва ун қўшиб, хамир қорилади. Тайёр бўлганидан сўнг ёғ суртилган ва ун сепилган патнисга қўйиб, ўрта оловда пиширасиз. Совитилган пишириқ патнисдан олиниб, бўлакларга бўлинади ва устига шакар пудраси сепилади.

Хамирни икки бўлакка бўлиб, кичик ҳажмда ҳам пишириш мумкин.

АСАЛЛИ КУЛЧАЛАР

380 гр ун (олий навли), 15 гр ош содаси, 1 дона тухум, 150 гр шакар пудраси, озгина сув, 1 ошқошиқ асал, 1 чойқошиқ туйилган долчин, 5 дона туйилган чиннигул уруғи, озгина сут, 50 гр шакар сепилган ёки консерваланган мева, 50 гр ёнғоқ.

Тухум оқи кўпиртирилиб, устига шакар қўшилади ва яна аралаштирилади. Ушбу масаллиққа туйилган бодом, майиз, қирилган шоколад, эритилган сариёғ (ёки маргарин) солиб, хамир қорилади.

Тайёр бўлган хамир кекс идишига солиниб, духовкада ўрта оловда пиширилади. Тайёр бўлган кекс совитилиб, устига шакар пудраси сепилади.

ТУХУМ ОҚИДАН ТАЙЁРЛАНГАН КУЛЧАЛАР

5 дона тухум оқи, 150 гр шакар пудраси, 50 гр бодом, 50 гр майиз, 50 гр шоколад, 50 гр сариёғ ёки маргарин, 100 гр ун (иложи борича олий навли).

Тухум оқини шакар билан кўпиртириб, устига озгина бодом, майиз, қирилган шоколад, эритилган сариёғ ва ун қўшиб, хамир қорилади. Сўнг ёғ суртилган ва ун сепилган кекс идишига солиб, қиздирилган духовкада пиширасиз. Тайёр бўлган кекс совитилиб, устига шакар пудраси сепилади.

ЁНҒОҚЛИ КУЛЧАЛАР

6 дона тухум, 150 гр шакар пудраси, 70 гр сариёғ ёки маргарин, 100 гр ун (олий навли), 100 гр туйилган ёнғоқ, лимон цедраси, 50 гр шоколад, 50 гр бодом, 50 гр хурмо.

Тухум оқини шакар билан кўпиртириб, устига сариёғ, лимон цедраси, қирилган шоколад, туйилган ёнғоқ, майдаланган бодом, хурмо ва ун солиб, хамир қорилади. Тайёр бўлганидан сўнг ёғ суртилган ва ун сепилган кекс идишига солиниб, ўртача оловда пиширилади. Тайёр бўлган кекс совитилиб, устига шакар пудраси сепилади.

ОЛМАЛИ НОН

300 гр қирилган олма, 50 гр майиз, 1 чойқошиқ долчин, 2 дона тухум, 120 гр шакар пудраси, 30 гр ванилин, 50 гр сариёғ ёки маргарин, 120 гр ун (иложи борича олий навли), озгина ош содаси.

ШИРИНЛИКЛАР МАМЛАКАТИ

Подняться наверх